Фан-техника | 17:11 / 25.02.2024
45655
7 дақиқада ўқилади

Ўз Google’и, ўзининг ChatGPT’си бор – хитойликлар яратаётган сунъий интеллект дастурлари ҳақида

Сунъий интеллект учун кураш бошланди. Ривожланган давлатлар уни турли вариантларда тақдим этяпти. Ғарб давлатларининг ютуқлари билан тенгма-тенг Хитой ҳам сунъий интеллект борасида катта ишлар олиб боряпти. Бу мамлакатда ChatGPT ишламайди, Хитойнинг ўз "ChatGPT"си бор.

Фото: Getty Images

Глобал сунъий интеллект индексига кўра, Хитой сунъий интеллект рейтингида АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. 2022/23 йилларда Хитойда бу соҳага хусусий сектордан жалб қилинган инвестиция 95 млрд долларни ташкил қилган. Ҳукумат ҳам сунъий интеллект пойгасига фаол сармоя киритяпти. 2027 йилга бориб мамлакат ҳукумати киритган сармоя 38,1 млрд долларни, дунёдаги жами инвестициянинг 9 фоизини ташкил қилиши кутиляпти.

Tencent, Huawei ва Baidu каби компаниялар Хитойда сунъий интеллектнинг лидерлари бўлиб келмоқда. ChatGPT'нинг хитойча алтернативи сифатида кўрилаётган Tencent компанияси томонидан ишлаб чиқилган Кенг тил модели (LLM), Huawei компанияси тақдим қилган Pangu, Baidu томонидан ишлаб чиқилган ва тез оммалашган Ernie дастурлари хитойликлар томонидан фаол ишлатилмоқда.

Хитойча сунъий интеллект қандай ишлайди?

Хитойнинг Baidu компанияси қидирув тизимига асосланган сунъий интеллект соҳасидаги лидер компания ҳисобланади. Уни Google'нинг эквиваленти ҳам дейишади.

Компания худди АҚШдаги "ҳамкасби" каби сунъий идрок функцияларини ўзининг асосий хизматларига интеграция қилиб олди. Компания фойдаланувчилари учун яхшироқ ишлаш тажрибасини шакллантириб боряпти. Компания 2022 йилда ўзи ишлаб чиққан сунъий интеллект дастури ёрдамида 1965 йилда вафоти сабаб тугалланмай қолган рассомнинг ишини тугатиб берганда кўпчиликни ҳайратга солганди.

ўртадаги сурат муаллиф вафоти сабаб тугалланмай қолган вариант, ўнгдагиси бошқа бир рассом томонидан, чапдагиси эса сунъий интеллект ёрдамида тугалланган вариант.

Erni Bot

Baidu компанияси томонидан ишлаб чиқилган Erni сунъий идрок дастури ҳозирда 4-версияда ишламоқда. Компаниянинг иддао қилишича, у даража жиҳатдан ChatGPT-4 билан тенглаша олади.

2023 йил охирида компания ўзининг чатботини оммага тақдим этганидан атиги 4 ой ўтиб унинг фойдаланувчилари 100 млндан ошиб кетганини маълум қилганди.

Erni дастурининг тўртинчи вариантининг кенг оммага тақдимоти 2023 йил октябр ойида бўлиб ўтади ва унда бу дастур энди инсон томонидан берилган мураккаб ва тартибсиз саволларни ҳам тушуна олиши, сўровда назарда тутилган маънони ўзи илғаб ололишини иддао қилади. Ва шу сўров асосида бир неча сонияда керакли матн, сурат ва видеоларни ҳам тақдим эта олади.

Erni боти мураккаб геометрик муаммоларни ҳам ҳал қилиб бера олади. Шунингдек, у ёдда сақлаш хусусиятига ҳам эга.

Самсунг билан ҳамкорлик

Январ ойида Galaxy S24 смартфонлари тақдимотини ўтказган Самсунг компанияси Хитой техногиганти Baidu билан ҳамкорликда Erni чатботини смартфонларга интеграция қилган ҳолда чиқаришини эълон қилди.

Erni тушуниш қобилияти ўрнатиладиган Самсунг смартфонлари узун контентларни тушуниб уларни қисқа хулосаларга айлантириб бериши, телефон қўнғироқларини реал вақт режимида турли тилларга таржима қилиб бера олиши ва бошқа ақлли вазифаларни бажариши мумкин бўлади. Бу билан Самсунг компанияси Apple’нинг энг сўнгги чиқаётган iPhone'ларидан ҳам ўтиб кетишни режа қилган.

Савол бериб ҳақиқатни изловчи чатбот

Хитойнинг машҳур Alibaba компанияси эса Tongyi Qianwen дастурини ишлаб чиққан. Tongyi Qianwen онлайн савдо лидери бўлган Alibaba'нинг турли платформаларда фойдаланувчилар билан қизиқарли ва фойдали суҳбатга кириша олиш имкониятини тақдим этувчи сунъий идрок дастури. Уни хитойчадан "минглаб савол бериб ҳақиқатни изловчи" деб таржима қилиш мумкин. Дастур жуда кўп тиллардан ва доменлардан маълумотлар ола олади. У фойдаланувчилар саволига жавоб бериш билан бирга ҳикоя, шиор ва хулосалар каби оригинал нарсалар ҳам ярата олиши мумкин.

Чатботнинг оригиналлик хусусияти ҳам бор. У болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб улар учун ҳикоялар, бизнес эгаларининг маҳсулотлари ва бозорни инобатга олиб бизнес таклифлари ишлаб чиқиши, вақт тежамоқчи бўлган китобхонлар учун китобларнинг қисқа хулосаларини тайёрлаб бериши мумкин. Бот мултитилли ва у билан исталган усулда илмий ёки оддий сўзлашув тилида ҳам суҳбатлашиш, матнларни турли даражаларда таржима қилиш мумкин.

Чатботдан психологик ёрдам

Хитойнинг яна бир машҳур сунъий интеллект дастури видео ўйинлар ва ижтимоий тармоқлар бўйича медиамагнат Tencent компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Tencent Cloud Chat ҳам фойдаланувчиларга турли имкониятларни тақдим қилади. Фойдаланувчи бу СИ ёрдамида турли ҳужжатлар тайёрлаши, керакли маълумотларни олиши, инсон мулоқотига яқин тилда суҳбатлаша олиши мумкин. Бот ҳатто 24 соатлик психологик маслаҳатлар ҳам бера олади.

Об-ҳавони прогноз қилувчи сунъий интеллект

Ўтган йили Хитой техномагнати Huawei компанияси томонидан яна бир сунъий интеллект дастури Pangu тақдим этилган. Pangu номи Хитой фолклоридан олинган.

Бу дастур мавжуд GPT'лар билан солиштирганда ўзининг бажарадиган вазифалари билан фарқланади. У бошқа дастурлар каби "шеърлар ёзиш" кабилар билан эмас, балки турли саноат соҳаларини мустаҳкамлаш ва қайта ташкиллаштириш билан шуғулланади. У тилни табиий қайта ишлайди, мултимодал ўрганишни ташкил қилади, башорат қилиш ва илмий ҳисоблаш билан шуғулланади.

Pangu дастурининг ўзига хослиги унинг об-ҳавони прогноз қила олиши билан боғлиқ. Бу СИ дастури анъанавий рақамли об-ҳаво прогнозларига қараганда юқори аниқликда об-ҳавони прогноз қила олади. Модел башорат қилиш тезлигини 10 000 марта оширишга имкон беради, бу эса глобал об-ҳавони башорат қилиш вақтини бир неча сониягача қисқартиради.

Хитой сунъий интеллектни ҳам назорат қилади

Хитой сунъий идрок қудрати ва ўз навбатида у яратадиган хавфни дунёнинг бошқа давлатларига қараганда тезроқ тушуниб етди ва тартибга солиш чора-тадбирларини ҳам бошқалардан аввалроқ кўрди. Erni — Хитой ҳукумати томонидан ишлатишга рухсат берилган биринчи СИ платформаларидан бири. У мамлакат ҳукуматининг "Сунъий интеллект хизмат менежменти бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар дастури"га мос келади. Мамлакатдаги ҳар қандай сунъий интеллект дастури давлат белгилаган меъёрларга мос бўлиши керак.

Белгиланган чора-тадбирларга кўра, ҳар қандай генератив модел мавжуд социал қадриятларга мос келиши, давлат ҳокимиятини ағдаришга ундамаслиги, миллий хавфсизликка зарар етказмаслиги, миллий бирлик ва ижтимоий барқарорликка путур етказмаслиги, терроризм, экстремизм, миллий адоват, миллатлараро камситиш, зўравонлик, одобсизлик, шунингдек, ёлғон ва зарарли маълумотларни тарғиб қилмаслиги зарур.

Шунингдек, сунъий интеллект ёлғон маълумотларга асосланмаслиги, муаллифлик ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, алгоритми очиқ ва шаффоф бўлиши зарур.

Агар ноқонуний контент яратилаётгани аниқланса, уларни қонунга мувофиқлаштириш учун зудлик билан чоралар кўрилади, бу пайтда СИ яратувчилари ўз провайдерлари хизматини тўхтатиб туриши лозим бўлади. 

Мавзуга оид