Жаҳон | 21:19 / 31.01.2024
9725
9 дақиқада ўқилади

Нобелга илгари сурилган Трамп, музокараларга киришган ҲАМАС ва 14 йилга қамалган собиқ бош вазир — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Исроил агрессияси туфайли ҳалок бўлган фаластинликлар сони ошишда давом этмоқда. Шу кунгача қурбон бўлган аҳоли сони 26 минг 751 кишига етган, деб хабар беради Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги.

65 минг 636 киши турли даражада ярадор бўлган. Сўнгги бир сутка ичида Исроил кучлари томонидан 13 та оммавий қирғин ўтказилган ва унда 114 киши ҳалок бўлган, 249 киши яраланган.

Шу пайтгача ҳалок бўлганларнинг камида 11 минг нафари ёш болалар, 7,5 минги эса аёллар экани маълум қилинмоқда. 

Исроил-ҲАМАС музокаралари

2023 йилнинг ноябр ойида бир ҳафталик оташкесим ва асирларни алмашиш ҳақидаги келишув барбод бўлгач, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги алоқалар узилиб қолган эди.

Гарчи жиддий тўсқинликлар мавжуд бўлса-да, музокараларни қайта тиклаш тўғрисидаги гап-сўзлар сўнгги икки ҳафта ичида яна жонланди.

25 январ куни Исроилнинг Haaretz нашри музокара жараёни билан яқин таниш манбасига асосланиб, ҲАМАС ва Исроил «келишувнинг катта қисми бўйича базавий битимлар»га эришганини айтган. Бу ҳолатда ягона ва муҳим ҳолат — ўт очишни тўхтатиш келгуси музокараларга тўсиқ бўлиб турибди.

Сўнгги хабарларга кўра, ҲАМАС делегацияси гаровда ушлаб турилганларни озод этиш бўйича келишувни муҳокама қилиш учун Мисрга боради. Фаластин ҳаракати делегацияси Қоҳирада Миср расмий шахслари билан гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод қилиш бўйича таклифларни муҳокама қилади. 

АҚШ–Эрон таранглиги

АҚШ президенти Жо Байден Америка Яқин Шарқда урушнинг кенгайишини истамаслигини айтган. У Сурия ва Ўрдун чегарасидаги Америка ҳарбий базасига ҳужумга қандай жавоб қайтарилиши ҳақида гапира туриб, АҚШ бу минтақада урушни авж олдиришни истамаслигини айтган.

Сўнгги икки кун ичида АҚШ Эрон томонга бир нечта мурожаат йўллаган. Бу мурожаатномаларда Вашингтон Эрон томонидан ҳарбий ҳаракатларнинг кенгайтирилиши АҚШ томонидан жавоб ҳаракатларига олиб келиши айтилган, гарчи Америка тотал урушга интилмаётганига урғу берилган бўлса ҳам.

Америка томонининг таҳдидларини рад этар экан, Теҳрон ўз ҳудудига ҳужумни қизил чизиқнинг босиб ўтилиши деб ҳисоблаши ва бундай ҳаракатларга мос жавоб берилишини таъкидлаган. Теҳроннинг жавобига кўра, Эрон уруш учун сабаб қидирмаяпти, лекин Американинг ҳар қандай провокациясига қарши тура олади.

Эслатиб ўтамиз, Американинг Сурия ва Ўрдун чегарасидаги Ат-Танф ҳарбий базасига дронлар ҳужуми натижасида америкалик уч ҳарбий ҳалок бўлган. 40 дан ортиқ аскарлар ярадор бўлган.

Сўнгги бир ой ичида АҚШнинг Суриядаги ҳарбий базаларига 83 марта ҳужум қилинган. АҚШ бу ҳаракалар ортида Эрон турганини иддао қилмоқда. Эрон томони эса бу айбловларни рад этиб, Ироқ ва Суриядаги қаршилик кучлари америкалик аскарларга ҳужум қилаётганини таъкидламоқда. 

Украинага ёрдам

Украина бугундан бошлаб АҚШдан янги GLSDB реактив снарядларини қабул қилиб олиши мумкин, деб ёзади Politico нашри.

Бу юқори аниқликдаги, кичик диаметрдаги реактив снарядлар, яъни бомбалар Boeing компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, Украина мудофаа кучларига етказилиши ўтган йилиёқ анонс қилинган эди.

Музокара жараёнлари билан таниш АҚШ расмийларининг журналистларга ҳикоя қилиб беришича, Пентагон узоқ масофага уча олувчи юқори аниқликдаги бомбалар синовини муваффақиятли ўтказган. Бундай снаярдлар бугундан бошлаб жанг майдонларига етказилиши кутилмоқда.

Бу снарядлар билан Украина қуролли кучлари 160 км наридаги нишонни бехато уриш имкониятига эга бўлади.

Агар АҚШ Украинага ёрдам бериш линиясини сусайтирса, Европа Киевга ёрдам миқдорини кўпайтиришга тайёр туриши керак, деган Франция президенти Эммануэл Макрон

«Биз ўз ҳаракатларимизни шундай режалаштиришимиз керакки, АҚШ суверен танлов қилиб ёрдамни тўхтатса ёки унинг миқдорини камайтирса, бу Украинага ўз таъсирини ўтказмаслиги керак. Гарчи АҚШ ёрдам бераётган бўлса ҳам, Украина энг аввало бизнинг муаммомиз», деган Франция етакчиси

Макронга кўра, 1 феврал куни Брюсселда бўладиган саммит чоғида бюджет муаммолари билан бир қаторда Украинага иқтисодий ва ҳарбий ёрдам масалаларини ҳам муҳокама қилишлари керак.

Франция президентининг сўзларига кўра, Киега ёрдам бериш линияси жанг майдонида “Россия ғалаба қозонмаслиги керак”, деган европача ёндашувга мос келади. 

Венгриянинг шарти

Агар Европа Иттифоқи Украинага ажратиладиган ёрдам миқдорини ҳар йили тасдиқдан ўтказадиган бўлса, Венгрия уни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Венгрия бош вазири Украинага Европа Иттифоқи бюджетидан 50 млрд евролик ёрдам пули учун қарши овоз бермасликка тайёр. Фақат бир шарт билан: бу пуллар бирваракайига эмас, 4 йил давомида ҳар йили якдил овоз бериш йўли билан ажратилиши керак. Яъни Орбан вазиятга қараб ўзининг ветон ҳуқуқидан фойдаланишни сақлаб қолмоқчи.

«Биз муросали ечим таклиф қмлмоқчимиз. Биз бюджет ўзгартирилишига қаршимиз. Биз бирваракайига 50 млрд евролик улкан сумма ажратилишига қаршимиз. Уни бирдан 4 йилга тасдиқланишига ҳам қаршимиз. Лекин Венгрия Европа Иттифоқининг 27 давлати қаторида бунда иштирок этишга рози. Фақат пул ажратишда давом этиши керак ёки йўқлиги ҳар йили тасдиқланиши керак», — деган Орбан. 

Хитой «Толибон»ни тан олди

Хитой Халқ Республикаси афғонистонлик дипломатга элчи сифатида аккредитация берган. ХХР раиси Си Жинпинг Пекинда Афғонистон Ислом Амирлиги элчиси Билол Каримийдан 41 та давлат элчилари қаторида ишонч ёрлиғини қабул қилиб олган.

Хитой раиси Си Жинпинг ва ташқи ишлар вазири Ванг И толибларнинг вакили бўлган дипломатнинг ишларига муваффақият тилаган.

Аввал Хитойнинг Кобулдаги элчиси Жао Синг «Толибон» бош вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ҳасан Охундга ишонч ёрлиғи топширган эди.

Қайд этиб ўтиш керак, сўнгги икки йил ичида жаҳоннинг бирорта давлати «Толибон»ни Афғонистоннинг ҳокимияти сифатида расман тан олмасдан келаётган эди. Гарчи жуда кўп давлатлар ҳаракат билан дипломатик муносабатларни сақлаб турган бўлса-да. 

Трамп — тинчликпарвар?

АҚШнинг собиқ президенти ва янги президентлик сайлови кампаниясида иштирок этаётган Доналд Трампнинг номзоди навбатдаги марта Нобел тинчлик мукофоти учун илгари сурилди.

Бу ташаббусни Конгресснинг Ню-Йорк штатидан сайланган аъзоси Клодия Тенни илгари сурган. Клодия хоним Трамп ушбу мукофотни қўлга киритиши учун Исроил ва бир қатор араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга хизмат қилган «Авраам келишувлари»нинг имзоланишини асос қилиб кўрсатган.

Теннининг сўзларига кўра, АҚШнинг собиқ президенти бу борада мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатлар қилган ва бу ҳол ҳанузгача Нобел қўмитаси томонидан етарли эътиборга олинмаган. 

Аҳволимиз Россиядан яхшироқ

Россия Transparency International томонидан тузилган коррупцияни ҳис қилиш индексида 180 та давлат ичида 141-ўринни эгаллаган. Бу позицияда Уганда, Қирғизистон ва Гвинея ҳам бор.

Бу рейтингнинг дастлабки учлигидан Дания, Финландия ва Янги Зеландия ўрин олган. Сўнгги ўринларга Сурия, Яман, Жанубий Судан, Беларус ва Сомали каби давлатлар жойлаштирилган.

Ўзбекистон 180 та давлат ичида 121-ўринда. Ўтган бир йил ичида мамлакатимиз ўз позициясини 5 ўринга яхшилай олган. 

Собиқ бош вазирга 14 йил

Коррупция борасида эътиборга молик яна бир хабар. Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон коррупцияда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг рафиқаси ҳам шу муддатга қамалган.

Покистон сўзи “Таҳриқи Инсоф” партияси асосчиси, мамлакатнинг собиқ бош вазири ҳамда унинг рафиқасига бу жазо ўтиб чиқилганидан сўнг 10 йил давомида давлат лавозимларини эгаллашни ҳам тақиқлаган. Шунингдек, 787 млн покистон рупияси — қарийб 9,4 млн АҚШ доллари миқдорида жарима ҳам қўлланган.

Покистон юқорида айтиб ўтилган коррупцияни сезиш рейтингида 133-ўриндан жой олган.

Мавзуга оид