Жаҳон | 13:39 / 19.02.2024
6964
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Москвадаги элчиси Навалний хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Лин Трейси «Алексей Навалний ва Россиядаги бошқа сиёсий қатағон қурбонлари» хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Фото: X / USEmbRu

АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси 18 феврал, якшанба куни мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний учун қайғу белгиси сифатида Москвадаги Соловецкий тошига гулчамбар қўйди.

«Бугун Соловецкий тоши ёнида биз Алексей Навалний ва Россиядаги бошқа сиёсий репрессия қурбонларининг вафоти муносабати билан қайғудамиз. Биз Алексей Навалнийнинг оиласи, ҳамкасблари ва тарафдорларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Унинг кучи илҳомлантирувчи намунадир. Биз унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз», - дейилади X ижтимоий тармоғида АҚШнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси чоп этган постда.

Бир кун аввал, 17 феврал куни Британиянинг Россия Федерациясидаги элчиси Найжел Кейси ҳам Россия колониясида ҳалок бўлган Алексей Навалний хотирасига Москвадаги Соловецкий тошига гул қўйганди. 

Россияда ва дунёда Алексей Навалний хотирасига бағишланган тадбирлар 

Алексей Навалнийнинг Ямало-Ненец автоном округининг Харп қишлоғидаги ИК-3 «Полярный волк» колониясида вафот этгани ҳақидаги хабар Федерал жазони ижро этиш хизмати томонидан 16 феврал куни тарқатилган ва кейинчалик мухолифатчининг қариндошлари ва сафдошлари томонидан тасдиқланган. Бу Навалний хотирасига бағишлаб пайдо бўлган ҳаракатлар тўлқинига сабаб бўлди. Нафақат Россия бўйлаб, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам юзлаб одамлар экспромт ёдгорликларга гуллар олиб келди. 

Россияда ушбу акцияларнинг юзлаб иштирокчилари «полиция ходимларига бўйсунмаслик», «жамоат тартибини бузган ҳолда оммавий тадбир уюштириш» ва бошқа «ҳуқуқбузарликлар» учун қўлга олинди. 18 феврал куни соат 14:00 га қадар «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари портали Россия Федерациясининг 34 шаҳрида 284 дан ортиқ киши ушланганини маълум қилди. Биргина Санкт-Петербургда, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, камида 132 киши, Москвада эса камида 50 киши қўлга олинган. 

Хорижда Навалний хотирасига бағишланган митингларнинг кўплаб иштирокчилари «Диктатурасиз Россия» каби ёзувлар туширилган плакатларни ушлаб турган. 

Алексей Навалний матбуот котиби Кира Ярмишнинг 17 феврал куни кечқурун маълум қилишича, унинг оиласи ва тарафдорлари қариндошлари жасадни ўликхонадан қачон олиб кетиш кераклиги ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмас. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид