Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Хоминаийнинг уч ўғли кўриниш берди

5 июнь кунги дафн маросимида Эроннинг марҳум раҳбари Али Хоминаийнинг уч ўғли кўриниш берди. Эрон давлат телевидениеси Теҳрондаги йирик диний мажмуа — Катта Мусалло ҳовлисида тизиб қўйилган тобутлар ортида Мустафо, Майсам ва Масъуд Хоминаий дуо қилаётганини намойиш этди.

Уларнинг отаси – Али Хоминаий оиланинг бошқа бир неча аъзолари билан Исроилнинг 28 февралдаги авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлганди.

Маросимда Эрон президенти Масъуд Пезишкиён ва парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳам тобутлар ортида дуо қилишгани кўринди.

28 февраль кунги ҳужумда яралангани айтилаётган Мужтаба ҳали ҳам жамоатчилик орасида кўриниш бергани йўқ: унинг бирор-бир сурати ҳам эълон қилинмади.

Reuters манбаларига кўра, Мужтаба Хоминаийнинг юзи жиддий жароҳатланган ва унинг бир ёки иккала оёғи оғир шикастланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда унинг яқин атрофидагилар агентликка маълум қилган.

Якшанба кунга келиб яна ўн минглаб аҳоли, жумладан ҳарбийлар, диний мадраса талабалари ҳамда оддий халқ марҳумларга ҳурмат бажо келтириш учун Мусаллога оқиб келди. Улар қўлларида Америка ва Исроилдан ўч олиш ваъдалари битилган байроқларни ҳилпиратиб туришганди.

Эрон метро тармоғи расмийларининг маълум қилишича, одамлар марказга оқиб келиши натижасида шанба оқшомидан якшанба тонгигача 7 миллион йўловчи ташиш қайд этилган.

Хоминаийнинг жасади пайшанба куни – Машҳаддаги навбатдаги мотам юришидан сўнг, Имом Ризо мақбараси яқинига дафн этилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп дафн маросими билан боғлиқ тадбирлар сабабли Эрон билан тинчлик музокаралари бир ҳафтага тўхтатилганини маълум қилди.

Россия-Украина уруши

Душанба куни эрта тонгда Россия ракеталар ва дронлар билан Киевга зарба берди. Оқибатда камида тўққиз киши ҳалок бўлди, кўп қаватли турар жой бинолари ва бошқа иншоотларга жиддий зарар етди.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг сўзларига кўра, пойтахт бўйлаб жами 46 киши жароҳатланган. «Афсуски, бу якуний рақамлар эмас», деди у.