Жаҳон | 14:32 / 28.02.2024
5296
4 дақиқада ўқилади

Европарламент Украина жамғармаси тузилишини қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқи Украина жамғармаси бюджетини ташкил этувчи 50 миллиард евронинг биринчи транши Киевга март ойи бошида берилиши мумкин.

Фото: Xavier Lejeune/European Union, 2023

Европа парламенти ниҳоят Украинага 50 миллиард евро миқдорида узоқ муддатли молиявий ёрдам ажратишни қўллаб-қувватлади. 27 феврал, сешанба куни Страсбургдаги ялпи мажлисда Европа Иттифоқи парламенти 2024-2027 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқи бюджети доирасида Украина жамғармасини ташкил этиш қоидаларига тегишли тузатишларни киритган резолюция учун овоз берди.

Ҳужжатни 536 депутат қўллаб-қувватлади, 40 нафари қарши чиқди, яна 39 нафари бетараф қолди. Шу тариқа, ҳисобот ҳаммуаллифи, «Европа халқ партияси»дан немис депутати Михаэл Галер овоз беришдан олдинги дебатлар чоғида таъкидлаганидек, Европа Иттифоқи март ойи бошида Украинага биринчи траншни бериши мумкин.

Евроиттифоқ Украинага ёрдам бериш зарурлигига шубҳа қилмаяпти

Галернинг таъкидлашича, Украина жамғармаси ташкил этилиши ЕИ Киевга берган ваъдаларини бажараётганидан далолатдир. Шу билан бирга, у 2023 йил 13 декабрда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммити чоғида Украинага 50 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарорни тўсиб қўйган «Венгрия ветоси туфайли икки ойдан кейин» ёрдам берилаётганини таъкидлади.

Украина жамғармасининг мақсади - «давлат ишлашда ва ўз вазифаларини бажаришда давом этиши учун» Украинага бюджет ёрдамини кўрсатиш, деди Галер. ЕИ пуллари мамлакатни қайта қуриш ва Украина ҳукуматига ЕИга қўшилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бериш учун ҳам сарфланади.

Спикернинг қайд этишича, Украина жамғармасини яратиш бўйича регламентга Европарламент томонидан киритилган ўзгартиришлар орасида Олий рада ва фуқаролик жамияти бу пуллар қандай ишлатилишини назорат қилишдаги ролини кучайтириш банди бор. Шунингдек, тиклаш ва реконструкция лойиҳалари бўйича қарорлар қабул қилишда маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият органларининг иштироки кўзда тутилган. Шу билан бирга, Майкл Галер Украина жамғармаси пулларидан фойдаланиш «шаффоф» бўлиши кераклигини таъкидлади, чунки Европа Иттифоқи «ўтмишдаги ёмон коррупционерларни» яхши эслайди. 

Бюджет ва бошқарув бўйича Европа комиссари Йоханнес Хан мунозарада сўзга чиқиб шундай деди: «Биз ҳаммамиз фахрланамизки, Украина учун 50 миллиард евро ажратиш масаласи ушбу залда мутлақ кўпчилик томонидан маъқулланади ва бунга эҳтиёж қолмайди. Биз Қўшма Штатлардаги Вакиллар палатасида бўлгани каби - Украинага пул керакми ёки йўқми, деб савол бермаймиз. Нега? Чунки Украина қонун асосида дунёмизни ҳимоя қилиб, биз учун курашяпти». Еврокомиссарнинг таъкидлашича, ЕИ бюджети доирасида Украина жамғармаси ташкил этилиши Европа Иттифоқи ҳамкорларига унинг «узоқ муддатли истиқболда зарур молиялаштиришни таъминлашга» тайёрлиги ҳақида сигналдир. 

ЕИ пуллари нимага сарфланади?

Европа Иттифоқининг узоқ муддатли бюджетига ўзгартиришлар киритиш доирасида Украина учун 50 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарор ЕИ етакчилари томонидан 1 феврал куни Брюсселда бўлиб ўтган махсус саммитда қабул қилинди. Украина жамғармасининг ташкил этилиши ЕИ тарихида прецедент бўлди, чунки биринчи марта ташкилот бюджетидан унинг таркибига кирмайдиган давлатга ёрдам бериш учун бундай катта маблағ ажратилмоқда. Жамғарманинг мақсади - Украина давлат институтлари ва молия тизими барқарорлигини қўллаб-қувватлаш. Жамғарма маблағлари 33 миллиард кредит ва 17 миллиард грант сифатида тақсимланади. Кредит фоиз ставкалари субсидияланади.

Украина жамғармаси учта асосий компонентдан иборат. Биринчиси, Украинанинг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, иккинчиси Украинани тиклаш ва реконструкция қилиш учун давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилишга мўлжалланган, учинчиси - техник ёрдам учун.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид