23:42 / 30.01.2024
7134

Россия интернетида қисқа муддатли оммавий узилиш содир бўлди

Ихтисослашган каналлар «глобал DNSSEC инфратузилмаси» билан боғлиқ муаммо юзага келганини қайд қилишди. 

Фото: РИА Новости

Россия интернет тармоғида қисқа муддатли оммавий узилиш содир бўлди. Фойдаланувчилар бир қатор операторларнинг интернети тармоғидаги носозликлар, шунингдек, баъзи хизматлар ва сайтларга кириш билан боғлиқ муаммолар ҳақида шикоят қилдилар. Узилиш тахминан 1 соат давом этди. 

Киришда муаммо юзага келган ресурслар орасида фойдаланувчилар «Яндекс», «ВКонтакте» ва Ozon, шунингдек, йирик банклар ва маркетплейслар, оммавий ахборот воситалари веб-сайтларини санаб ўтишди. 

Ихтисослашган «Код Дурова» телеграм-канали RU домен зонасида кенг кўламли носозлик юз берганини ёзди. «Маҳаллий домен зонасида домен номларини резолв қилиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд — қўпол айтганда, DNSSEC ишдан чиқди. Шу сабабли ҳозир Рунетда юзлаб хизматлар ва сайтлар ишламай қолди», дейилади хабарда. 

Network Freedoms Россия расмийлари «мамлакатдаги барча фойдаланувчиларни миллий DNS-серверга кўчиришга ҳаракат қилиши ҳақида узоқ вақтдан бери огоҳлантириб келганини» эслади ва бу ҳозир содир бўляпти, деб хулоса қилди. 

Миллий доменларни бошқарувчи .RU/.РФ доменларини мувофиқлаштириш маркази «глобал DNSSEC инфратузилмаси» билан боғлиқ муаммо мавжудлигини тасдиқлади. 

Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги, шунингдек, .RU зонасида «DNSSEC глобал инфратузилмаси билан боғлиқ» техник муаммо юзага келганини тасдиқлади ва «яқин орада .RU зонасидаги сайтларга кириш қайта тикланишини» маълум қилди. 

Тахминан 1 соат давом этган узилишдан кейин интернет тармоғи фаолияти тикланди.

Top