Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Саудия–Яман можароси кескинлашмоқда

Халқаро тан олинган Яман ҳукуматининг кучлари Эрондан ҳусийлар делегациясини олиб келаётган самолётнинг қўнишига йўл қўймаслик учун 13 июл куни Сано аэропортининг учиш-қўниш йўлагини бомбардимон қилди.

Яман мудофаа вазири аввалроқ ҳукумат кучлари ҳаво ҳудудини бузган ҳар қандай «душман самолётига барча мавжуд воситалар билан» жавоб беришини айтганди.

«Ҳусий гуруҳлари Яман миллий самолётларининг пойтахт Сано аэропортига қўнишига тўсқинлик қилди. Шунингдек, Эрон самолётининг Яман ҳаво ҳудудини бузиб киришини талаб қилди. Шунинг учун аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги нишонга олинди», дейилади ҳукуматнинг душанба кунидаги баёнотида.

Зарбаларга қарамай, кун охирига келиб Теҳрондан ҳусийлар делегациясини олиб қайтаётган самолёт Ҳудайдага қўнди.

Сано аэропортига берилган зарбалардан кейин ҳусийлар ҳужумда Саудия Арабистонини айблади ва бунга муносиб жавоб қайтаришларини билдирди. Эрон ҳам ушбу зарбаларни қоралади. Саудия Арабистони расмийлари эса ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Шундан сўнг, душанба куни кечқурун Ямандаги Саудия бошчилигидаги кучлар ҳусийлар томонидан отилган баллистик ракеталарни тутиб қолганини маълум қилди.

Ҳусийларнинг ўзи эса Саудия Арабистони жанубидаги Абҳа халқаро аэропортини нишонга олиб, баллистик ракеталар ва дронлар ёрдамида ҳарбий операция ўтказганини маълум қилди. Ҳозирча Саудиядаги аэропортга етказилган зарар бўйича тасдиқланган маълумотлар йўқ.

Абҳа минтақаси – Саудия Арабистони жанубидаги тоғли ва Яман билан чегарадош бўлган, саудияликлар ёзги иссиқдан қочиш учун борадиган ҳудуд ҳисобланади.

Ҳусийлар ҳарбий матбуот котиби Яҳё Сарий барча авиакомпанияларни Саудия Арабистони ҳаво ҳудуди узра учмасликдан огоҳлантирди.

Ушбу ҳужумлар 2022 йилдаги норасмий сулҳдан кейин қиролликка қарши амалга оширилган биринчи расмий тасдиқланган ҳужум бўлди ва минтақада кескинликни оширмоқда.

АҚШ–Эрон уруши қайта бошланди

АҚШ ҳарбийлари душанба куни тунда президент Трамп кўрсатмаси билан Эронга қарши кетма-кет учинчи кеча ҳаво зарбалари берди. Марказий қўмондонлик маълумотига кўра, 12 июл куни Бандар-Аббосдаги денгиз базасига қилинган ҳужумда илк бор учта учувчисиз денгиз дрони ишлатилган. Бу АҚШ армияси тарихида денгиз дронлари қўлланган биринчи ҳужум операцияси сифатида қайд этилди.