Жаҳон | 20:25 / 29.02.2024
11097
8 дақиқада ўқилади

Ғазодаги қўлдан ясалган ҳалокат, Озарбойжонга Европадан санкция хавфи ва учинчи штатда тақиққа учраган Трамп — кун дайжести 

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан одатдагидек таништиришда давом этамиз. 

Фаластиндаги вазият

АҚШдан Исроилга сўнгги муддат берилмоқда. Axios USA янгиликлар сайтининг хабарига кўра, расмий Вашингтон Исроил ҳукуматига март ойининг сўнгига қадар АҚШ қуролларидан фойдаланишда халқаро қонунларга риоя этишга мажбурловчи ҳужжатни имзолаш учун муддат берган.

Шу ҳужжатнинг ўзида Исроил ҳукмуатига Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамларини тўсиқсиз киритиш ҳақида сўров ҳам бор. Исроил ўз мажбуриятларини бажармаса, оккупация остидаги ҳудудларда ишлатиш учун қурол-яроғлар жўнатиш «вақтинча» тўхтатиб турилади.

БМТ Ғазода қўлдан ясалган ҳалокат давом этаётгани ҳақида бонг урмоқда. 23 январдан буён Ғазонинг шимолий қисмига БМТ озиқ-овқат етказа олмаяпти, деган БМТнинг фаластинлик қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Филипп Лаззарини.

«Бу қўлдан ясалган ҳалокат», — деб ёзган Лаззарини X ижтимоий тармоғида ва қамал қилинган эксклавга кўпроқ озиқ-овқат олиб киришга рухсат этилса тобора таҳдид солаётган очарчиликнинг олди олиниши мумкинлигини қўшимча қилган.

БМТ Халқаро судининг январ ойида чиқарилган, тел-Авивга Фаластин эксклавининг тинч ахолисини геноцид қилишни бас қилиш ва уларга инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги оралиқ қарорига қарамасдан, агентликнинг озиқ-овқат ёрдами етказиш тўғрисидаги чақириқлари «эътиборсиз қолган».

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазога шиддатли бостириб кириши ҳудуддаги 85 фоиз тинч аҳолининг ўз турар жойларини ташлаб чиқишига, тотал қамал эса озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармон етишмовчилигига олиб келган. 

Украинага ёрдам

Пентагон Украинага ажратилган сўнгги 4 млрд долларни ўз арсеналидаги қурол-яроғ ва ўқ-дориларни тўғридан тўғри Украинага етказиб бериш учун фойдаланиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради CNN телеканали.

Телеканал ҳамсуҳбатига кўра, бу борада ҳозирча якуний тўхтамга келинмаган. Америкалик юқори мартабали мулозимлар ушбу сумманинг ҳеч бўлмаса бир қисмидан шу йўлда фойдаланишни муҳокама қилишмоқда.

Белгия Украина учун ўқ-дорилар харид қилиш бўйича Чехия ташаббусига 200 млн евро ажратадиган бўлди. Бу ҳақда Белгия бош вазири Александер де Кроо айтиб ўтган.

«Биз ҳеч қачон Украина ҳар куни бераётган қурбонларга тенглаша олмаймиз», — деган дк Кроо.

Белгия бош вазири Россия агрессиясига қарши тура олиши учун Зеленскийга у сўраган нарса, яъни кўпроқ ўқ-дорилар бериш кераклигини таъкидлаган.

«Белгия Чехиянинг бу борадаги ташаббусини 200 млн еврога молиялаштиради. Қўшимча ўқ-дориилар яқин ҳафталарда етказилади», — деган де Кроо.

Аввалроқ Чехия Украина учун 800 мингта артиллерия снарядлари топгани эълон қилинган эди.

Европа Иттифоқи Украина учун 50 млрд евро ажратиш учун тўрт йиллик режани якуний тасдиқлади.

Европа Иттифоқи кенгаши 2027 йилгача бюджетни кўриб чиқишнинг ўрта муддатини тасдиқлади. Унга кўра, Ukraine Facility механизми — 50 млрд евролик тўрт йиллик режа ҳам таъсис этилган. 

Озарбойжонга санкция хавфи

Европа парламенти ташқи сиёсат ва Европа Иттифоқининг хавфсизлик сиёсати бўйича иккита резолюция қабул қилди. Резолюциялар Озарбойжонга нисбатан санкцияларни назарда тутади ва уларнинг ҳар бири Европа Иттифоқини қуйидагиларга чорлайди.

«Озарбойжонга қарши санкциялар жорий қилиш ва Энергетика соҳасида Озарбойжон билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини ҳаракатдан тўхтатиш»;

«Агар Арманистонга нисбатан ҳар қандай ҳарбий агрессия қўлланилса Озарбойжоннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятига нисбатан мақсадли ва индивидуал санкциялар жорий қилишга тайёр бўлиш, нефт ва газ импортини тўхтатиш»;

«Арманистондаги Евроиттифоқ мандатини кучайтириш, унинг ҳажмини ошириш ва амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек Туркия билан чегарада кузатувчилар жойлаштириш»

«Озарбойжон билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни тўхтатиш».

Эслатиб ўтамиз, Арманистон томони Озарбойжонни ҳарбий агрессияда айблаб келмоқда. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжонда Арманистонга нисбатан куч ишлатиш режаси йўқлиги, буларнинг барчаси Франция президенти Эммануэл Макроннинг ваҳимаси эканини айтиб ўтган.

Нима бўлганда ҳам, Европа КХШТдаги иштирокини музлатиб, Россиядан қўлини ювиб қўлтиғига урган Арманистон тараф бўлиб, эҳтиёт чораларини кўриб қўймоқда. 

Россияликлар уруш ҳақида

Россияликларнинг қарийб 60 фоизи Путин Украинада қандай мақсадларга эришганини тушунтириб бера олмаган. Россия фуқаролари омматан урушни қўллаб, Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»ни «муваффақиятли» кетаётганини таъкидлаётган эса-да, уларнинг катта қисми ўтган икки йил ичида президент Владимир Путин айнан қандай мақсадларига эришганини санаб бера олмаган.

Бу RussianField социологлари томонидан феврал ойида ўтказилган сўровномада ўз аксини топган. Сўралганларга берилган саволлар қаторида «Айни пайтга келиб ҳарбий операциянинг қандай мақсадларига эришилди?» деган савол ҳам бўлган.

Сўралганларнинг 58,9 фоизи бирорта мақсад санай олишмаган. 35,8 фоиз одам «жавоб беришга қийналган», яна 23,1 фоизи «ҳеч қандай» деб жавоб берган.

2022 йилнинг февралида Украинага босқинни эълон қилар экан, Путин Украинани «денацификация» ва «демилитаризация» қилиш мақсади қўйилганини таъкидлаган эди. Икки йил ўтгач, «денацификация» мақсадига эришилганини 0,9 фоиз, «демилитаризация» қилинганини 1,5 фоиз одам санаб ўтган.

Путин дунёга «Россиянинг кучини кўрсатиб қўйгани»ни 2,3 фоиз, Донбасс аҳолисини «ҳимоя» қилганини 2,2 фоиз, халқни бирлаштириб унинг бутунлигини таъминлаганини 1 фоиз сўралганлар таъкидлаб ўтишган. Сўровдан кўринадики, бу урушни айрим россияликлар истилочилик уруши деб ҳисоблашади. Чунки 17 фоиз сўралганлар босиб олинган ҳудудлар асосий мақсад эканини таъкидлашган.

 

Венгрияда оналарга солиқ имтиёзи

Венгрияда тўрт ва ундан ортиқ фарзанд кўрган аёллар умрбод солиқдан озод қилинадиган бўлди

The National News хабарига кўра, бу чора 2015 йилда бошланган иқтисодий рағбатлантириш пакетининг бир қисми бўлиб, аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга ундайди.

Имтиёзлар сирасига уй-жой бўйича ёрдам, фоизсиз кредитлар ва ипотека чегирмалари ҳам киради.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан туғилиш даражасини мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масала, деб эълон қилди. Бошқа ривожланган мамлакатлар сингари Венгрияда ҳам аҳоли сони йилдан йилга камайиб бормоқда, туғилиш даражаси ҳар бир аёлга атиги 1,45 болани ташкил этади, бу аҳоли сонини барқарор сақлаб қолиш учун зарур бўлган кўрсаткич — 2,1 дан анча паст.

Ечимлардан бири иммиграция. Бироқ Виктор Орбан буни Венгрия учун таҳдид сифатида рад этади.

«Иммиграция капитуляция демакдир», — деган Орбан. Вазир Венгрия кўпроқ болаларини хоҳлаши ва айни вазиятда иммиграция эмас, туғилиш ечим эканини айтган. 

Трампга яна тақиқ

АҚШнинг собиқ президенти, навбатдаги президентлик сайловларига қизғин тайёргарлик кўраётган Доналд Трампга АҚШнинг учинчи штатида праймеризда иштирок этиш тақиқлаб қўйилди

Иллинойс штати суди штат сайлов комиссиясига 19 март куни республикачилар ўртасида ўтказиладиган дастлабки сайловлар (праймериз) да унинг номини сайлов бюллетенларидан олиб ташлашни буюрди. Собиқ президент 1 мартга қадар қарор устидан апелляция бериши мумкин.

Аввалроқ Трамп Колорадо ва Мэн штатларида 5 март куни ўтадиган «суперсешанба» доирасида праймериз қатнашувчилари рўйхатидан олиб ташланган эди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид