Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода оташкесим кутилмаси, Украинага молиявий ёрдам ва 40 йилга қамалган информатор — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторида икки ойга оташкесим эълон қилиниши мумкин.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажид ибн Муҳаммад ал-Ансорийга кўра, Исроил расмийлари Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш шартларига рози бўлган. Қатар келишув шартларининг дастлабки ижобий тасдиғини Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатидан ҳам олган, деб хабар беради Al-Jazeera телеканали.
Битим икки босқични ўз ичига олади ва Ғазо секторида икки ой давомида ўт очилишини тўхтатади. Бу вақт ичида ҲАМАС гаровга олинган болалар, аёллар, қариялар ва ярадорларни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил фаластинлик маҳбусларни озод қилади. Битим, шунингдек, Ғазо секторига етказиладиган янги гуманитар ёрдам ҳажмини белгилайди.
Исроил ташқи разведка хизмати — «Моссад» раҳбари Давид Барнеа мамлакат ҳарбий маҳкамасига ҲАМАС билан потенциал келишув режасини тақдим этган.
Келишувнинг биринчи босқичи 35 кунлик оташкесим эвазига гаровга олинган 35 нафар аёл, касал, ярадор ва қарияларни озод қилишни назарда тутади. Шундан сўнг келишув яна бир ҳафтага узайтирилиши мумкин, бу гаровга олинганларни озод қилишнинг иккинчи босқичи бўйича музокаралар ўтказишга имкон беради. Озод қилинадиганлар қаторида фуқаролик мудофааси ходимлари, исроиллик аскарлар бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирча Исроил гаровга олинганлар эвазига қамоқдан озод қилиши керак бўлган фаластинлик маҳбуслар сони ҳали аниқланмаган. Яҳудий давлатини уларнинг миқдори эмас, сифати қизиқтирмоқда. ҲАМАС эса оғир жиноят содир этган маҳбусларни топширишни талаб қилмоқда.
1 феврал куни Ал-Ҳадат телеканали ҲАМАС ҳаракати Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни босқичма-босқич озод қилишга рози бўлганини хабар қилди. ҲАМАС аввалроқ келишувга фақат маҳбусларни тўлиқ озод қилиш шарти билан розилигини билдирган эди. Ҳаракат, шунингдек, Исроилдан узоқ муддатли қамоқ жазосини олганларнинг озод этилишини талаб қилмаслигини билдирди. Телеканал таъкидлаганидек, ҲАМАС вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича якуний қарорга келгани йўқ. Ўз навбатида Исроил 114 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди.
АҚШда эса Фаластин тарафдорлари Ғазода уруш тугатилишини талаб қилиб турли акциялар ўтказишмоқда. Чикаго аҳолиси шаҳар мэрияси олдида тўпланиб, Ғазода урушни зудлик билан якунлашни талаб қилган.
Одамлар аксилисроил шиорларини айтиб қичқиришган, қўлларида урушни тугатиш ҳақида чақириқлар туширилган транспарантлар ва Фаластин байроқларини кўтаришган.
Виржинияда эса Фаластин тарафдорлари бўлган активистлар АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг уйи олдида чодирлардан иборат лагер барпо этишган.
7 октябрдан буён Исроил агрессияси туфайли ҳалок бўлган фаластинликлар сони 27 мингдан ошди. БМТ вайроналарга айланган Ғазони тиклаш учун ўнлаб йиллар кетишини таъкидлаган.
Қизил денгиздаги вазият
АҚШ армиясининг марказий қўмондонлиги Яманнинг шимолий қисмида жойлашган ҳусийчилар базасига муваффақиятли зарба берилгани ҳақида хабар бермоқда. Зарба натижасида учиришга тайёрлаб қўйилган 10 та дрон йўқ қилинган.
«Al-Mayadin» телеканали ҳам сўнгги соатлар ичида АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг шимолий қисмидаги Саъда ва ғарбий қисмидаги Ҳудайда вилоятларига 11 марта ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди.
Ямандаги исёнчи шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати Қизил денгизда Британияга тегишли савдо кемасига ҳужум қилингани хабар берган.
Ҳусийчилар ҳаракати вакили Яҳё Сариянинг айтишича, ушбу кема Исроил портларидан бирига кетаётган бўлган.
Украинадаги вазият
2024 йилда Украина қуролли кучлари асосий диққат-эътиборини уч йўналишга қаратади. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний айтиб ўтган.
Залужнийга кўра, дастлаб Украина қуролли кучларини юқори технологияли активлар билан таъминлаш тизими яратилади. Иккинчидан, уруш қилишга ўргатиш ва урушни олиб боришнинг янги фалсафаси яратилади. У ресурслар чеклангани ва улардан фойдаланиш усулларини ҳисобга олади. Ниҳоят, янги жанговар имкониятларни ўзлаштиришга эътибор қаратилади.
Дарвоқе, Украина президенти офиси бош қўмондон Валерий Залужнийнинг истеъфога чиқарилиши хусусидаги хабарларга муносабат билдирди.
Зеленский офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, Залужний Украина президенти Володимир Зеленскийнинг менежери ҳисобланади. Унинг ишдан олиниши ҳақидаги миш-мишларга доир муҳокама ғалати кўринади.
«Муҳокама мен учун умуман ғалати кўринмоқда. Шундай бўлса-да, Залужний президентнинг вертикали, унинг менежери. У олий бош қўмондон форматида уруш олиб боради», — деган Подоляк.
Подоляк президент Зеленский ўз қўл остидагиларга муайян вазифалар қўйиб, натижаларни баҳолаши мумкинлигини айтиб, айни пайтда сиёсий жараён эмас, уруш кетаётганига урғу берган.
«Уруш даврида генераллар ва сиёсат даражасидаги одамлар рақобати шундай кўринади. Бундан ташқари, бу миш-мишлар расман рад этилган. Энди воқеалар қандай ривожланишини кўрамиз. Ўзгаришлар бўлса, бу ҳақида хабар берамиз. Ҳозирча бу борада ўзгаришлар йўқ», — дея қўшимча қилган Подоляк.
Украинага ёрдам
Европа Иттифоқи Украинага ваъда қилинган 50 млрд евро миқдоридаги ёрдамни берадиган бўлди.
Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг оёқ тираб қарши туришига қарамасдан, қизғин мунозара ва музокаралардан сўнг Украинага Европа Иттифоқи 50 миллиард евролик ёрдамни ажратадиган бўлди.
«Евроиттифоқ бюджетидан 50 млрд евро миқдорида узоқ муддатли ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. Буни барча 27 давлат раҳбарлари маъқуллади. Бу Украина учун барқарор, узоқ муддатли молиялаштириш имконини яратади. Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда етакчилик ва масъулиятни ўз зиммасига олади. Чунки биз нималар хавф остида эканини биламиз», — деган Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел.
Овоз беришдан олдин Европа Иттифоқи раҳбарияти, иттифоққа аъзо мамлакатларнинг етакчилари ҳамда Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирокида маслаҳатлашувлар ўтказган. Улар Орбанга босимни кучайтириб, Россия ва Украина ўртасидаги можарода аниқ позиция танлашни таклиф қилган, деб хабар беради Reuters.
Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадларни Украинани қўллаб-қувватлашга йўналтирмоқчи, деган деган Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел.
Бу борада Евроиттифоқ етакчилари Брюсселдаги саммитда келишувга эришишган.
Информаторга 40 йил қамоқ
АҚШда WikiLeaks’га информация етказиб турган инсон 40 йилга қамалди.
«WikiLeaks’нинг информаторларидан бири — “Vault 7” номи билан машҳур тўплам асосчиси Жошуа Шултега Ню-Йорк Федерал суди томонидан 40 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди», — деб ёзган WikiLeaks ташкилоти ўзининг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Жошуа Шулте АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ аъзоси ҳисобланади. Прокуратура уни «Америка тарихида энг вайронкор махфий маълумотлар сиздирилиши»га алоқадорликда айблаб, унга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини талаб қилган.
Жошуа Шултенинг ўзи эса судда «ҳукумат адолат эмас, қасос олаётганини» таъкидлаган.
Мавзуга оид
15:49 / 06.05.2026
Ҳўрмуздаги операцияни тўхтатган Трамп ва Туркиянинг илк баллистик ракетаси – кун дайжести
14:11 / 05.05.2026
Украинадаги оташкесим, Кўрфазда янги ҳужумлар ва Оқ уй яқинида отишма – кун дайжести
15:21 / 04.05.2026
АҚШнинг Ҳўрмуздаги операцияси, ЖССТ огоҳлантирган ҳантавирус ва Марокашда йўқолган аскарлар – кун дайжести
14:30 / 01.05.2026