Жаҳон | 23:38 / 30.01.2024
12419
3 дақиқада ўқилади

Виктор Орбан Европа Иттифоқининг Украинага ёрдамини маъқуллаш шартини айтди

Венгрия бош вазири Украинага ажратиладиган молиявий ёрдам ҳар йили қайта кўриб чиқлишини истамоқда. 

Фото: AFP

Венгрия Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратиш қарорини қўллаб-қувватлайди, бироқ Европа Иттифоқи мамлакатлари бу қарорни ҳар йили тасдиқлаши шарти билан. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан Le Point нашрига берган интервюсида маълум қилди. 

«Биз муроса таклифини беришга қарор қилдик: биз бюджетни ўзгартиришга рози эмасмиз. Биз 50 миллиард евро ажратилишига рози эмасмиз, бу жуда катта қиймат. Биз уни тўрт йилга бериш керак деган фикрга қўшилмаймиз. Аммо, майли, Венгрия йигирма етти [мамлакат] қарорида иштирок этишга тайёр, агар биз ҳар йили бу пулни жўнатиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқсак. Ва бундай қарор худди ҳозиргидек қонуний асосга эга бўлиши керак, яъни бир овоздан қабул қилиниши шарт», деди Орбан. 

Шу билан бирга, у айрим давлатлар Будапешт позициясини йиллик шантаж воситаси сифатида талқин қилаётганидан афсус билдирди. 

«Бизнинг позициямиз шантаж эмас, балки Европа Иттифоқининг бирлигини тиклаш ва сақлаб қолиш ҳақида. Агар сиз кимнидир унга ёқмайдиган нарсанинг бир қисми бўлишга мажбурласангиз ва у иштирок этмаслик ҳуқуқига эга бўлса, унга ҳар йили иштирок этиш ёки этмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини бериш адолатли ва оқилона бўлади», деди Орбан. 

Венгрия бош вазири, шунингдек, Украинага ёрдамни ҳар йили қайта кўриб чиқиш Киевга харажатларни олдиндан режалаштириш имконини бермаслиги ҳақидаги мухолифларнинг фикрига қўшилмаслигини таъкидлади. Орбаннинг сўзларига кўра, «Украинада яқин уч-тўрт ой ичида нима юз бериши» аниқ бўлмаган шароитда бирданига бир неча йилга молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш нотўғри. 

Бундан ташқари, бош вазир Венгрия ҳали ҳам Украинадаги урушни фақат дипломатия йўли билан тўхтатиш мумкинлигига ишонишини таъкидлади. Орбан Европа Иттифоқининг Киевга 50 миллиард евро ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорини «урушнинг кучайиши» деб атади. 

Венгрия бош вазири Виктор Орбан 2023 йил декабрида Европа Иттифоқининг Украинага 50 миллиард евро миқдорида иқтисодий ёрдам ажратиш ҳақидаги қарорини блоклаган эди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи Украинага 20 миллиард евродан ортиқ янги ҳарбий ёрдам фондини яратиш ҳақида ўйлай бошлади. 

Европа Иттифоқи етакчилари 1 февралга мўлжалланган фавқулодда саммитда бу икки масалани кўриб чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи расмийлари Виктор Орбан Украинага ёрдам ажратилишига яна тўсқинлик қилса, бошқа режа ишлаб чиққан. Бошқа нарсалар қаторида, у Венгриянинг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилишига чекловларни назарда тутади.

Мавзуга оид