Ниятидан қайтмаётган ҳусийчилар, Россиянинг янги ракетаси ва ёшларга танбеҳ берган Лукашенко — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалигимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил Ғазо секторида ҲАМАС устидан тўлиқ ва узил-кесил ғалаба қозонилгунга қадар урушади. Бунинг учун анклавнинг жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳам у ерда тинч аҳоли вакиллари олиб чиқилганидан сўнг қақшатқич зарбалар беришга тайёр, деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу. Ғазо секторида гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод этишнинг калити — кучли ҳарбий босим ва жуда қатъий музокаралардир, деган Нетаняҳу.
Исроил миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнгчи ва ирқчи Итамар Бен-Гвир вазирлар маҳкамаси йиғилишида очиқчасига фаластинлик аёллар ва болаларни ўлдиришга чақирди.
«Душманларимиз қандай ҳаракат қилишини биласизми? Улар аёллар ва болаларни чегарага жўнатиб, бизнинг сабримизни синамоқчи бўлишади, анавилар эса диверсант бўлиб чиқади. Биз аёллар ва болаларга чегарага яқинлашишга қўйиб бера олмаймиз. Бундай қилишга жазм қилган ҳар қандай одам бошидан отиб ўлдирилиши керак», — деган Бен Гвир.
Энди қайғули статистикага ўтамиз: Ғазо секторидаги Исроил агрессияси қурбонлари сони 28 минг 576 кишига етгани хабар қилинмоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарларига кўра, урушнинг 131-кунига келиб қамал қилинган Ғазода ярадорлар сони 68 минг 291 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 11 марта оммавий қирғин ўтказишди. Оқибатда 103 киши вафот этган, 145 киши яраланган.
Ғарбий соҳил ва Қуддусда ҳибсга олинган фаластинликлар сони эса 7 мингдан ошган.
Қизил денгиздаги вазият
Ямандаги ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати етакчиси Сайид Абдулмалик Бадруддин ал-Ҳусий баёнот билан чиқиш қилди.
«Америка ва Британиянинг ҳужумларига қарамасдан, биз Қизил денгиз ҳамда Боб ул-Мандиб бўғозидаги операцияларимиз сонини кўпайтирамиз», — деган у.
Ҳусийчилар етакчиси Исроил билан боғлиқ бирорта кема Боб ул-Мандиб бўғозидан ўта олмаётганини таъкидлаб ўтган.
«Сўнгги ҳафталар ичида Исроил билан боғлиқ бўлган бирорта кема Боб ул-Мандиб бўғозидан ўта олгани йўқ. Бу чинакам ғалаба ва жуда катта ютуқ. Бизнинг Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш бўйича тутган позициямиз душман ўз мақсадларига етиша олмаслигини намойиш этиб берди», — деган ал-Ҳусий.
Ал-Ҳусийнинг таъкидлашича, ҳусийчиларнинг ҳарбий ҳаракатлари натижаси сионисларнинг нафақат Умм ар-Рашраша (Исроилнинг Эйлат шаҳри)даги, умуман, уларнинг ялпи иқтисодий аҳволини оғирлаштирмоқда.
Унинг бу чиқишгача Буюк Британия ва АҚШнинг қуролли кучлари «Ансоруллоҳ» ҳаракатидаги ҳусийчиларнинг Ҳудайда вилоятидаги Рас-Исо портидаги объектларига авиазарбалар бергани хабар қилинган. Зарбаларнинг оқибатлари ҳақидаги ахборотлар тақдим этилмаган.
Украинадаги уруш
Германия 2024 йилда Украинага 2023 йилга нисбатан «3-4 баробар кўпроқ» ўқ-дорилар етказиб беришни ваъда қилди.
«Биз қувватларимизни янада оширишда давом этамиз», — деб таъкидлаган Германия мудофаа вазири Брюселлда ўтган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг юзма-юз учрашувида. Борис Писториуснинг қўшимча қилишича, жорий йилда Германия бюджетида биргина ўқ-дорилар ишлаб чиқариш учун 3,5 миллиард евро маблағ ажратилган.
Украинадаги уруш тақдири алалоқибат қурол ишлаб чиқарувчи давлатларнинг конвейерларида ҳал бўлади, деб ҳисоблайди Борис Писториус.
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп агар президентлик сайловларида ғолиб чиқса, Украинани Россия билан сулҳ тузишга мажбурлашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Bloomberg агентлиги.
Оқ уйнинг собиқ хўжайини маслаҳатчиларидан бирининг таъкидлашича, Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни бас қилиш Украинани сулҳ музокаралари олиб боришга мажбурлаши мумкин.
Кремлдагилар эса Украина билан ҳали узоқ давом этадиган урушга тайёргарлик кўришга чақиришди.
Ғарб давлатлари Украинада «махсус ҳарбий амалиёт»нинг тезгина ўтказилиши бўйича Россиянинг режаларини барбод қилган ва энди уруш чўзилиб кетиши мумкин, деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
«Махсус ҳарбий амалиёт Украинага қарши операция кўринишида бошланган эди, бироқ вақт ўтиши билан коллектив Ғарбга қарши уруш кўринишини олди», — деган Песков.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ бошчилигидаги «нодўстона» давлатлар «бу можарога тўғридан тўғри аралашмоқда», бунинг оқибатида уруш «янада чўзилиши мумкин». Бироқ бу воқеаларнинг боришига таъсир қилмайди, Песковга кўра, «Россия барибир ўз олдига қўйган барча мақсадларига эришади».
Россиянинг янги қуроли
Россиянинг гипертовушли «Циркон» ракетаси Украина қуролли кучлари учун ҳақиқий бошоғриқ бўлиши мумкин. Бироқ АҚШ ҳарбийлари Россия қуролли кучлари бир ҳафта олдин айнан ўша янги ракетадан фойдаланганини тасдиқламаган.
Россия ҳарбийлари К-300 қирғоқ мудофааси тизимини «Циркон» ракетасини учиришга мослаштиргани ҳақида Британия разведкаси аввалроқ хабар қилган эди.
Уларнинг бундай тахминга келишига сабаб 7 феврал куни ракета зарбаси берилганида бундай ракетани ташиши мумкин бўлган «Адмирал Горшков» френгати ёки «Ясень» сув ости кемаси каби кемалар Қора денгизда бўлмаган.
Агар бу маълумот тасдиқланса, Украиналик ҳарбийлар бундай ракеталарни уларнинг тезлиги ва манёврлашгани боис уриб тушириши жуда қийин бўлади, дейди Британия мудофаа вазирлигидагилар.
Украина томонининг хабарига кўра, Россия қуролли кучлари 7 феврал куни Киевга «Циркон» ракеталари билан икки бор зарба берган. АҚШ эса бундай ракеталардан фойдаланилганини тасдиқламаган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ракета ишга туширилгани ҳақида хабарлар бермаган.
Россиядан чўчиётган АҚШ
АҚШ Россиянинг космосга ядровий қурол олиб чиқиши режаси ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда ABC News телеканалининг АҚШ Конгрессидаги манбалари хабар беришган.
Уларнинг сўзларига кўра, Вакиллар палатасининг разведка ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Майк Тёрнер «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид» ҳақидаги баёноти айнан мана шу ҳолат билан боғлиқ. Тёрнер президент Жо Байдендан бу борадаги барча ахборотларни очиқлашни талаб қилган.
Телеканал суҳбатдошларининг аниқлаштиришича, гап Россиянинг ядровий бомбани космосдан Ерга ташлаб юбориши ҳақида кетмаяпти, руслар бундай бомбадан сунъий йўлдошларни ишдан чиқариш йўлида фойдаланиши мумкин. «Бу эса ўта таъсирчан ва нозик масала», деган манбалардан бири аҳвол жиддийлигига урғу бериб.
Reuters агентлиги суҳбатдошлари ҳам таҳдил «Россиянинг коинотдаги операциялари» билан боғлиқлигини таъкидлашган. Ўз навбатида, CNN телеканалининг разведка маълумотлари билан таниш манбасининг таъкидлашича, гап нисбатан яқинда ошкор бўлган ва «Россиянинг жуда ташвишли ва беқарорлаштирувчи ҳарбий салоҳияти» бормоқда.
Россиядан ҳимояланаётган Европа
Болтиқбўйи давлатлари Россиянинг бостириб киришига қарши тайёргарлик кўрмоқда. Шу мақсадда НАТОнинг энг ожиз қаноти — Россия билан минг километрлик чегара мустаҳкамланмоқда.
«Болтиқбўйи мудофаа чизиғи»га потенциал босқинчиларни тўсиб туриш учун барча воситалардан фойдаланмоқда. Чегаралар танкларга қарши миналар билан жиҳозланмоқда. Шунингдек, хандақлар қазилмоқда, тиканли симлар тортилмоқда ва «аждарҳо тиши» деб аталувчи бетон пирамидалар ўрнатиб чиқилмоқда.
Артиллерия зарбаларидан ҳимояланган ҳар бир бункер 37 метр квадрат майдонга эга бўлади ва 10 та аскарни сиғдира олади.
Умуман олганда, Европа давлатлари АҚШнинг ёрдамисиз яна камида ўн йил давомида ўзининг хавфсизлигини таъминлай олмайди, деб ёзади Bloomberg.
Европа айни пайтда қайта қуролланиш учун вақт билан пойга ўйнамоқда. Кўҳна қитъанинг олий мартабали мулозимлари Европа мудофааси масаласида кўп ҳам АҚШга ишонавермаслик кераклигини яхши англашади, бироқ ўзининг ҳарбий салоҳиятини юксалтириш учун қатъият зарур бўлади. Тайёргарлик ишларидан бохабар инсонларнинг сўзларига кўра, Европа ташқи ёрдамсиз ўзини ҳимоя қила олиш даражасига етиши учун камида ўн йил керак.
Ёшларга ёпишган Лукашенко
Беларус президенти Александр Лукашенко мамлакат ёшларига ўзидан яхшироқ кийинишни тақиқлади. Акс ҳолда мамлакат бошига Украинанинг куни тушиши мумкинлигини айтди.
Таълим бўйича ўтказилган йиғилишда у олий таълим вазирига қарата талабалар сифатли ва бренд кийимларни кийишга интилаётгани ва бу Беларус учун ёқимсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.
«Барчаси талабаларнинг Беларусда эмас, хорижда ишлаб чиқарилаётган бренд либосларни кийишга интилаётганидан. Бу нарсалар ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеаларга элтувчи тўғридан тўғри йўлдир», — деган Лукашенко.
Мавзуга оид
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024