Жаҳон | 20:15 / 31.01.2024
13757
7 дақиқада ўқилади

Иорданиядаги базага ҳужум. Америка бунга қандай жавоб қайтариши мумкин?

Дрон зарбаси оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Байдендан қатъий жавоб қайтаришни (Эронга зарба беришга қадар) талаб қилишмоқда — аммо АҚШ маъмурияти янги уруш қўзғатишдан хавфсирамоқда.

Фото: Drew Angerer / Getty Images

28 январ тонгида номаълум дрон Американинг Иорданиядаги Tower 22 номли ҳарбий базасига зарба берганди. Ҳужум оқибатида америкалик уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, 40 нафардан ортиғи яраланган. The Wall Street Journal нашри билан суҳбатда бўлган америкалик мулозимнинг сўзларига кўра, дронни Ироқдаги Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланувчи жангарилар учиришган. Кейинроқ Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингҳ бу ҳужумда «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи «излари» кўзга ташланганини айтиб чиқди. Аммо идора ҳозиргача бу ҳужум ортида ким тургани борасида якуний маълумот бермади.

АҚШ президенти Жо Байден ҳужумдан кейин дарҳол америкалик ҳарбийлар бу зарбага жавоб қайтаражагига ваъда берди. Politico нашри Оқ уйдаги икки мулозимга таяниб берган маълумотга кўра, Байден ўз маслаҳатчиларидан навбатдаги ҳужумларнинг олдини олиши мумкин бўлган, шу билан бирга шусиз ҳам вазият мураккаб бўлиб қолаётган минтақада можаро келтириб чиқармайдиган даражадаги жавоб вариантларини тақдим этишни сўраган. «Биз янги уруш изламаяпмиз. Биз эскалацияга интилмаяпмиз. Аммо биз талаб этиладиган ишни албатта амалга оширамиз», — деган АҚШ Миллий хавфсизлиги кенгаши вакили Жон Кирби.

АҚШнинг Иордания шимоли-шарқидаги Tower 22 ҳарбий базасининг сунъий йўлдошдан олинган тасвири, 2024 йил 29 январ
Planet Labs PBC/ AP / Scanpix / LETA

Зарба оқибатида ҳалок бўлганлар — Америка қўшинининг Ғазо секторида уруш бошланганидан буён берган илк йўқотишлари. Пентагон уларнинг шахсини очиқлаган — булар сержант Уилям Жером Риверс ва икки оддий аскар Кеннеди Ладон Сандерс ҳамжа Бреонна Алексондриа Моффетт, уларнинг барчаси Жоржиядаги 718-муҳандислик ротаси ҳарбий хизматчилари эди.

Tower 22 ҳарбий базаси Сурия ва Ироқ билан чегара яқинида жойлашган. Америкалик икки мулозим Reuters билан суҳбатда айтишича, зарба эрта тонгда йўлланган ва турар жой биноси яқинига келиб тушган, жабрланганлар сони кўплиги айнан шу билан изоҳланади. The Wall Street Journal нашрига кўра, ҳарбийлар ҳужумнинг олдини ололмагани бегона дрон базага яқинлашганида америкаликлар дрони ҳам шу ерга қайтаётган бўлгани, бу эса ҳарбийлар таҳдидни аниқлашига тўсқинлик қилгани билан боғлиқ.

WSJ нашри қайд этишича, Оқ уйда камида учта жавоб варианти бор — аммо Байден маъмурияти бу вариантларга бир вақтнинг ўзида Эронга сигнал юбориш истаги, қатъий ҳаракатлар талаб қилаётган конгресс босими ҳамда минтақада янада каттароқ можаро келтириб чиқариш эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда баҳо бериши керак.

Вариантлардан бири — тўғридан тўғри Эрон ҳудудига зарба бериш, Республикачилар партияси вакиллари шунга чақирмоқда. The Wall Street Journal бу сценарийни «бемисл» деб атаган: АҚШ бунгача ҳеч қачон Эрон ҳудудига тўғридан тўғри ҳужум қилмаган. Нашр 1988 йилда президент Роналд Рейган маъмурияти Теҳрон Америка ҳарбий кемасини миналаштирганига жавоб сифатида Эрон кемалари ва денгиздаги нефт платформаларига ҳужумлар уюштирганини эслатган, бироқ ўшанда ҳам Эрон ҳудудидаги нишонлар бўйлаб зарбалар йўлланмаган. 2019 йилда, АҚШ президенти сифатида Эронга нисбатан қатъий сиёсат олиб борган Доналд Трамп америкаликлар дрони уриб туширилишига жавоб тариқасида ушбу мамлакат ҳудудидаги нишонларга зарбалар йўллашни режалаштирганди, аммо кейинроқ бу қарордан воз кечганди. WSJ нашри ёзишича, тўғридан тўғри Эрон ҳудудига зарба берилган тақдирда, минтақавий можаро кенгайиши хавфи мавжуд, Оқ уйдагилар эса бундан қочишни истайди.

Байден маъмурияти жавоб вариантларидан бири сифатида Сурия ва Ироқдаги Теҳронга алоқадор гуруҳларга ёки Форс кўрфазидаги Эрон ҳарбий-денгиз кучлари иншоотларига зарбалар беришни кўриб чиқмоқда, деб ёзади Politico. Ғазо секторида уруш бошланганидан буён Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар Американинг минтақадаги кучларига 160 мартадан ортиқ (66 таси Ироқда, 98 таси Сурияда ва биттаси Иорданияда) ҳужум уюштирилган, аммо Байден жавоб беришда эҳтиёткорлик қилган ва якунда Оқ уй ҳужумларнинг фақат 10 фоизига жавоб қайтарган. Зарбалар асосан Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилаётган ҳусийчиларга қарши қаратилган.

АҚШдаги учинчи вариант — санкциялар ва молиявий босим ўтказиш ричаглари, дея ёзади The Wall Street Journal. Эронга нисбатан аллақачон киритилган кўплаб чекловларга қарамай, Оқ уйда манёврлар қилиш имконияти сақланиб қолмоқда — масалан, энергия маҳсулотлари сотилишида ва Эронга ёрдам бераётган хорижий компаниялар ёки банкларга чекловлар. Хусусан, Хитой корхоналари шу тоифага киради — улар Эрон нефтининг йирик харидорлари ҳисобланади. WSJ қайд этишича, бу ёндашувдаги муаммолардан бири шундаки, Байден маъмурияти Хитойга иқтисодий босимни камайтиришни интилмоқда.

Карнеги фонди ходими ва Яқин Шарқдаги тинчлик бўйича музокараларнинг собиқ иштирокчиси Аарон Дэвид Миллернинг баҳоларига кўра, Байден ихтиёридаги вариантлар «ёмондан янада ёмонга қараб» боради. АҚШ президенти жавоб қайтармаслигининг имкони йўқ, аммо шу билан бирга ҳар бир ҳолатда минтақавий уруш келтириб чиқариш хавфи мавжуд.

Politico нашри қайд этишича, Байден ҳар қандай ҳолатда ҳам президентлик сайловлари йилида америкалик сайловчиларнинг эҳтимолий реакцияси билан ҳисоблашишига тўғри келади. Ҳозирда амалдаги президент Исроил бўйича позицияси туфайли аҳолининг бир қисмининг, айниқса ёшларнинг қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлган. Масалан, президентнинг позицияси Байден сайловолди кампаниясини олиб бораётган Мичиган штатида танқидга учраган. Бу штат аҳолисининг каттагина қисмини келиб чиқишига кўра араб бўлган америкаликлар ташкил этади. Амалдаги президентнинг асосий рақиби, республикачи Доналд Трамп эса Иорданиядаги ҳарбий базага ҳужумни «Жо Байденнинг заифлиги ва таслимчилиги оқибати» деб атади.

Эрон Американинг Иорданиядаги Tower 22 ҳарбий базасига қилинган ҳужумга алоқаси йўқлигини билдирган. «Минтақадаги қаршилик кўрсатиш гуруҳлари ўз қарорлари ва ҳаракатларида Эроннинг буйруқларига қарамайди», — деган мамлакат ташқи ишлар вазирлиги расмийси Носир Хананий. У Теҳроннинг иштироки бўйича айбловларни «асоссиз» деб атаган ва бу айбловлар АҚШни Яқин Шарқдаги янги урушга тортиш учун мўлжалланганини айтган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Байден маслаҳатчилар билан учрашувдан кейин АҚШ ҳарбий базасига учувчисиз учиш қурилмаси билан қилинган ҳужумга жавоб қайтариш бўйича қарор қабул қилганини айтган, аммо бу жавоб қандай бўлишига аниқлик киритмаган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери