Жаҳон | 22:10 / 11.01.2024
5989
3 дақиқада ўқилади

Зеленский мамлакатни ноқонуний тарк этган украиналикларни қайтишга ва ёрдам беришга чақирди 

Сафарбарлик ёшидаги эркаклар Украинага ёрдам бериши керак, ҳеч бўлмаганда солиқ тўлаш билан, деди Зеленский. 

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский чет элга ноқонуний кетган, сафарбарлик ёшидаги украиналик эркаклар қайтиб келиб, давлатга ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Таллинда, Эстония бош вазири Кая Каллас билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

Зеленскийга Эстония ҳарбий ёшдаги украиналикларни сафарбарлик учун Украинага қайтариб юбориши керакми, деган савол берилди. Бунга жавобан президент Россиянинг кенг кўламли босқинининг бошида Украинани турли жинс ва ёшдаги аҳоли тарк этгани, мамлакат расмийлари бунга аралашмагани, чунки кейин нима бўлишини ҳеч ким билмаганини айтди. 

Бироқ, вазият ўзгарди, деди Зеленский, шунинг учун «сафарбарлик ёшидаги украиналиклар, айниқса, мамлакатни ноқонуний тарк этганлар қайтиши керак». 

«Биз уруш бошида йўқотилган ҳудудларнинг 50 фоизини қайтардик. Йигитларимиз эса икки йилдан бери курашмоқда. Айни пайтда эса чегарани қоидалар ва қонунга зид равишда кесиб ўтганлар бор. Агар улар сафарбарлик ёшида бўлса, Украинага ёрдам бериши керак ва улар Украинада бўлиши керак», деди Зеленский. 

Украина раҳбари сўзларига кўра, ватанга ёрдам бериш учун фронтга бориш шартмас, бошқа йўллари ҳам бор. 

«Агар сиз Украинада бўлсангиз ва фронтда бўлмасангиз, лекин ишлаётган бўлсангиз - қаерда ишлашингиздан қатъи назар, ишласангиз ва солиқ тўласангиз, давлатни ҳам ҳимоя қиласиз. Ва бу жуда зарур. Лекин сиз чет элда бўлсангиз ва сафарбарлик ёшида бўлсангиз ва фронтда бўлмасангиз ва солиқ тўламасангиз ва қонунга зид равишда чегарадан ўтган бўлсангиз, унда саволлар туғилади», деди Зеленский. 

Зеленский солиқ тўлаш муҳимлигини, акс ҳолда «ҳарбийлар учун пул бўлмаслигини» таъкидлади. 

«Агар пул бўлмаса, ҳарбий бўлмайди, Украинани ҳимоя қиладиган ҳеч ким бўлмайди. Бу ҳаёт қоидалари», деди у. 

Россия босқинининг давом этаётгани фонида Украина ҳукумати мамлакатда сафарбарлик ва ҳарбий рўйхатга олиш қоидаларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Украина парламентига 2023 йил 25 декабрда киритилган. Ҳужжатда, жумладан, чақирув ёшини 25 ёшга тушириш, электрон чақирув қоғозлари юбориш, шунингдек, хорижда истиқомат қилувчи ҳарбий хизматга мажбур бўлган украиналикларни рўйхатга олишни жорий этиш ва чақирувдан қочганлар учун чекловларни кучайтириш таклиф этилади. Лойиҳа Украинада жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди ва 11 январ куни қайта кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига қайтарилди.

Мавзуга оид