Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг яна бир босим воситаси ва Ироқда «топилган» олтинлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон ва АҚШ уруши давом этмоқда
АҚШ блокадасига жавобан Эрондаги Муҳофизлари корпуси «АҚШ ва унинг иттифоқчиларига фойда келтирадиган барча бошқа экспорт коридорларини» ёпиш билан таҳдид қилди.
«Минтақавий энергия экспортидан ҳамма тенг баҳраманд бўлади ёки у ҳаммадан маҳрум қилинади», дейилади корпуснинг чоршанба кунги баёнотида.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Эрон Ямандаги иттифоқчиси — ҳусийлар билан Қизил денгизга олиб борувчи Боб ал-Мандаб бўғозини ёпишга ишора қилмоқда. Бу эса Вашингтонга қарши янги фронт очади ва дунёдаги энг муҳим иккита энергия йўлини хавф остига қўяди.
Ушбу тор бўғоз Қизил денгизни Адан кўрфази билан боғлайди ва у орқали Саудия Арабистонининг нефт экспорти, глобал юк ташишнинг салмоқли қисми ўтади.
Ҳусийларнинг юқори мартабали мулозими сўзларига кўра, бу чора нефт нархини бир баррел учун 200 долларгача кўтариб юбориши мумкин.
Ҳусийчилар Боб ал-Мандаб орқали глобал савдони бўғиш қўлларидан келишини 2023 йилда – Ғазодаги уруш бошланганда кўрсатишганди.
Кўрфазда ҳарбий харакатлар ҳам давом этмоқда. АҚШ ҳарбийлари сешанба куни кечқурун Ҳўрмуз бўғози ва Эрон қирғоқбўйи ҳудудлари яқинидаги ҳарбий нишонларга 7 соат давомида зарбалар берди. Эрон ҳам бунга жавобан Баҳрайн, Кувайт ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаларини нишонга олди.
Президент Доналд Трамп эса агар Теҳрон музокараларни қайта бошламаса, келгуси ҳафтада Эрон электр станциялари ва кўприкларига зарба бериш билан таҳдид қилди. «Энергетика объектларини охирига олиб қўяман, лекин якунда биз энергетика нишонларига, албатта, зарба берамиз. Кейин навбат кўприкларга келади», деди Трамп Fox News'га берган интервюсида.
АҚШ зарбалари қанчалик узоқ давом этиши ҳақидаги саволга Трамп: «Улар мен етарли деб айтмагунимча давом этаверади», дея жавоб берди.
Трампнинг қўшимча қилишича, АҚШ музокарачилари эронлик ҳамкасблари билан боғланиб, уларга «келишувга эришганингиз маъқул» деб айтишган.
Украина яна рус кемаларини нишонга олди
Украина Азов денгизида кеча тунда амалга оширилган зарбалар натижасида Россияга тегишли яна 11 та кема нишонга олинганини маълум қилди.
Украина дрон кучлари қўмондони Роберт Бровдига кўра, нишонлар орасида бешта танкер, бешта юк кемаси ва битта шатакчи кема бўлган. Унинг таъкидлашича, бундан кўзланган мақсад Россиянинг «соя флоти»га зарар етказиш ва Қримга ёқилғи етказиб берилишини чеклаш бўлган.
Украина ҳарбийларининг даъво қилишича, унинг кучлари сўнгги тўққиз кун ичида Азов денгизида Россияга қарши амалиётларда жами 116 та кемага зарба берган.
Украина дрон ишлаб чиқариш қувватини сезиларли даражада оширди ва Россиянинг энергетика инфратузилмасини, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводларини тобора кўпроқ нишонга олмоқда. Бу эса Россиянинг ишлаб чиқариш имкониятларига путур етказиш билан бир қаторда, уруш ҳиссини россияликларнинг уйларига ҳам олиб кирмоқда.
Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги кема қатновига қилинган ҳужумлар фонида Азов денгизидан ғалла ташиш йўналишлари ўзгараётганини маълум қилди.
Шунга қарамай, расмий Москва ҳозирча Азов денгизида ҳаракатланиш бўйича расмий чекловлар борасида маълумот бермади.
Францияда Бастилия куни тантаналари
Франция ўзининг миллий байрами — Бастилия кунини Украинани қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик рамзи остида кенг нишонлади. Парижда ўтказилган йирик ҳарбий парадда президент Эммануэл Макрон ва хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Парадда Украинани Россия босқинидан ҳимоя қилишда кўмаклашаётган «Кўнгиллилар коалицияси» таркибидаги Европа қўшинлари ва ҳарбий самолётлар чиқиш қилди. Европалик етакчилар ва Володимир Зеленский ҳам тантаналарда меҳмон сифатида қатнашди.
АҚШ ўз мустақиллигининг 250 йиллигини нишонлаётган бир пайтда, Доналд Трамп тадбирга келолмади. Аммо у Макронга ижтимоий тармоқлар орқали табрик йўллади.
Бу Эммануэл Макроннинг президент сифатидаги сўнгги Бастилия куни бўлди. У ўз нутқида Россияга ишора қилиб: «Биз эркинлик ва қонун устуворлигини қадрлаймиз. Биз уларни ҳимоя қилиш учун курашишга тайёрмиз. Ҳар доим, керак бўлса, қон эвазига бўлса ҳам», деди.
Парадда рекорд даражада — қарийб 6,700 нафар ҳарбий, 98 та самолёт, 31 та вертолёт ва 315 та техника қатнашди.
Байрам кунлари Францияда кучли жазирама кузатилмоқда. Парижда ҳарорат 34°C гача кўтарилиши кутилмоқда, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида эса ўрмон ёнғинлари юз бермоқда.
Ҳар йили 14 июлда нишонланадиган ушбу байрам – 1789 йилда Бастилия қалъасининг ишғол қилиниши хотирасига бағишланади.
Ироқда йирик коррупцион иш
Ироқда Коррупцияга қарши кураш бўйича марказий суд қарорига кўра, нефтни қайта ишлаш масалалари бўйича вазир ўринбосари Аднан ал-Жумайлийдан 52 миллион доллар қийматидаги мол-мулк мусодара қилинди ва 375 кг олтин олиб қўйилди. Бундай миқдордаги олтиннинг бозор нархи 30 миллион доллардан ошади.
Коррупцияга қарши кураш бўйича марказий суд расмийсига кўра, операция Курдистон минтақаси расмийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳамда Олий суд кенгаши раисининг бевосита назорати остида амалга оширилган.
Олиб қўйилган олтинлар тергов якунланиб, суд қарори чиққунига қадар Ироқ Марказий банкининг Эмиссия ва ғазначилик департаментига топширилди.
«Ушбу қадам коррупциявий жиноятлар натижасида қўлга киритилган мулкларни қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир», дея таъкидлади судя.
Ушбу улкан бойлик май ойида ҳибсга олинган Ал-Жумайлийга нисбатан давом этаётган тергов ҳаракатлари билан боғлиқ. Собиқ вазир ўринбосари давлат ресурсларини талон-торож қилиш, давлат шартномалари билан боғлиқ қаллобликлар ва пора олишда айбланмоқда. Кейинчалик унинг иқрорлик кўрсатувлари – ноқонуний бойликлар яширилган кўплаб яширин жойларни топишга ёрдам бермоқда.
Испания ва Гибралтар чегараси
Испания ва Буюк Британияга қарашли Гибралтар ҳудудида йўловчилар учун узоқ вақт давомида кескинлик ва норозилик манбаи бўлиб келган чегара назорати бекор қилинди.
Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Брекситдан кейинги узоқ тортишувлардан сўнг, сешанба куни чегара текширувларини енгиллаштириш тўғрисидаги тарихий шартномани имзолади. Чегара тўсиғи бутунлай олиб ташланди.
Гибралтар — Испаниянинг жанубий қирғоғида жойлашган Буюк Британиянинг ўзини ўзи бошқарадиган митти ҳудуди бўлиб, у баҳсли мақомга эга. Испания 1713 йилда Буюк Британияга топширилган ушбу ҳудудга нисбатан ўзининг суверенитет даъвосини сақлаб келмоқда.
Тахминан 40 000 аҳолига эга бўлган Гибралтар ҳар куни у ерга ишга келиб-кетадиган Испаниядан келувчи 15 500 га яқин трансчегаравий ишчиларга таянади. Ҳужжатлар синчиклаб текширилиши сабабли, айниқса Буюк Британия ва Испания ўртасидаги сиёсий кескинликлар даврида қуруқликдаги чегарада узоқ навбатлар юзага келар эди.
Энди томонлар ID карта ёрдамида чегарадан тез муддатда, муҳр бостирмасдан ўта олади. Мазкур келишув амалда ушбу ҳудудни Европа Иттифоқининг Шенген визаси ҳудудига киритади. Шу боис энди Гибралтар аэропортига қўнадиган йўловчилар ўз паспортларини ҳам Гибралтар, ҳам Испания чегара хизмати ходимларига кўрсатади.
Мавзуга оид
14:35 / 14.07.2026
Ҳўрмузни талашаётган АҚШ ва Эрон, Россияга қарши антибаллистик коалиция – кун дайжести
15:39 / 13.07.2026
Эрон Ҳўрмузни яна ёпди, Зеленский ҳукуматни алмаштирмоқчи – кун дайжести
14:32 / 10.07.2026
Германияда жазирамадан 5 минг киши ўлди, Хитой «Бави» тўфонига тайёрланмоқда – кун дайжести
15:32 / 09.07.2026