Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Эрон уруши
АҚШ чоршанба куни Эронга қарши янги зарбалар тўлқини бошлаганини маълум қилди. Президент Доналд Трамп эса Теҳронга «ўзини яхши тутиши лозимлиги» ҳақида огоҳлантириш берди.
АҚШ Марказий қўмондонлигига кўра, 90 дақиқа давом этган зарбалар тўлқини — Эроннинг қирғоқ мудофааси тизимлари ҳамда ушбу оролдаги қанотли ракеталарни сақлаш, учириш майдонларини нишонга олган. Иккинчи тўлқинда Эроннинг қўмондонлик марказлари, ракета ва дрон салоҳиятига, жумладан, Бандар-Аббос шаҳридаги объектларга зарбалар берилди.
Эрон ОАВлари пойтахт Теҳронда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаганини хабар берди. Аҳвоз шаҳрида эса ракета зарбалари туфайли шифохоналардан бири эвакуация қилинди.
Эрон эса дронлар ёрдамида АҚШ армиясининг Иорданиядаги алоқа тизимлари ва омборхоналарини нишонга олди. Иордания ОАВлари ўз ҳарбийлари 8 та дронни уриб туширганини, ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини айтмоқда.
Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф давлат ОАВларига берган баёнотида агар келишувдан фойда кўрилмаса, ундаги мажбуриятларга риоя қилиши учун «ҳеч қандай сабаб» йўқлигини айтди.
Доналд Трамп чоршанба куни зарбалардан кейин Эрон ҳозир «хурсанд эмаслигини» айтди: «Улар келишувга эришишни жуда ҳам хоҳламоқда. Биз қилаётган ишлар уларга умуман ёқмаяпти. Биз улар билан келишув имзолашни хоҳлаймизми ёки барчасига чек қўямизми — буни тез орада билиб оламиз», деди АҚШ етакчиси.
Тўқнашувларга қарамай, Трамп Теҳрон томонидан америкалик маҳбуснинг озод этилишини — ярашиш йўлидаги потенциал қадам сифатида олқишлади. АҚШ президентининг сўзларига кўра, ушбу фуқаро 2024 йил декабр ойида «ноқонуний равишда ҳибсга олинганди».
Россияда мигрантларга яна бир босим
Россияда тарқалган ксенофобик қарашлар фонида мигрантлар устидан назорат ва уларга нисбатан камситувчи нормалар кучайиб бормоқда. Хусусан, келажакда Россияга борувчи мигрантлар мобил телефон сотиб олишга мажбур бўлади, бу орқали ҳукумат уларни кузатиб бориши мумкин. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари Игор Зубов маълум қилди.
















