Ўзбекистон | 22:14 / 27.02.2024
21510
6 дақиқада ўқилади

ТДИУ ректори: “Сергелига кўчиш масаласи олдимизга қўйилмаган”

Иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабоев Kun.uz'га берган интервюсида молия ва фискал институтлари нима учун иқтисодиёт университетига қўшиб юборилгани, янги ўқув йилидан бошлаб талабалар қаерда ўқишни бошлаши ва ОТМларнинг ҳозирги бинолари тақдири нима бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

2024 йил 7 февралдаги президент қарори, билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Молия ва Фискал институти қўшилиб, ягона Иқтисодиёт университети ташкил қилинди. Қарорга кўра, 2023/24 ўқув йилидан бошлаб Молия ва Фискал институтида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига янги университет дипломи берилади. Бу учта олийгоҳнинг 2- ва 3-курсга ўтган талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича мақбуллаштирилган таълим йўналишларига кўчиради.

Бундан аввалроқ, 2023 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Молия институти Сергели туманига кўчирилиш эҳтимоли йўқ эмаслигини маълум қилган эди.

Иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабоев шу ва бошқа масалалар юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, олийгоҳларнинг Сергели туманига кўчирилиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз. Учта ОТМнинг жами 13 та объектси қайта ташкил этилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети тасарруфида қолади.

Ўзимга ҳам кўпчилик қачон Сергелига кўчасизлар, деб савол беради. Қарорда аниқ кўрсатиб ўтилган, барча бинолар университетнинг ўз тасарруфида қолади. Сергелига кўчиш масаласи олдимизга қўйилмаган”, – деди ректор.

Унинг қўшимча қилишича, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари ТДИУнинг кузатув кенгаши этиб белгиланган. “Барча фаолиятларимиз кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади”, – деди Тўлқин Тешабоев.

Талабалар тақсимоти

ТДИУ ректорига кўра, кейинги йилдан Молия ва Фискал институтларининг иқтисод йўналишида ўқийдиган талабалари Иқтисодиёт университетига келиб ўқийди; молия, банк йўналишидаги талабалар собиқ Молия институтига кўчирилади. Шунингдек, солиқ йўналишидаги талабалар ҳам собиқ Фискал институтида ўқишни давом эттиради.

Факултетларни бундай тақсимлашдан талабалар қийналмаслиги мақсад қилинган. Улар бир кунда битта бинода ўқишлари керак. Энди улар бир соат бошқа бинода ўқиб, бир соат бошқа бинода ўқишларига тўғри келмайди. Ҳам ижтимоий йўналишда, ҳам йўл харажатларини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келинди”, – дейди Тешабоев.

Янги ўқув йили қачондан бошланади?

Талабалар янги университетга 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб қабул қилинади. Бунда, давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида белгиланади. Таълим жараёни давлат тили, инглиз тили ва бошқа хорижий тилларда олиб борилади.

Ректорга кўра, 3 та олийгоҳни қўшиб ҳисоблаганда, 44 мингдан ортиқ талаба таҳсил оляпти.

Бу республикадаги энг йирик ОТМ бўляпти. Мен ўйлайманки, ҳам иқтисод, ҳам бухгалтерия, ҳам солиқ йўналиши бўйича талабгорлар кўп. Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда кейинги йилги квоталарни белгилаймиз. Талаб сони ошади деган умиддаман”, – деди Тешабоев.

Янги ўқув йилида талабалар қаерда ўқийди?

Қарорда кўрсатилишича, 2024/2025 ўқув йили бошлангунигача тажрибага эга бўлган лойиҳалаштириш ташкилоти жалб қилиниб, Иқтисодиёт университетининг мавжуд ҳудудлари ва бино-иншоотлари негизида замонавий кампусни бунёд этиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади.

Ректорнинг изоҳлашича, бу кампус ҳозирги Иқтисодиёт университети ҳудудининг бўш турган жойларида қурилади. Университетнинг Ислом Каримов кўчасидаги ҳудуди бузилмайди.

Мен ўқув биноси ҳақида гапиряпман. Албатта, бўш турган ҳудудларда Қурилиш вазирлиги билан келишган ҳолда янги бино қурилади”, – деб тушунтирди у.

Шунингдек, қарорда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Олмазор кўчаси 183-уй манзилидаги ҳудудида халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув аудиториялари, коворкинг марказлари, IT лаборатория, бизнес инкубатор ва анжуманлар залини ўз ичига олган мултифункционал кўп қаватли бино қурилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, бу ҳудудда жойлашган маънан ва жисмонан эскирган биноларни бузиш ҳисобига 1 000 ўринли талабалар турар жойи қурилиши кўрсатилган.

Тешабоевнинг тушунтиришича, бу ҳудудда ўқув биноси эмас, собиқ Молия институти талабалари учун ётоқхона қурилади. Шунингдек, Учтепа туманида жойлашган собиқ Фискал институти ҳудудида ҳам қўшимча ТТЖ қуриш режалаштириляпти.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан талабалар турар жойи қуришга келишдик. Талаба ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб қолмаслиги керак. Ва йўл харажатларига имкон даражасида кам сарфласин деб шундай қилинди. Энг катта муаммо ҳам талабаларни ТТЖ билан таъминлаш бўлиб турибди.Тошкентда квартира нархлари ошиб кетяпти, бу талабага қийинчилик туғдиряпти”, – деди университет ректори.

Олийгоҳларнинг бирлаштирилиш сабаби

Ректор 3 олийгоҳнинг бирлаштирилиш сабабига ҳам изоҳ берди. Унинг маълум қилишича, бу 3 та ОТМда ҳам бир-бирини такрорлайдиган, бир хил йўналишдаги факултетлар бўлган.

Масалан, бухгалтерия, солиқ ва бошқалар Молия, Фискал, Иқтисодиётда ҳам бор эди. Буларда ҳар хил методика билан ўқитилган. Қарорнинг келиб чиқишига қайтарилаётган фанларни бирлаштириш масаласи сабаб бўлди. Энди уларнинг ҳаммасини бирлаштириб, ўқув жараёнига ягона тизим ва албатта янги классификаторлар киритилади, янги йўналишлар очилади”, – деди Тешабоев.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz

Мавзуга оид