Албания Италия ўрнига муҳожирларни қабул қилишга рози бўлди
Албания парламенти Рим билан миграция шартномасини тасдиқлади. Унда Тирана йилига 36 минггача муҳожирни қабул қилиши кўзда тутилган. Протокол беш йил муддатга имзоланди. Мухолифат мажлисни бойкот қилди.
Албания парламенти Италия билан мунозарали миграция шартномасини ратификация қилди, деб хабар берди dpa ахборот агентлиги 22 феврал, пайшанба куни. Бу Европа Иттифоқига аъзо Италияга Албанияда атиги 80 километр узоқликда жойлашган қочқинлар лагерларини яратиш имконини беради. Ҳуқуқ ҳимоячилари танқид қилган режаларга кўра, халқаро сувларда Италия қирғоқ қўриқлаш кемалари томонидан олиб кетилган одамлар Албанияга келтирилади. Аксарият мухолифатдаги албан парламентарийлари норозилик сифатида мажлисни бойкот қилди.
Ташкил этиши ва назоратини Италия ўз зиммасига олган миграция марказларида муҳожирларнинг бошпана сўраган мурожаатлари кўриб чиқилади ва зарурат туғилганда уларни тезда ватанига қайтариш учун ёрдам кўрсатилади. Италиянинг Европа Иттифоқига кирмайдиган Албания билан келишувига кўра, Тирана бир вақтнинг ўзида 3000 гача, ҳар йили эса 36 000 нафаргача муҳожирни қабул қилиши мумкин. Албания бош вазири Эди Рама ва унинг италиялик ҳамкасби Жоржа Мелони ўртасидаги протокол беш йил муддатга имзоланди. Болалар, ногиронлар ва ҳомиладор аёллар ушбу лойиҳадан четлаштирилади, дейилади шартномада.
Рим Албанияда миграция марказларини очиш ҳақидаги келишувни тасдиқлади
15 феврал куни Италия парламенти сенати Албанияда Италияга кирмоқчи бўлган муҳожирларни қабул қилиш учун иккита марказ яратиш ҳақидаги келишувни ёқлаб овоз берди, деб хабар бермоқда EFE. Январ ойида келишув Италия парламентининг қуйи палатаси томонидан тасдиқланган. Албанияда Конституциявий суд ҳам ушбу шартномани беш йил муддатга маъқуллади, шу билан бирга яна бир шунга ўхшаш муддатга узайтириш имконияти мавжуд.
Жоржа Мелони ва Эди Рама ташаббусни ноябр ойида эълон қилган эди. Италиянинг Албанияга денгиз орқали келган муҳожирларни қабул қилиш марказларини қуриш режаси Европа Иттифоқи ва аъзо бўлмаган давлатлар ўртасидаги келишувлар учун намуна бўлиши мумкин, деди Мелони. Ҳукумат маълумотларига кўра, Италияга денгиз орқали келган муҳожирлар сони йил давомида қарийб 65 фоизга ошиб, 145 мингга етган.
Рама Италия бундай шартнома таклиф қилган ягона Европа Иттифоқи давлати эмаслигини айтиб, Рим таклифини 1990-йилларда Италиянинг кўп сонли албанларни киритгани учун «миннатдорчилик» белгиси сифатида қабул қилганини қайд этди. «Биз дўстмиз ва дўстлар бир-бирига ёрдам беради», деди Албания бош вазири. La Stampa газетасига берган изоҳларида Рама келишув қандай таъсир кўрсатишига шубҳа билдирди. «Бу ҳеч нарсани ҳал қилмайди, лекин Мелони биздан ёрдам сўради ва биз ёрдам бердик», деди у.
2024 йилда ЕИнинг миграция сиёсати
2024 йил июн ойида Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат Европа парламентига сайловлар ўтказади. Бу сайловлар олдидан Германия, Франция ва Италия иммиграция қонунларини кучайтирмоқда. Ижтимоий сўровларга кўра, Европа Иттифоқида муҳожир ва қочқинлар сони ортиб бораётгани ва уларга бошпана берилиши сайлов кампаниясининг асосий мавзуси ҳисобланади.
Миграция масаласида Европа Иттифоқининг учта йирик иқтисодиёти сиёсий жиҳатдан бир хил йўналишда ҳаракат қилмоқда. Аммо миллий миқёсда муҳожирларнинг ушбу мамлакатларда қолиши ва уларга бошпана бериш учун шарт-шароитлар ҳокимият тепасида турган томонларга қараб кескин фарқ қилади. Германияни социал-демократлар, «яшиллар» ва либераллар коалицияси, Францияни озчиликдаги либерал ҳукумат, Италияни эса ўта ўнг ва христиан демократларнинг ўнг қанот популистик коалицияси бошқаради.
Мавзуга оид
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
15:17 / 11.11.2024
Италиянинг Помпей шаҳри харобаларига саёҳатчилар ташрифи чекланади
12:50 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Италия мевали боғ ва токзорларни барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилади
14:38 / 30.10.2024