Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мақсадига етолмаётган Исроил, Россия ғалабасидан чўчиётган ва рус газидан қутулган Европа — кун дайжести
Сўнгги кун мобайнида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотлари билан одатий кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
АҚШ, Миср ҳамда Қатар Исроил ва ҲАМАСни можарони босқичма-босқич дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди — The Wall Street Journal
Бунда иш гаровга олинганларнинг озод қилинишидан бошланиши керак, алалоқибатда Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан чиқарилиши ва урушнинг тугаши билан якунланиши керак. Бу таклиф қуролли можарони ҳал этишга янгича ёндашувдир, дея қайд этади газета.
Аммо Миср томонига кўра, Исроил ҳозиргача урушни тўлиқ тугатиш масаласини муҳокама қилишдан бош тортиб келмоқда.
ҲАМАС эса Исроилга қарши ойлар давомида кураша олиш қобилиятига эга, дейилади АҚШ разведкаси докладида. Америка махсус хизматининг баҳолашларига кўра, гарчи Исроилнинг ҳаводан ва ердан Ғазога қақшатқич ҳужумларига қарамасдан, 7 октябрдан буён ҲАМАС ўз жангчиларининг бор-йўғи 20-30 фоизидан айрилган.
Бу баҳолашлар Исроилнинг ўз олдига қўйган — Фаластиндаги ушбу ҳаракатни йўқ қилиш мақсадига унчалик мос келмаяпти.
The Wall Street Journal нашрининг Америка разведкасига ҳавола қилиб хабар беришича, ҲАМАС ҳамон Исроил қўшинларига қарши курашишга қодир ва Исроилга бир неча ойлар давомида ракеталар ёғдира олиши мумкин.
Исроил расмийлари бирор далилларсиз ҲАМАСнинг 16 минг аскари ярадор бўлгани ва уларнинг ярми қайта уруша олмаслигини айтмоқда. Бироқ АҚШ баҳолашларига кўра, ярадорлар 10,5–11,7 мингни ташкил этади ва уларнинг аксарияти сафга қайтиши мумкин.
Январ ойида АҚШнинг махфий докладида ва Исроил баҳолашларига кўра, ҲАМАС сафида 25–30 минг жангчи бўлгани қайд этилган.
Европа Иттифоқи Исроилни ҲАМАСни молиялаштирганликда айблади. Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Исроил қачонлардир Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластиннинг ФАТҲ ҳаракати ҳокимиятини сусайтириш учун ҲАМАСга молиявий ёрдам берганини эслатди. Натижада оккупацион ҳокимият ўзининг келгусидаги душманини ташкил этиб, таъминлаб келган.
«Исроил Фаластинга қарши курашишга шунчалик киришиб кетганки, ўзи ҲАМАСни яратган. Ҳа, Исроил ҳукумати ФАТҲ томонидан бошқарилаётган Фаластин маъмуриятини сусайтиришга уриниб кўриш учун ҲАМАСни молиялаштириб келган», — деган Боррел.
Исроил устидан суд
Белгия БМТ халқаро судига Жанубий Африка Республикасининг Исроилни геноцидда айблаб берилган шикоят аризасини қўллаб-қувватлади.
Белгия ҳамкорлик масалалари бўйича федерал вазири Каролин Геннез унинг мамлакати БМТ халқаро судининг қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.
«Белгия Халқаро суд томонидан кўриб чиқилаётган ишни тўлиқ қўллаб-қувватлайди, агар суд Исроилдан Ғазога нисбатан ҳарбий операцияни тўхтатишни талаб қилса, мамлакатимиз бу қарорни ҳам қўллайди», – деб ёзган Геннез.
Қайд этиб ўтиш керак, суд масаласида қўшнилари — Исроилни қўллаётган Германия ва Франциядан фарқли ўлароқ, Белгия принципиал позицияда турган кам сонли Европа давлатларидан бири бўлди
Дарвоқе, ЖАРдан сўнг халқаро судга Исроилни геноцидда айблаб Чили, Мексика ва Никарагуа ҳам мурожаат қилишини билдирган.
Ўтган йилнинг ноябр ойида яна бир халқаро суд — Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Исроил томонидан Фаластин ҳудудида 2014 йилнинг 13 июнида содир этилган ҳарбий жиноятлар борасида тергов-суриштирув ишлари бошланганини эълон қилган эди.
Қизил денгиздаги вазият
Ҳусийчилар Яманга қарши коалиция қўшинларининг мамлакат қирғоқларига денгиз десанти ташланишига йўл қўймаслик учун Қизил денгизга кемаларга қарши миналар ўрнатишни бошлаган.
Sky News хабарларига кўра, АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямон ғарбига берган авиазарбалари чоғида исёнчи ҳусийчилар, «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси офицерларидан иборат 75 дан зиёд инсон ўлдирилган.
Россия-Украина уруши
Британия разведкаси маълумотларига кўра, сўнгги 5 кун ичида Украина фронтида Россиянинг ҳарбий техникалари борасидаги йўқотишлари 88 фоизга ошган. Хусусан Россия армияси танкларидан икки баробар кўпроқ ажрала бошлаган.
19 январ куни бутун фронт бўйлаб Россия қўшинларининг ҳужумлари миқдори 27 фоизга ошгани кузатилган. Хусусан, бир сутка ичида РФ қуролли кучлари 81 марта ҳаводан зарба берган, 45 та ракета зарбаларини амалга оширган.
Сўнгги икки ҳафта ичида русларнинг бутун фронт бўйлаб қарши ҳужумга ўтиш кампанияси интенсивлиги ошгани кузатилмоқда. Британия разведкасининг қайд этишича, бунга сабаб тупроқнинг музлаганидир. Бу зирҳли техникага лойга ботмасдан далалар бўйлаб илгарилаш имкониятини яратади.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг фикрича, мудофаага ўтиш можаронинг музлатилишига олиб келади
«Мудофаа урушини олиб бориш нореал. Мудофаа позициясига ўтиш можаронинг музлатилишига олиб келади. Биз бунга 2014 йилдан буён гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Биз ҳеч қачон Путин билан музлатилган можарога рози бўлмаймиз», — деган у Le Figaro нашрига берган интервюсида.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Украина Россиядан енгилса, Россия жаҳондаги ғалла экспортининг 30 фоизини ўз назоратига олади.
Париж вакиллари жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори келажагидан кутилмаларини шу тарзда эълон қилди. Яъни улар Россиянинг ғалабаси Россия ғалласи экспорти ҳажми ошишига олиб келади, деб ҳисобламоқда. Бу эса Франциядаги инфляция ва озиқ-овқат кризисини оширади.
Агар АҚШ Конгресси Украинага ҳарбий ёрдамни маъқулламаса, Россия бир неча ҳафта ичида ғалаба қозониши мумкин, деган NBC News манбалари.
АҚШ қонунчилари билан ёпиқ учрашувда бундай баҳолашни президент Байден маслаҳатчиси Жейк Салливан ва Миллий разведка раҳбари Эврил Ҳейнс келтирган. Баёнотга кўра, яқин ҳафталар ичида Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими артиллерияси учун ўқ-дорилар тугай бошлайди.
Газ қуллигидан қутулган Европа
Европада газ нархи кескин тушиб кетди. 2023 йил давомида нархлар 63 фоизга, 2024 йилнинг дастлабки 20 кунида яна 12 фоизга пасайган, деб ёзади Bloomberg нашри.
17 январ куни газ нархи сўнгги 5 ой ичида минимумгача пастлаган ва 1 MWh (мегаватт-соат) учун 28,23 еврога ёки минг метр кубига 322 долларгача пасайган.
Бунга сабаб қуёш панеллари, шамол генераторлари ва атом энергетикасига киритилган инвестициялардир. Газ энергия ишлаб чиқариш учун аввалги аҳамиятини йўқотган. Трейдерлар «газ бозоридаги қиш тугади, чунки газ омборлари лиммо-лим тўла», деб қайд этишмоқда.
Лекин шунга қарамасдан, Европада газ билан боғлиқ муаммолар 2024 йилнинг охирига бориб бўй кўрсатиши мумкин. Чунки ўшанда Россия ва Украина ўртасида газ транзити тўғрисидаги шартнома ниҳояланади. Гарчи АҚШ, Қатар ва Норвегиядан сиқилган табиий газ етказиш учун катта инвестициялар киритилаётганига қарамасдан, янги қувватлар 2025–2026-йиллардан аввал ишга тушмайди.
Дарвоқе, газ борасида яна бир хабар. Россияда Путиннинг дўсти Геннадий Тимченкога тегишли «Новатек» компаниясининг йирик газ терминалига дронлар ҳужум қилгани айтилмоқда. Айнан шу терминал орқали Россия 2023 йил декабр ойида Urals (Юралс) нефтининг 85 фоизини Туркияга экспорт қилиб келмоқда. Шу сабаб портлашлар чоғида терминал яқинида бошқа буюмлар қаторида турк танкери ҳам бўлган.
Мавзуга оид
16:00 / 18.06.2026
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026