Жаҳон | 10:52 / 09.03.2024
4115
2 дақиқада ўқилади

Франция мудофаа компаниялари Украинада ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Франциянинг учта мудофаа компанияси Украина корхоналари билан учувчисиз учоқлар ва ерусти ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилади, деди Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Фото: Reuters

Франция мамлакатга Россия ҳужумини қайтаришда ёрдам бериш учун тўғридан тўғри Украина ҳудудида ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун айрим мудофаа компанияларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 8 март, жума куни BFMTV телеканалида мудофаа вазири Себастен Лекорню маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, гап уч француз компанияси ҳақида кетмоқда, улар Украина корхоналари билан дрон ва ерусти ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликка киришади. Дастлаб, корхоналар ҳарбий техника учун бутловчи қисмлар, келажакда эса, эҳтимол, ўқ-дорилар ҳам ишлаб чиқаради. 

Ишлаб чиқариш ёзда бошланиши режалаштирилган 

Дастлабки ишлаб чиқариш қувватларини 2024 йилнинг ёзида ишга тушириш режалаштирилган, дея қўшимча қилди Франция мудофаа идораси бошлиғи. Лойиҳада иштирок этувчи компаниялар қаторига танк ишлаб чиқарувчи KNDS - Франциянинг Nexter ҳамда Германиянинг Krauss-Maffei-Wegmann ширкати томонидан тузилган ҳолдинг тузилмаси киради. 

Айни пайтда, Лекорню жангларда қатнашиш учун Украинага қуруқликдаги қўшинлар юбориш эҳтимолини рад этди. «Турли фаразлар муҳокама қилинди. Лекин гап ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган қўшинлар ҳақида кетмаяпти», - деди вазир. Унинг таъкидлашича, ҳарбий жиҳатдан иштирок этишнинг бошқа моделлари бор, улар Украина ҳудудида миналардан тозалаш ва украиналик аскарларни тайёрлаш кабилар сифатида ҳам кўриб чиқилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид