Жаҳон | 13:23 / 24.01.2024
1665
2 дақиқада ўқилади

Украинага ёрдам Италиянинг G7’даги раислиги устувор йўналишларидан бири бўлади

2024 йилда G7’га раислик қилувчи Италия Украинага ёрдам беришни кун тартибининг асосий мавзусига айлантиришга қарор қилди.

Фото: AP

Италия Украинани қўллаб-қувватлаш ва сунъий интеллектни тартибга солишни 2024 йилда «Катта еттилик»да раислигининг устувор йўналишларига айлантирмоқчи, деб хабар берди Reuters 23 январ, сешанба куни Римдаги ҳукумат манбасига таяниб

Украинадаги уруш контекстида G7’нинг мақсади Киевни ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ишонтириш ва Россияга ҳеч қандай заифлик белгиларини кўрсатмаслик бўлади, деб ёзади агентлик. Бу йилги G7 саммитидаги бошқа мавзулар орасида - Яқин Шарқдаги можаро, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, Африка ривожланиши ва Хитой билан алоқалар бор, деб ёзади Reuters. 

G7 етакчилари саммити июн ойи ўрталарида Италиянинг Апулиясида бўлиб ўтади. Жорий йилда вазирлар даражасида G7’нинг жами 20 та учрашуви ташкиллаштирилади. Март ойи ўрталарида саноат, технология ва рақамлаштириш ҳақида муҳокамалар ўтказилади. Кейинчалик сунъий интеллект масаласи кўтарилиши мумкин. Reuters манбасига кўра, вазирлар технологиянинг иш ўринларига таъсири, шунингдек, сунъий интеллектнинг ахлоқий жиҳатларини муҳокама қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид