Жаҳон | 19:05 / 15.02.2024
68013
2 дақиқада ўқилади

Агар Байден сайловда ғалаба қозонса, Россия учун яхши бўлади — Путин

Аммо биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай раҳбар билан ҳамкорлик қиламиз, деди Путин.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин Москва АҚШ президенти лавозимига Доналд Трампдан кўра Жо Байденни афзал кўришини айтди. Бу ҳақда у ВГТРК мухбири Павел Зарубин билан суҳбатда гапирди. 

Зарубин Путиндан «Биз учун ким яхшироқ, Байден ёки Трамп?», деб сўради. 

«Байден», - деб жавоб берди Путин. 

«У тажрибалироқ, унинг ҳаракатларини олдиндан айтиш мумкин, эски формация сиёсатчиси. Аммо биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай раҳбар билан ҳамкорлик қиламиз», деб жавоб берди Путин. 

Россия президентидан Байденнинг соғлиғи ҳақидаги хабарларга қандай муносабатда экани ҳам сўралди. Путиннинг сўзларига кўра, бундай хабарларга АҚШ сайлов кампанияси ҳам сабаб бўлмоқда. 

«Менимча, Қўшма Штатларда ички сиёсий кампания, сайловолди кампанияси тобора кучайиб бормоқда. У тобора ўткир шаклларга эга бўлмоқда. Биз эса бу жараёнга аралашишимиз ноўрин. Қаранг, мен Байден билан Швейцарияда учрашганман, бу уч йил олдин эди. Шунда ҳам уни лаёқатсиз дейишарди. Мен бунга ўхшаш нарсани кўрмадим. Ҳа, у қоғозига қараб қўйди, мен ҳам ўзимнинг қоғозимга қарадим. Бунинг ёмон томони йўқ. Қаердадир, вертолётдан тушаётиб, боши билан урилибди, хўп… Бизда ҳам кимдир, қаердадир боши билан урилмаган бўлса, бемалол таъна қилаверсин», деди Путин. 

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ маъмуриятининг ҳозирги позицияси «жуда зарарли ва нотўғри». «Ва мен бир пайтлар бу ҳақда президент Байденга айтганман», деб хулоса қилди Путин. 

АҚШ президентлик сайлови 2024 йил ноябрида бўлиб ўтади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид