Бундан роппа-роса 106 йил муқаддам  Қўқонда одамлар тириклайин ёқилган, ўлдирилган, зўрланган ва ҳатто гўдаклар ҳам шафқатсизларча қатл этилган эди. Туркистон  мухторияти тузилиши ва барбод қилинишига оид сиз эшитмаган маълумотларни бугун олимларимиз сизга сўзлаб беришади. Ҳозиргача яшириб келинган баъзи маълумотлар ва ҳақиқатлар бугун очиқланди. Миллатимизга геноцид уюштирилган ўша машъум кун ҳақида бугун суҳбатлашамиз.

Қаҳрамон Ражабов: — 22 феврал куни Туркистон мухторияти советлар томонидан ағдарилганига 106 йил тўлди. 20 аср бошлари ўзбек халқи тарихида муҳим рол ўйнаган Туркистон мухторияти бор-йўғи 72 кун яшади. Мухторият ҳукумати халқ томонидан сайланганига қарамасдан, ўша пайтдаги Туркистон аҳолисининг 95 фоиз аҳолиси асл туркистонликлар эди, қолганлар 50 йил давомида Россиядан, бошқа Европа давлатларидан кўчиб келганлар эди, улар Туркистон мухториятини тугатиш учун барча чораларни ишга солади. Перфелев бошчилигидаги қўшинлар Қўқонни ўраб олади. Уларнинг ихтиёрида тўплар, пулемётлар бор эди. 2 соат ичида ҳукумат таслим бўлса, ҳужум қилмасликларини айтишади, лекин мухторият буни рад этади, шундан сўнг Қўқонни тўплардан ўққа тутишади. Адабиётларда Қўқон қирғини 3 кун давом этган дейилади, лекин охирги йиллардаги аниқланган маълумотларга кўра, улар 10 кун давомида Қўқонни ўққа тутишган, шаҳарда жанглар бўлган ва шаҳар деярли вайрон қилинган.

Азамат Зиё: — Туркистон мухторияти — жуда катта воқеа. Замонавий давлатчиликни мустақил равишда яратишга катта бир қадам бўлган. Тўла мустақил давлат сифатида эмас, балки Россия таркибидаги демократик давлат сифатида эълон қилинган. Гап бу мухториятнинг қанча яшаганида ёки қандай шаклда бўлганида эмас, балки унинг қонга ботирилганида, вазият етилиб турганидан фойдалана олинмаганида деб биламан.

Қаҳрамон Ражабов: — Тошкент, Самарқанд, Фарғона водийсидаги тараққийпарварлар ўртасида Россия таркибидаги Туркистонга кенг маънодаги миллий, маданий мухторият бериш масаласи қўйилган эди. Бу мухторият автоном шаклда эмасди. Жадидларимиз мухториятни аста-секин тўлиқ мустақил давлатга айлантирмоқчи эди.

1918 йил февралда Қўқон шаҳри ва унинг атрофида болшевиклар томонидан жуда катта кўламда қирғин содир этилган. Фарғона вилояти давлат архиви ҳужжатларига кўра, большевиклар Қўқонни тўпдан ўққа тутаётганда кимёвий снарядлардан фойдаланишган. Бу ҳақидаги маълумотларни ўша пайтда Қўқонда бўлган америкалик журналист ёзади ва Америкада эълон қилинади, унинг мақоласининг рус тилидаги нусхаси Фарғона давлат архивида сақланган. Қўқон вайрон қилингани ҳақида ўзбек олимлари ҳам ёзган, лекин улар совет даври бўлгани учун бошқача тус берган бу воқеаларга. Большевиклар озодлик олиб келди, дейишган, жадидлар тузган ҳукуматни эса бойлар ҳукумати эди, деб тасвирлашган.