Жаҳон | 20:39 / 23.02.2024
6769
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо бўйича «ҲАМАС йўқ қилингандан» кейинги режаларини эълон қилди

Режа бошқа нарсалар қатори, Ғазо секторини тўлиқ қуролсизлантиришни назарда тутади, жамоат тартибини сақлаш учун зарур бўлган қуроллар бундан мустасно. 

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамасига Ғазо бўйича урушдан кейинги режаларини тақдим этди. 

Нетаняҳу таклифига кўра, Исроил ўз мақсадларига эришмагунча, яъни ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» ҳаракатининг ҳарбий салоҳияти ва куч инфратузилмасини йўқ қилмагунча урушни давом эттиради. Сўнгра, асирларни қайтаради ва «Ғазо секторидан келиб чиқадиган эҳтимолий таҳдиднинг узоқ муддатга олдини олади». 

Шундан сўнг, Исроил Ғазо секторида чексиз муддатга ҳарбий назоратни ўрнатади, шунингдек, мамлакат чегараларидаги хавфсизлик зонасини ҳам сақлаб қолади. 

Бундан ташқари, Нетаняҳу ҳудуднинг Миср билан чегарасида контрабанда кириб келишининг олдини олиш учун «жанубий тўсиқ» яратишни таклиф қилмоқда. «Жанубий тўсиқ имкон қадар Миср ва АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширилади», дейилади ҳужжатда. 

Режа Ғазо секторини тўлиқ қуролсизлантиришни назарда тутади, жамоат тартибини сақлаш учун зарур бўлган қуроллар бундан мустасно. 

Фуқаролик соҳаси бўйича Нетаняҳу минтақадаги ҳокимиятни террорни қўллаб-қувватловчи давлатлар ва ташкилотлар билан алоқаси бўлмаган «маъмурий тажрибага эга маҳаллий кучлар»га топширишни таклиф қилмоқда. 

«Ғазо секторидаги барча диний муассасалар, таълим ва ижтимоий соҳани қамраб олувчи дерадикализация дастури, иложи бўлса, ўз ҳудудида дерадикализация бўйича тажрибага эга бўлган араб давлатларининг иштироки ва ёрдами билан амалга оширилади», дейилади ҳужжатда. 

Бундан ташқари, Тел-Авив Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи БМТ агентлигининг (UNRWA) ёпилишини талаб қилмоқда, унинг ходимлари, Исроил томонига кўра, 7 октябр куни мамлакатга ҳужумда иштирок этган. 

«Ғазо секторини реконструкция қилиш унинг қуролсизланиши ва дерадикализация жараёни бошланганидан кейин мумкин бўлади. Қайта қуриш режалари пул ва Исроил учун мақбул бўлган давлатлар раҳбарлигида амалга оширилади», дейилади режада. 

Исроил расмийлари уруш ҲАМАС ҳаракати бутунлай йўқ қилинмагунча давом этишини бир неча бор таъкидлаган. Феврал ойи бошида Нетаняҳу Ғазо секторининг Миср билан жанубий чегарасида жойлашган Рафаҳ шаҳрига қуруқликдаги ҳарбий операцияларни кенгайтиришни эълон қилган эди. 

Бир қатор давлатлар, жумладан, Фаластин ва АҚШ бунга қарши. Вашингтон ҳамкорлари билан биргаликда можарони ҳал қилишга ҳаракат уринмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари яқин орада минтақада узоқ муддатли тинчлик режасини тақдим этиши мумкин, жумладан, Фаластин давлатини яратиш ва икки томон учун хавфсизлик кафолатларини. 

Нетаняҳу янги Фаластин давлати ташкил этилишини ҲАМАС учун «мукофот» деб ҳисобламоқда. Исроил ҳукумати бу борадаги «халқаро диктатни» рад қилувчи декларация қабул қилган.

Мавзуга оид