Жамият | 22:26 / 11.01.2024
24793
3 дақиқада ўқилади

Telegramʼда аёлларнинг уятли суратларини тарқатиш билан шуғулланган шахсларга ҳукм ўқилди

Улар Telegramʼда “Hello Tashkent, salam Tashkent” номли канал ва гуруҳларни ташкил этиб, уларга жойланган тасвирларни ўчириш эвазига товламачилик йўли билан фуқаролардан пул талаб қилиб келган.

Фото: Видеодан кадр

2024 йил 11 январ куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида аёлларнинг уятли суратларини тарқатиш билан шуғулланган ва суратларни ўчириш учун пул талаб қилиб келган шахсларга ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Судланувчилар Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилган:

  • 130-модда 2-қисми “б” банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган порнографик маҳсулотларни тарқатиш);
  • 139-модда 3-қисми “а”, “г” бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
  • 140-модда 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш);
  • 141−3-модда 2-қисми “б”, “в” бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш)
  • 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик).

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ гуруҳ аъзоларига 3 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, жиноят воситаси деб топилган Telegramʼдаги тегишли каналлар ва аккаунтлар Рақамли технологиялар вазирлиги орқали блокланиши белгиланган.

Маълумот учун, 2023 йил май ойида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан Телеграмʼда “Hello Tashkent, salam Tashkent” номли канал ва гуруҳларни ташкил этиб, уларга фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеотасвирларни жойлаштириб келган гуруҳ аниқланиб, қўлга олинганди.

Ўшанда ушбу шахслардан жабрланган фуқаролар 102 қисқа рақамига хабар беришлари сўралганди. Олий суд сайтидаги маълумотларга кўра, суд ишида 62 киши жабрланувчи ва даъвогар бўлган. Улардан 55 нафарини аёллар ташкил этган.

Мавзуга оид