Тошкентдаги қурилиш, экология ҳамда транспорт билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарадиган асосий сабаблардан бири шаҳарнинг ҳанузгача бош режасизлиги. Бу менинг эмас, балки кўплаб эколог, шаҳарсозларнинг фикри. 

Хўш, ўзи бош режа нима учун шу қадар муҳим? Айни вақт пойтахтда ечилмай қолаётган қандай инфратузилмавий муаммолар мавжуд? Бу борада нималар қилиш зарур? Мавзу атрофидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун Kun.uz шаҳарсоз Темур Аҳмедов билан суҳбатлашди. 

– Шу кунларда ҳаво ифлосланиши, экологиядаги муаммолар таналарда кучлироқ ҳис қилингани, кўзга яққол ташлангани учун унинг фонидаги муаммолар яққол кўриниб қолди. Яъни қурилиш, транспорт... Шу жумладан Тошкент шаҳрининг ҳануз бош режасизлиги ҳам. Ўзи бош режа нима ва у шаҳарга нима учун керак? Шуни тушунтириб берсангиз. 

– Шаҳарлар тарихига қарасангиз, минг ёки 2-3 минг йил илгари бўладими, бош режа доим қилинган. Ҳимоя қиладиган деворлари билан қалъа қурасизми ёки подшоҳнинг саройини жойлаштирасизми – буларнинг ҳаммаси олдин режа қилинган. Бутун дунё тарихига қарасангиз, доим қандайдир режа бўлган, шу асосда кўчалар, ким қаерда яшайди, сув ва озиқ-овқат қаердан келади – буларнинг барчаси ҳам бош режада бўлган. 

Ҳозир шаҳримиз жуда катта бўлиб кетди, аҳоли 3,5 млн нафардан ошди. Бундай шаҳар режасиз ривожланишга имконияти йўқ, бусиз катта зарар кўрилади. Ҳар бир бош режа камида бир авлод ёки 30 йил кейинги йилларни ҳисобга олиши керак. Яъни ҳозирги яшаб келаётган ёшлар улғайиб, оила қуриши, уларнинг фарзандлари қаерга мактабга бориши, мактабни битириши, кейин ишга бориши – шуларнинг ҳаммасини ўйлаб қараш керак. Умуман олганда, камида бир авлоднинг шаҳарда қандай яшаши режада акс этиши лозим. Яхши бино қурилганда ҳам камида 100 йиллик ҳолати ўйлаб қурилади. Яъни бу бино кейинги 3 авлоднинг талабларини бажара оладиган бўлиши керак. 

Ўзбекистонда сўнгги 20-30 йилда қанча ўсиш ва ўзгариш бўлди. Кейинги 30 йилда технология, транспорт каби соҳаларда қанча ўзгаришлар бўлади? Бир ўйлаб қараганда, буни олдиндан билиш қийин. Лекин шаҳар одамлар учун шароит яратиши керак. Кейинги авлод вакиллари қандай яшаши, фарзандини қандай қилиб мактабга олиб бориши, транспорт бўлса, у қандай ривожланади, шу каби жиҳатлар олдиндан ўйлаб чиқилиши керак. 

Тошкентда 1966-йилларда ер қимирлаши бўлганидан кейин шу ишларнинг амалга ошиши бошланганди. Ўша вақтларда атайлаб бўш ерлар қолдирилганди. Ҳозир кўп қурилишлар атайлаб қолдирилган ерларда бўлган. “Шу ерда аҳоли сони ошади, биз қўшимча бинолар қурамиз шу вақтда, қўшимча мактаб қурилади”, деб қолдирилганди. Бош режа бўлмагани учун мактаб ўринлари учун қолдирилган бўш ерларга кўп қаватли уйлар қурилган. Шунинг учун ҳам ҳозирда мактаблар етмаяпти. Иқтисодиёт, соғлиқ, хавфсизлик, автоҳалокатлар ва ҳатто жиноятлар [нинг кўпайиши ҳам] бош режага боғлиқ.