Ғазо бўйича музокаралар, қурол-яроғсиз қолаётган Украина ва АҚШ Сенатидаги зиддиятлар — кун дайжести
Сўнгги бир кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан кун дайжестида таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Америка Ғазо секторида давомли оташкесимга эришиш учун саъй-ҳаракат қилмоқда. Шундан сўнг ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш имконияти яратилади. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Берилган маълумотларга кўра Исроил ва ҲАМАС олти ҳафталик оташкесим эвазига Ғазодаги гаровга олинганларни озод қилишни кўзда тутувчи 3 қисмли келишувни кўриб чиқмоқда.
АҚШ Исроил ва ҲАМАСдан узоқ муддатли сулҳга эришишни ва бу йўлда ўт очишни тўхтатиш бўйича бир тўхтамга келишни талаб қилмоқда, деб ёзади нашр.
Al Hadath телеканали берган хабарларга кўра, ҲАМАС Исроил қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳбусларнинг босқичма-босқич озод этилиши эвазига гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод этишга розилик берган.
Axios порталининг хабар беришича, АҚШ давлат департаменти Фаластин давлатини тан олиш масаласини ўрганиб чиқмоқда.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен давлат департаментига Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушдан сўнг Вашингтон томонидан Фаластин давлати тан олинишининг эҳтимолли вариантларини таҳлил қилиш ва таклиф қилиш вазифасини топширган.
Урушни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқларга қарамасдан Ғазода қирғин давом этмоқда ва урушда жабрланганлар сони 100 мингга яқинлашмоқда.
7 октябрдан буён ўлдирилган фаластинликлар сони камида 26 минг 751 нафарга етган. Ярадорлар сони 66 мингдан ошган. Ғазодаги вайроналар остида минглаб инсонлар бедарак йўқолган. Уларнинг аксарият қисми аллақачон ўлган.
Фаластин ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг оммавий қирғинларини тергов қилишга чақирди. Вазирлик Ғазодаги мактаблардан бирида кўзлари боғланган ҳолда 30 та жасад топилганини ўз хатида билдириб ўтган.
Қизил денгиздаги вазият
АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳудудида маҳаллий сунний ҳукуматга қарши бош кўтарган ва мамлакатнинг шимолий ғарбий қисмини ўз назоратига олган шиа исёнчи ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати объектларига навбатдаги зарбалар сериясини берган. Бу ҳақда ҳусийчиларга тегишли Al-Masirah телеканали хабар берган.
Al-Mayadin телеканали мухбирининг хабар беришича, америкалик ва британияликларнинг тўхтовсиз авиазарбалари Қизил денгиз соҳилида жойлашган Ҳудайда шаҳрининг шимолий қисмига тўғри келган.
Шу телеканал орқали қилган чиқишида ҳусийчилар вакили Яҳё Сария таъкидлаб, Американинг Исроилга йўл олган савдо кемаси ўққа тутилганини ҳам маълум қилган.
Генералнинг маълум қилишича, 31 январ куни ҳусийчилар назорати остидаги қуролли кучлар Американинг Исроилга йўл олган «Cole» савдо кемасига кемаларга қарши ракеталар билан ҳужум қилган.
Сариянинг айтишича, ушбу савдо кемасига ҳужум қилинишидан бир неча соат аввал ҳусийчилар Қизил денгизда американинг USS Gravely ҳарбий кемасига ҳам ҳужум қилишганини айтиб ўтган.
Сария ушбу ҳужум муваффақиятли якунланган-якунланмаганига аниқлик киритмаган. Бироқ америкалик ҳарбийлар исёнчи-ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига мансуб кемаларга қарши ишлатиладиган ракетаси USS Gravely эсминеци томонидан уриб туширгани ҳақида хабар берган.
Украинадаги вазият
Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни бир ҳафта ичида истеъфога чиқаради, деб хабар бермоқда CNN телеканали ўз манбаларига таяниб.
Ўзаро суҳбат чоғида Зеленский Залужнийга бошқа мансаб таклиф қилган, бироқ бош қўмондон бу таклифни рад этган. Бунга жавобан, Зеленский бошқа мансабни рад этганлик истеъфога чиқариш тўғрисидаги қарорга таъсир ўтказа олмаслигини айтган.
Фронтдаги вазият ҳам Украина учун оғир кечмоқда. Bloomberg нашрининг ёзишича, Россия армиясининг қуролланиши Украинаникидан уч баробарга кўпроқ.
Шу сабаб Украина мудофаа вазири Рустам Умеров Европа Иттифоқидаги ўз ҳамкасбларига артиллерия снарядлари критик етишмовчилиги бўйича хат йўллаган.
Хатда маълум қилинишича, Украина қуролли кучлари 1,5 минг километрга чўзилган фронт чизиғи бўйлаб кунига 2 мингдан ортиқ снаряд ишлата олмаяпти. Россия эса ҳар куни фронт чизиғига Украинаникидан уч боробар ошувчи ўт очиш қувватларини жойлаштирмоқда.
Умеровнинг таъкидлашича, Украинада қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етишмовчилиги кун сайин ошиб бормоқда. Шу сабабли у Европадаги иттифоқчиларидан миллионта снаряд етказиб бериш бўйича тезроқ ҳаракат қилишни сўраган.
Январ ойида Украина давлат бюджети фақат Япониядан 390 млн доллар ёрдам олган ва бу 2024 йилда Украинага ғарблик ҳамкорлар томонидан кўрсатилган ягона ёрдам бўлиб турибди.
Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, бу маблағлар Япония томонидан Жаҳон банки лойиҳалари доирасида қишлоқ хўжалигини тиклаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш учун берилган. Маблағларнинг 90 миллиони грант, 300 миллиони қарздир.
Орбаннинг инжиқлиги
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи раҳбарияти алмаштирилиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Унга кўра, ҳозирги раҳбарият Украина манфаатларини ҳимоя қилади, Украина демпинги туфайли азият чекаётган европалик фермерлар манфаатига лоқайд. Бу ҳақда у Европа Иттифоқи саммитида иштирок этиш учун Брюссел шаҳрига келибоқ журналистлар ҳузурида баёнот берган.
Брюсселда ўтадиган Европа Иттифоқининг шошилинч саммитида иттифоққа аъзо 26 та давлатнинг етакчилари иккинчи бор Орбанни Украинага келгуси 4 йилга 50 млрд молиявий ёрдам ажратиш масаласига розилик беришга кўндиришга иккинчи бор уриниб кўришади.
Эслатиб ўтамиз, Орбан ушбу ёрдам ажратилишига қаршилик кўрсатмаслиги, бироқ ёрдам бирваракайига 4 йил учун эмас, ҳар йили алоҳида ажратилиши кераклигини таъкидламоқда.
АҚШ Сенатидаги зиддият
Украинага ажратиладиган ёрдам боғлиқ бўлиб турган Америка-Мексика чегарасида хавфсизлик чораларини қатъийлаштириш бўйича келишув АҚШ Конгресси Сенатида барбод бўлиш арафасида турибди, деб хабар бермоқда Axios портали ўз манбаларига таяниб.
Портал манбаларининг маълум қилишича, тўрт ойлик маслаҳатлашувлардан сўнг қонун чиқарувчилар мамлакатнинг жанубий чегараларида хавфсизликни таъминлаш бўйича икки партиялик тизимдан воз кечишлари мумкин. Шу сабабдан бўлса керак, тегишли қонун лойиҳаси матни ҳалигача эълон қилинмаган.
Мавзуга оид
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024