Жаҳон | 15:28 / 06.01.2024
5276
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда паралимпиячи Оскар Писториус қамоқдан шартли равишда озод қилинди

Оскар Писториус 2016 йилдан бери бирга яшаган аёлни ўлдиргани учун қамоқда ўтирганди. Уни шартли озод этиш муддати 2029 йилда тугайди.

Фото: Picture Alliance

Жанубий африкалик собиқ паралимпиячи-спортчи, ЖАРда бирга яшаган аёл Рева Стенкампни ўлдиргани учун 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Оскар Писториус деярли 11 йилдан сўнг 5 январ, жума куни шартли равишда озод қилинди. Писториус 2029 йилда жазо муддати тугагунига қадар назорат остида қолади.

Унга спиртли ичимликларни истеъмол қилиш тақиқланган, саёҳат қилиш ва ишлаш учун рухсат олиши керак бўлади. Спортчи, шунингдек, жинсга асосланган зўравонлик ва ғазабни бошқариш дастурларида қатнашиши керак. Писториус амакисининг ЖАР пойтахти - Претория шаҳри нуфузли чеккасидаги Уотерклуфдаги уйида яшаши кутилмоқда. 

Писториусни шартли равишда озод этиш қарори ноябр ойида қабул қилинган. Рева Стенкампнинг онаси Жун собиқ спортчининг муддатидан олдин озод этилишига эътироз билдирмади, бироқ у қамоқдаги даврида «ғазаб билан боғлиқ катта муаммоларига қарши» кураша олганига шубҳа билдирди. 

Қотиллик ва ҳукм 

Оскар Писториус 2013 йил 14 феврал куни эрталаб Рева Стенкампни Преториядаги уйи ҳаммоми эшигидан ўқ узиб ўлдирган. У қизга тўрт марта ўқ узгани айтилади. Спортчининг таъкидлашича, уни ўғри деб тушунган. Айблов томони қотиллик қасддан содир этилганини таъкидлаб, Писториус аввалроқ асоссиз тажовузга мойиллигини кўрсатганини билдирган. 

2014 йилда Писториус қасддан одам ўлдиришда айбланиб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бироқ ҳукм икки марта қайта кўриб чиқилди ва охир-оқибат Писториусга 13 йиллик қамоқ жазоси берилди.

Оскар Писториус - югуриш бўйича олти карра Паралимпия ўйинлари чемпиони. 2012 йилда у Олимпиадада қатнашган биринчи ампутант бўлди. 

Мавзуга оид