Жаҳон | 21:45 / 10.02.2024
28872
6 дақиқада ўқилади

Рафаҳга ҳужум таҳдиди, Путинга Полшадан жавоб ва Чернобилдаги ракка чидамли бўрилар — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестда таништиришда давом этамиз.

 

Ғазодаги вазият

Исроил ҳамон Ғазода қирғинни давом эттириш ниятидан қайтмаяпти. Шимолдан бошланган уруш секин-аста секторнинг энг жануби — Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳрига йўналмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси токи Рафаҳда ҲАМАСнинг тўртта баталёни қолар экан, ҲАМАСни йўқ қилиш бўйича ҳарбий мақсадларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаган.

«Рафаҳда кенг миқёсли операция ўтказиш ҳарбий ҳаракатлар зонасидан тинч аҳолини эвакуация қилишни тақозо этади”, дейилади хабарда.

Нетаняҳу армияга ва хавфсизлик тизимига Рафаҳдаги тинч аҳолини эвакуация қилиш ҳамда ҲАМАСни яксон қилиш бўйича қўш режани тақдим этишни вазифа қилиб берган.

Эслатиб ўтамиз, Ғазонинг шимоли ва марказида ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, у ерда яшаган тинч аҳоли ўз турар жойларини ташлаб Рафаҳ шаҳрига кўчган. Айни дамда Рафаҳда 1,5 миллиондан ортиқ фаластинликлар қочқинлар лагерлари, БМТ шелтерлари ва кўчаларда кун кўришга мажбур бўлиб туришибди.

БМТ маълумотига кўра, Исроил ҳарбийлари ўтган ҳафтада Женин шаҳрида жойлашган Ибн Сино касалхонасида уч нафар фаластинликни судсиз ва турговсиз отиб ўлдирган. Бу халқаро ҳуманитар хуқуқнинг жиддий равишда топталиши ҳисобланади.

Украинага ёрдам

Америкалик мулозимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатилмаса Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўқ-дорилари фақат келгуси ойгача етиши мумкин, деб ёзади The New York Times нашри.

Таҳлилчиларнинг фикрича, зарур ҳарбий ёрдамсиз Украина келгуси ойга келиб локал қарши ҳужумларни қийинчилик билан ташкил эта бошлайди, ёзнинг бошига бориб эса Россия ҳужумларини қайтаришда улкан муаммоларга дуч келади.

Бироқ расмий шахслар Россия Украина шарқида йирик қарши ҳужум уюштириш учун тезда етарли салоҳият яратишга қодир эмас, деб ҳисоблашмоқда. Бунинг ўрнига Россия қўшинлари олдинга бесўнақай, тарқоқ ҳолда, ўз қўшинлари сафида кўплаб йўқотишларга дучор бўлиб силжишга уринади

АҚШ Украинани молиялаштиришни тўлиқ маъқуллайди, деган республикачилар партиясидан конгрессмен Тернер.

Путиннинг баёнотига Полшадан жавоб

Полша ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерация президенти Владимир Путиннинг АҚШлик журналист такер Карлсонга берган интервюсида “Полша Ҳитлерни ўз ҳудудига бостириб киришга мажбур қилган”, деган гапи юзасидан муносабат билдирди.

«Россия диктатори Владимир Путин Иккинчи жаҳон урушининг бошланишида СССР ўзи 1939 йилнинг 17 сентябрида бостириб кирган давлатни биринчи бор айблаётгани йўқ. Биз Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб кириши юзасидан параноидал оқловларга кўникиб қолдик. Лекин энг ажабланарлиси, бу марта уларни америкалик журналист ҳам қўллаб-қувватламоқда», — деб ёзган Полша ташқи ишлар вазирлиги X ижтимоий тармоғида.

Эслатиб ўтамиз, америкалик журналист Такер Карлсон Москвада Путин билан икки соатлик интервю уюштирган.

Интервю давомида Карлсон жумладан Россияда ҳибсга олинган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершкович хусусида ҳам савол берган. Путин журналист “махсус хизматлар канали” бўйича “ватанпарварлик туйғуси билан” Берлин марказида “бандитлардан бири”ни ўлдирган инсонга алмаштирилиши мумкинлигини айтган. Гап Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Вадим Красиков ҳақида бормоқда.

Россия: сайлов номзодлари маълум

15-17 март кунлари бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловида 4 номзод иштирок этади. Россия Марказий сайлов комиссияси президентлик сайлови учун бюллетен матнини тасдиқлади.

2008 йилдан бери илк марта сайлов бюллетенида атиги тўрт нафар номзод бўлади. Сайлов бюллетенига амалдаги президент Владимир Путиндан ташқари «Янги одамлар» партиясидан Владислав Даванков, Россия Либерал-демократик партиясидан Леонид Слуцкий ва Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов киритилган.

Сайлов бюллетенида номзодлар алифбо тартибида жойлаштирилган бўлиб, улар қаерда ва ким бўлиб ишлаётгани, номзоди кимлар томонидан кўрсатилгани каби маълумотлар бор. Агар номзод ўзининг партия аъзоси эканини кўрсатган бўлса, сайлов бюллетенида партиянинг номи ва номзоднинг партиядаги мақоми кўрсатилган.

Ҳар бир номзодга сайлов бюллетенининг тенг қисмлари ажратилган. Шу билан бирга, Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин бошқа номзодлар орасида сезиларли даражада ажралиб туради: у ҳақидаги маълумотлар икки қаторда, қолганлари ҳақида эса саккиз-тўққиз қаторда жойлашган. Бунга Meduza нашри эътибор қаратди.

Чернобилдаги бўрилар саратонга чидамли

Чернобилдаги мутант бўрилар саратон касаллигига чидамли экани аниқланди, деб ёзмоқда New-York Post нашри.

Бу жониворларда саратон касаллигига чидамли геномлар ривожланган ва бу ҳол инсонларда бедаво касалликни енгишда калит бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Чорнобилдаги бўрилар инсонлар учун хавфсиз саналувчи доза чегарасидан 6 баробар ортиқ радиацияга дучор бўлиб яшашади.

Тадқиқотчилар бу ёввойи ҳайвонларнинг иммун тизимида худди саратонни нур терапияси орқали даволайдиган инсонларда бўлгани сингари ўзгаришларни аниқлашган. Олимлар бу геномлардан онкологик касалликка чалинган инсонларни даволашда фойдаланиш истагида.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид