Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Эрон уруши давом этмоқда
АҚШ ва Эрон кучлари ўртасида якшанба куни ҳам шиддатли ракета ва дрон ҳужумлари давом этди. Бу галги зарбалар суръати ва кўлами жиҳатидан кескинлашуви билан ажралиб турди.
Теҳрон шанба куни кечқурун рухсат этилмаган йўналишда ҳаракатланаётган кемага қарата огоҳлантирувчи ўқ узди ва Ҳўрмузни ёпди. Якшанба куни эса иккинчи кемани ҳам сафдан чиқарди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги ўз баёнотида Эронга қарши қўшимча зарбалар бериш бошланганини, бу чоралар «уларнинг Ҳўрмуздан ўтаётган кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини заифлаштириш» мақсадида эканини маълум қилди.
Шунингдек, Centcom расмийси АҚШ самолётлари Эроннинг қанотли ракетаси ва камикадзе дронини уриб туширганини айтди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга берилган зарбаларга тўхталиб: «Биз уларни тор-мор қиляпмиз», деди Reutersʼга берган қисқа изоҳида.
Эрон оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, бўғозда ҳарбий объектлар жойлашган Сирик ва Бандар-Аббос порт шаҳарлари ҳамда Қишм оролида ракета ҳужумлари ва портлашлар содир бўлган.
АҚШ ҳужумларига жавобан Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Иорданиядаги қўмондонлик-назорат маркази ва дрон ангарларини йўқ қилганини билдирди. Шунингдек, Кувайтдаги АҚШ радари ва ракета учириш тизимлари, Уммондаги АҚШ авиаташувчиларини қўллаб-қувватлаш ва ёнилғи қуйиш платформаларига ҳужум қилинган. Эрон Қатардаги самолётларга техник хизмат кўрсатиш маркази ва қўмондонлик объектини ҳам вайрон қилганини даъво қилди.
«Бир томонлама келишувлар даври тугади. Биз сизга айтган эдик: ваъдангиз устидан чиқинг ёки бадал тўланг. Ҳақиқат эшик қоқмоқда», деб ёзди Эрон бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф.
Қатар портлаш парчалари тушиши натижасида уч киши, жумладан, бир бола жароҳатланганини маълум қилди. Расмий Доҳа ушбу ҳужум учун «тўлиқ ҳуқуқий жавобгарлик» Эрон зиммасида эканини таъкидлади. Умуман олганда, Эроннинг сўнгги жавоб ҳужумларида 6 та давлат — Иордания, Қатар, БАА, Уммон, Баҳрайн ва Кувайт ҳужумлар тўлқини ҳақида хабар берди.
















