Иқтисодиёт | 19:54 / 24.02.2024
26356
3 дақиқада ўқилади

Энергетикада тариф ислоҳоти лойиҳасини ишлаб чиқиш учун янги муҳлат белгиланди

2024 йил май ойига қадар нефт, газ ва электр энергетика соҳаларида тариф ислоҳотларини амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу – 2024 йилги давлат дастурида белгиланди.

Коллаж: Kun.uz

Тасдиқланган дастурга кўра, келгуси 2-3 ой ичида ишлаб чиқиладиган ҳужжат лойиҳасида:

  • электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ нархлари ва тарифларини ўз таннархидан кам бўлмаган (cost recovery level) миқдорда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
  • ҳисоб-китоблар натижасига кўра, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ нархлари ва тарифларини тасдиқлаш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва табиий газ нархларини белгилашда “ижтимоий меъёр” тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Бу вазифа Энергетика вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябр ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 kWh электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархи 800 сўмдан ошаётганини айтганди. Аҳоли учун тариф эса 2019 йилдан буён 1 kWh учун 295 сўм, 1 куб метр табиий газ учун 380 сўмни ташкил этмоқда. Ўртадаги фарқ давлат бюджетидан субсидия қилиб келинади.

Энергетика бозорининг эркинлаштирилиши учун ҳаракатлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил сентябр ойидаги қарори билан, 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун энергетика тарифлари бозор нархларига яқинлаштирилди. Аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолди.

Иқтисодчиларга кўра, энергетикадаги мавжуд муаммоларни соҳада бозор механизмларини жорий этмасдан туриб тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Бу эса инвесторларни жалб қилиш учун тариф ислоҳотини тақозо этади.

Энергетика соҳасини либераллаштиришни узоқ вақтдан буён халқаро ташкилотлар ҳам ҳукуматга тавсия қилиб келади. Ҳозирда давлат энергия ресурсларини аҳолига ўз таннархидан ҳам арзонроқ даражада етказиб бериш учун триллионлаб субсидиялар ажратади ва бу билан Ўзбекистон дунё миқёсида энергетикага энг кўп субсидия ажратадиган давлатлар қаторида туради. Бироқ сунъий ушлаб турилган паст нархлар соҳада самарадорликни ошириш мақсадида ишлаб чиқариш ва тақсимлаш босқичларини хусусий секторга ўтказишга тўсқинлик қилади, истеъмолчиларни ресурсларни тежашга рағбатлантирмайди.

Энергетикани субсидиялаш, шунингдек, ижтимоий тенгсизликни ҳам кучайтиради. Чунки аҳолининг даромади паст қатлами табиий равишда камроқ энергия сарфлайди, даромади юқори оилалар эса – кўпроқ (масалан, кўплаб техникаларни ўз ичига олган бир неча қаватли уй). Давлат энергоресурсларни барча учун бирдек субсидиялаши натижасида бадавлат қатлам давлатдан бир неча баробар кўпроқ миқдорда билвосита субсидия олади.

Буни 2022 йилда эълон қилинган расмий рақамлар ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент бор ва уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин бу хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи тўғри келади.

Шунингдек, табиий газга уланган 4 миллион хонадоннинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг атиги 35 фоизи тўғри келади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид