Ўзбекистон | 13:00 / 05.02.2024
11050
2 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига “Толибон” тайинлаган дипломат раҳбар бўлди

Покистон, Эрон, Туркманистон, Хитой, Россия ва Қатардан кейин Ўзбекистонда ҳам Афғонистоннинг расмий ваколатхонасини “Толибон” томонидан тайинланган дипломат бошқара бошлади.

Фото: Афғон ОАВ

Афғонистон кон ва нефт вазирининг ўғли Моғфуруллоҳ Шаҳоб 2 феврал куни “Толибон” ҳаракати томонидан Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси раҳбари этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар берган афғон нашрлари аввалроқ “Толибон” раҳбари мансабдор шахсларга ўз қариндошларини ишга олишни тақиқлаганини қўшимча қилмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, Афғонистоннинг аввалги ҳукумати томонидан тайинланган элчи Аҳмад Холид Элми миссиясини якунлаб, мамлакатига қайтиб кетган. Шундан кейин Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасида юқори лавозимда ишлаб келган дипломат Моғфуруллоҳ Шаҳоб элчихонанинг муваққат бошқарувчисига айланган.

Манбанинг аниқлик киритишича, унинг расмий мақоми элчи эмас.

Бунга қадар Покистон, Эрон, Туркманистон, Хитой, Россия ва Қатар “Толибон” томонидан тайинланган дипломатларни қабул қилганди. Афғонистоннинг қўшниларидан фақат Тожикистон афғон элчихонаси назоратини “Толибон” қўлига топширмаган.

Айни пайтгача “Толибон” томонидан фақат битта давлатга – Хитой Халқ Республикасига элчи юборилган. Ўтган ҳафта ХХР раиси Си Жинпинг “Толибон” элчисидан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олганди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов Афғонистон муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашган эди.

Мавзуга оид