10:51 / 25.01.2024
4083

Британия TAURUS ракеталари бўйича Германия учун ечим топди

Британия Берлинга уни TAURUS ракеталари билан таъминлашни таклиф қилди ва бунинг эвазига у Storm Shadow ракеталарини Украинага топширишга тайёр. Германия ҳукумати ҳозирча бу таклифга жавоб бермади, деб хабар қилди Handelsblatt. 

ТАУРУС ракеталари билан Бундесвер қирувчиси Фото: Andrea Bienert/DPA

Лондон ҳукумати Германияга Украинага TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бериш бўйича боши берк кўчадан чиқиш йўлини таклиф қилди: Германия TAURUS’ни Британияга экспорт қилади, у эса бунинг эвазига Киевни Storm Shadow қанотли ракеталари билан таъминлайди, деб ёзади Handelsblatt газетаси 24 январ, чоршанба куни дипломатлар ва ҳукумат вакилларига таяниб. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, бу таклиф бир неча ҳафта олдин илгари сурилган. Федерал канцлер идораси Handelsblatt маълумотларига изоҳ беришдан бош тортди. 

Германия канцлери Олаф Шолц Киевга TAURUS ракеталарини етказиб беришни рад этади, ваҳоланки, Германиядаги ҳукмрон коалициянинг қатор сиёсатчилари уни бунга чақирмоқда. Ўтган ҳафта христиан-демократик иттифоқ фракцияси бундестаг орқали TAURUS’ни Украинага ўтказишга чақирувчи резолюцияни қабул қила олмади. 

Storm Shadow ва TAURUS - бир хил нарса эмас 

«Агар бу Украинага ёрдам берса, унда, албатта, халқаро ҳамкорлик доирасидаги вариант бўлади», дея Германия социал-демократик партиясининг мудофаа масалалари бўйича эксперти Андреас Шварц Handelsblatt билан суҳбатда Британия таклифига изоҳ берди. Шу билан бирга, бундестаг мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман Лондон ташаббусига совуққонлик билан муносабат билдирди. «Бундай ҳолатда бундесвер TAURUS ракеталарини йўқотади, Украинада ҳам улар бўлмайди. Storm Shadow TAURUS’нинг ўрнини боса олмайди», деди у. 

Top