Президент ҳузурида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди
Шавкат Мирзиёев 10 январ куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда 2023 йилда қилинган ишлар кўриб чиқилиб, 2024 йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд қилинишича, бугунги кунда Қорақалпоғистон аҳолиси 2 миллион нафардан ошди. Ҳар йили меҳнат бозорига 50 минг киши кириб келади. Давлат раҳбари уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиб, даромадли иш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш кераклигига эътибор қаратди.
Шу мақсадда жорий йилда ҳам кенг кўламли ишлар кўзда тутилган. Хусусан, саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.
2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин иш ўрни очилади.
Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа хизматлар экспорт ҳажмини 160 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш учун хорижий грант жалб қилинади. 6 минг гектар ерга сув тежовчи технология жорий қилиниб, 31 минг гектар лазерли текисланади.
Маҳаллалар инфратузилмаси ва хонадонлар таъмирланади. Юқори технологик тиббий хизматга муҳтож беморлар даволанишига 2,3 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, фуқаролар ташаббуси асосидаги лойиҳаларга 182 миллиард сўм, йил давомида маҳаллий бюджетдан яна 40 миллиард сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги лойиҳаларга 10 триллион сўм берилади.
Президент янги иш ўринлари яратиш бўйича режалар мавжуд салоҳиятга мос эмаслигини таъкидлаб, бу борадаги қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Масалан, 51 та саноат зонасида 775 миллиард сўмлик 71 та лойиҳани бошлаб, 1 мингта иш ўрни яратса бўлади. Ёки 10 минг гектар бўш ерни савдога чиқариб, 20 мингта тадбиркорни жалб қилиш мумкин. Бу 50 минг иш ўрни, дегани. Шунингдек, норуда конларга саноатни олиб кириб, 7,5 триллион сўмлик лойиҳалар ҳисобига 10 минг аҳолини банд қилиш мумкин.
Давлат раҳбари бу борадаги катта имкониятлардан бири туризм эканини таъкидлади. Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берилди. Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Германия, Жанубий Корея, Япония ва Туркиядан мутахассисларни таклиф этиб, ёшларни чет тили, ахборот технологиялари, дизайн, меҳмонхона хизмати каби 17 турдаги замонавий касбларга ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024