Жаҳон | 10:30 / 29.02.2024
3065
2 дақиқада ўқилади

Белгия Чехиянинг Киев учун ўқ-дорилар ташаббусини тўлаб беради

Белгия Украина учун 800 минг ўқ-дори сотиб олишга 200 миллион евро ажратмоқда, деди қироллик бош вазири Александр Де Кру. 

Фото: Inna Varenytsia/REUTERS

Белгия Украина учун 800 минг ўқ-дори сотиб олишга 200 миллион евро ажратади, уни чет элда сотиб олиш имкониятини Чехия президенти Петр Павел феврал ойи ўрталарида Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)да эълон қилган эди. Бу ҳақда Белгия бош вазири Александр Де Крунинг 28 феврал, чоршанба куни X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида айтилади

MSC’да Украина бўйича муҳокамалар чоғида Павел ўқ-дориларни етказиб бериш бир неча ҳафта ичида амалга оширилиши мумкинлигини, молиялаштириш Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан тақдим этилишини таъкидлади. Чехия давлати раҳбарининг аниқлик киритишича, гап 155 мм калибрли 500 000 та артиллерия снарядлари ва 122 мм калибрли 300 000 та снарядлар ҳақида кетмоқда.

Павел харидлар қайси мамлакатларда амалга оширилиши мумкинлигини аниқлаштирмади. Айни пайтда, феврал ойи бошида Politico интернет нашри Чехия Жанубий Корея, Туркия ва ЖАРда ўқ-дорилар бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган эди. 

УҚКда ўқ-дориларнинг етишмаслиги 

Чехия президенти Мюнхен конференциясида сўзлаган нутқида Украинадаги вазиятни «мураккаб» деб атади ва ўтган йилдан бери у жуда ўзгарганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия кўп хатолардан сабоқ олди, тактикани ўзгартирди ва иқтисодиётни уруш ҳолатига келтирди. «Россия инсон ресурслари ҳақида қайғурмайди ва президентлик сайловларигача кўзга кўринадиган муваффақиятларга эришиш учун ҳаракат қилмоқда», деди Петр Павел. 

Айни пайтда УҚК ҳақиқатан ҳам ўқ-дориларни тежаш заруратига, шу жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқидан Украинага ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришдаги кечикишлар туфайли дуч келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид