Жаҳон | 17:05 / 15.02.2024
13118
3 дақиқада ўқилади

Белгород яна ўққа тутилди. Қурбонлар бор

Россия ҳудудига зарба оқибатида савдо маркази ва турар жойлар шикастланган.

Фото: VYACHESLAV GLADKOV

15 феврал куни кундузи Белгород ўққа тутилди. Белгород области губернатори Вячеслав Гладков зарба оқибатида беш киши, жумладан бир бола ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Яна 18 киши жароҳат олган. Жабрланганлардан беш нафари — болалар. 

Гладковнинг сўзларига кўра, еттита хусусий ва бешта кўп квартирали уйларда «турли даражада вайронгарчиликлар» аниқланган, бир дўкон шикастланган. Бундан ташқари, саноат корхоналаридан бирининг ҳудудида шикастланиш қайд этилган.

Маҳаллий телеграм-каналлар зарба оқибатида Плеханов кўчасидаги савдо маркази жиддий зарар кўргани ҳақида ёзмоқда.

Mash ва Shot телеграм-каналлари зарба оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган. Белгороддаги «Пепел» телеграм-канали жабрланганлардан камида уч нафари оғир аҳволда қолаётганини маълум қилган.

«Пепел» маълумотига кўра, снарядлардан бири Октябр инқилобининг 60 йиллиги кўчасидаги стадион ҳудудига тушган.

«Бел.ру» нашри стадионда бир аёл ва аравачада бўлган ёш бола ҳалок бўлганини хабар қилган.  

Белгороддаги телеграм-каналлар Плеханов кўчасидаги савдо марказига зарба «келиб тушиши» видеосини тарқатган.

Россия мудофаа вазирлиги соат 12:30 атрофида Украина RM-70 «Вампир» баравар ўт очиш реактив тизимини қўллаган ҳолда Россия Федерацияси ҳудудидаги объектлар бўйлаб ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берди. Ҳарбий идора баёнотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Белгород области ҳудуди устида 14 та реактив снарядни уриб туширган. 

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Белгород ўққа тутилишини «Киев режими томонидан навбатдаги террорчилик акти» деб баҳолаган. Россия шаҳар ўққа тутилиши мавзусини «тегишли халқаро ташкилотлар», жумладан БМТ хавфсизлик кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этган. 

Украина ҳукумати ва Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳозирча Белгород бўйлаб зарба берилишини изоҳламаган.

Россия ҳукумати аввалроқ ҳам Украина ҚК Белгородни RM-70 «Вампир» баравар ўт очиш реактив тизимидан ўққа тутганини хабар қилганди. 7 феврал куни РФ мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари еттита снарядни уриб туширганини, ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланганини маълум қилганди.

Белгородга Украинадаги уруш бошланганидан буён энг йирик ҳужум 2023 йил 30 декабр куни кузатилганди. Бундан бир кун олдин эса Россия қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаганди. Украина қуролли кучларининг Белгородга жавоб зарбаси оқибатида 25 киши, жумладан, беш бола ҳалок бўлган, яна 100 дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Мавзуга оид