Ўзбекистон | 13:47 / 09.02.2024
5834
2 дақиқада ўқилади

Болалар омбудсмани қатор мажбурият ва ваколатларга эга бўлади

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий тартиб сифатида белгиланмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Ҳужжатда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 5 йил муддатга Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан сайланиши назарда тутиляпти.

Шунингдек, қонунга боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий тартиб сифатида киритиляпти.

Болалар омбудсмани маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганини аниқланганда, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиши мумкин бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланиш ваколати ҳам берилмоқда.

Қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари тайинланиши, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида турган болалар ёзма шаклдаги мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юбориши мумкинлиги белгиланмоқда.

Муҳокамалар якунида қонунни маъқуллаш ҳақида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид