“Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Хитойдаги кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти. Ўзбекистонда ҳам кўмир сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар берилмоқда”, дейди масъуллар.

Экология вазирлиги эълон қилган таҳлилларда Тошкент шаҳри ҳавосининг қиш ойларида ифлосланишига айрим ташкилот ва корхоналарнинг кўмир ва мазут билан ишлаётгани асосий сабаб қилиб кўрсатилганди. 2023 йил қиш ойидаги энергетик коллапс сабаб электр энергиясини тежаш учун 5 мингдан ортиқ муассасалар кўмирга ўтказилиши ҳақида қарор чиққан эди.

Kun.uz мухбири Экология вазирлигида ўтган матбуот анжуманида шу қарор қабул қилинганда вазирлик қандай муносабат билдирганини сўради.

Ўшанда нега Экология вазирлиги бу қарорга қарши чиқмади? Агар таклифни Энергетика вазирлиги берган бўлса, вазирлик сизлардан хулоса олганми?” – деган савол берилди.

Экология вазирлиги экологик сиёсат бошқармаси бошлиғи Фаррух Сатторов буни ўтган йилдан бошлаб дунёда энергетик кризис кузатилгани, ривожланган давлатлар ҳам кўмирга ўтгани билан изоҳлади.

Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Ва бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Мисол учун Хитойни гапираётган бўлсангиз, кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти. Иқтисодиёт ҳам ривожланяпти, кўмир масаласига келадиган бўлсак, вазирлик сифатида биз “Ўзбеккўмир” билан ишлаяпмиз, кўп таклифларни кўмир сифатини яхшилаш бўйича Энергетика вазирлигига беряпмиз. Чунки кўмирнинг сифати яхши эмас эди, маълум бир стандартлар, тавсиялар бериляпти”, – деди Сатторов 12 январ куни ўтган матбуот анжуманида.

Саволга жавобни давлат Экологик назорат инспекцияси вакили Хуршид Пиров тўлдирди. Мутахассиснинг таъкидлашича, вазирлик очиқча қаршилик кўрсатмаган бўлса ҳам, кўмир ташламалари назоратини олиб боряпти ва йирик завод, фабрикаларга кўмирдан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берган.