Геноцидни тан олмаётган Нетаняҳу, тикланаётган Қорабоғ ва футболга аралашган Милей — кун дайжести
Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг номутаносиб зарбалари оқибатида секторда ҳалок бўлганлар сони 23 минг 357 нафарга етганини маълум қилди. Ярадор бўлганлар сони 60 мингга яқинлашган.
Анклав Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги сутка ичида Ғазода 147 киши ўлдирилган. 243 киши ярадор қилинган.
БМТ Халқаро суди томонидан Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан геноцид даъво қилинган аризаси кўриб чиқилишидан аввал Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу чиқиш қилиб, Исроил Ғазо секторини оккупация қилмоқчимаслиги ва у ердан фаластинликларни депортация қилмоқчи эмаслигини таъкидлаган.
«Исроил Фаластин аҳолисига қарши эмас, ҳамасчиларга қарши курашмоқда ва биз буни халқаро қонунларга тўлиқ риоя этган ҳолда қиляпмиз», деган Нетаняҳу.
Экспертларга кўра, бу баёнот Исроил ҳукуматига халқаро босимни камайтириш учун қилинган.
Эквадордаги вазият
Эквадордаги вазият секин-аста назоратга олинмоқда. 7 январ куни мамлакатдаги бир нечта қамоқхоналарда маҳбуслар исён кўтарган. Бунга сабаб Гуаякил шаҳри қамоқхонасидан «Лос-Чонерос» жиноий гуруҳи етакчиси, Фито лақабли Адолфо Масиас қочиб кетгани бўлган. У ҳанузгача топилмаган.
2023 йилнинг августида ўлдирилишидан пича аввал Эквадор президентлигига номзод Фернандо Вийявисенсио Фито томонидан таҳдидлар бўлаётганини айтган эди.
10 январ куни «Лос Лабо» жиноий гуруҳи етакчиларидан бири 38 маҳбус билан Риобамба қамоқхонасидан қочгани маълум бўлди. «Лос-Лобос» Фернандо Вийявисенсиони ўлдиришни ўз гарданига олган.
Жиноятчилар мамлакат бўйлаб тартибсизликлар уюштирган, одамларни гаровга олишга уринган, полициячи ва ҳарбийларни ўлдирган.
Эквадор қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги раҳбари Хайме Вела Эрасо можаро бошланганидан буён ҳарбийлар ва полициячилар жиноий гуруҳларнинг 329 аъзосини қўлга олгани ва 5 нафарини ўлдирганини хабар қилди. Прокуратура 17 нафар қочқин жиноятчиларга айбловлар эълон қилган.
Дарвоқе, Эквадордаги банан етиштирувчилар ассоциацияси можаро мамлакатдаги банан экспортига мутлақо таъсир қилмаётганини таъкидлаган.
Украинадаги уруш
2024 йил баҳорида Киевга ваъда қилинган 1 миллион артиллерия снарядларини етказиб бериш учун Европа Иттифоқидан учинчи давлатларга қурол экспортини камайтириш ва мудофаа компанияларига босим ўтказиш керак, деган ички бозор бўйича Европа комиссари Терри Бретон.
«Биз бу ваъдада турибмиз, унинг бажарилиши «мутлақо реалдир», деди Бретон. Унинг сўзларига кўра, бу мақсадга эришиш учун Европа Иттифоқи давлатлари учинчи давлатларга қурол экспортини камайтириши, шунингдек, миллий ҳукуматлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун мудофаа компанияларига босим ўтказишини таъминлаши керак», деган Бретон.
Комиссарга кўра, Европа Иттифоқи қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ва 1,5-2 йил ичида бу кўрсаткич бўйича Россия билан тенглашишга қодир.
КХДР Украинадан ядровий каллак элтиши мумкин бўлган баллистик ракеталардан синов полигони сифатида фойдаланмоқда, — деди Жанубий Кореянинг БМТдаги доимий вакили Жунг-Ку Хван.
Россиянинг музлатилган пуллари
Оқ уй Россиянинг 300 млрд долларлик музлатилган пулларини Украина фойдасига мусодара қилишни қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда Bloomberg. Бироз аввал Укарина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба бу пуллар Россия вайрон қилган ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилмаларни қайта тиклаш харажатларининг 80 фоизини қоплашини айтиб ўтган эди.
Жо Байден администрацияси бу қадамни G7, айниқса европалик иттифоқчиларига ҳам тасдиқлатиб олмоқчи, чунки бу пулларнинг 200 миллиарди Европада сақланмоқда.
Бу масала G7 раҳбарларининг 24 феврал куни — Россиянинг Украинага бостириб кирганига икки йил тўлиши муносабати билан ўтадиган йиғилишида яна кўтарилиши кутилмоқда.
Тикланаётган озарбойжон
Озарбойжон 2024 йилда Қорабоғдаги яна 5 та шаҳарга инсонларни доимий яшашга қайтара бошлайди, деган маҳаллий каналларга берган интервюсида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев.
«Қорабоғда ва Шарқий Зангизурда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар туфайли бизга бу ерлардан мажбурий кўчириб юборилган кўплаб инсонларни ўз туғилиб ўсган ерларига қайтариш имконини беради. Бу йил Шуша, Жаброил, Келбажар, Хонканди ва Хўжали каби шаҳарларга одамлар қайтиб бориб жойлашишади. Ағдам, Зангилон, Губадли каби шаҳарларни мажбуран тарк этганларни қайта кўчириш 2025 йилга мўлжалланмоқда», — деган Алиев.
Аргентина футболига тақиқ?!
Аргентина футболи халқаро мусобақалардан четлатилиши мумкин. Бунга сабаб мамлакатнинг янги президенти Хавиер Милейнинг футбол клублари статусларини ўзгартиришга уринаётганлигидир.
Аввалроқ Милий барча футбол клубларини масъулияти чекланган спорт компаниялари деб тан олишни таклиф қилган. Экспертларнинг фикрича, спорт ташкилотларининг автономлигига аралашув Халқаро олимпия қўмитаси ва ФИФА томонидан санкцияларга сабаб бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
14:38
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024