«Арсенал» биринчи ўринга чиқди, Шомуродовда голлар, Ҳусановда ғалаба. Европада кун ўйинлари
|17:24 / 10.03.202435 11519 мин
«Бавария» 8 та гол урди, «Интер» иккинчи ўриндан 18 очкога ўзиб кетди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
Қишнинг иккинчи ойида «Арсенал» АПЛдаги барча тўрт ўйинида ғалаба қозонди, рақиблар дарвозаларига жами 21 гол урилди, Микел Артета феврал ойининг энг яхши мураббийи деб топилди, унинг жамоасининг ғалабали серияси етти ўйинга етди.
Бу сафар ҳам уйдаги ўйин дарҳол вазиятлар яратилиши билан бошланди. Зарбалар олдинги ўйинлардагига қараганда камроқ эди, аммо ўйин тўлалигича рақиб жарима майдони атрофида кечди ва доимий таҳдид солиб турилди. Шу куни ҳужум марказида тушган Ҳаверцда қатор имкониятлар бўлди, аммо 19-дақиқада ҳисобни у эмас, Райс Уайтнинг узатмасидан кейин бошда йўллаган зарбаси билан очди. Майдондаги асосий иши рақиб ҳужумларини бузиш бўлган англиялик таянч яримҳимоячиси учун бу АПЛ жорий мавсумидаги олтинчи гол бўлди. У айниқса сўнгги ўйинларда ҳужум чизиғида фойдали бўлмоқда – беш ўйинда уч гол уриб, уч ассист муаллифи бўлди.
Барчаси биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланишига қараб кетаётганди, аммо 45+4-дақиқада «Арсенал» дарвозабони Рамсдейл қўпол хатога йўл қўйди. Айтиш керакки, у бу ўйинга мажбуран туширилганди. Асосий дарвозабон Райя «Брентфорд»га қарши ўйнай олмасди, у ҳамон ушбу клуб футболчиси ҳисобланади («Арсенал» уни мавсум якунида сотиб олиш шарти билан ижарага олган).
Танаффус арафасида Рамсдэйл тўпни қабул қилиб олганида уни узоқлаштириш учун етарли вақтга эга эди, аммо у кимга пас бериш бўйича кўп ўйланиб юборди ва бундан фойдаланган «Брентфорд» ҳужумчиси Висса тўпга оёқ қўйишга улгурди. Натижада навбатдаги ишончли ғалабасига эришиши кутилган «Арсенал» ўйини асабий тус олди.
«Арсенал» иккинчи бўлимни ҳам кучли бошлади ва иккинчи голга жуда яқин келди. Эдегор, Габриэл ва Райсда хавфли зарбалар бўлди. Кейин биринчи бўлим антиқаҳрамони Рамсдэйл икки бор қаҳрамонлик кўрсатди ва муқаррар голлардан қутқарди. Кейин эса баҳсли вазият юзага келди, Эдегор тўпни жарима майдонига ошириб берди, «Брентфорд» ҳимоячиси Аер эса Троссарни бўйнидан ушлаб йиқитди. Бу вазиятда ҳимоячи тўп учун курашмаётганди, бу муқаррар пеналти бўлиб кўринганди, аммо VAR вазиятга аралашмади.
Мавзуга оид
Бунинг ортидан «Арсенал» бошқа эпизод учун пеналти сўради, аммо бу ҳолатда арбитр ҳақли равишда «нуқта»ни кўрсатмади. Агар у истаса Ҳаверцга симуляция учун сариқ карточка кўрсатиши ҳам мумкин эди, бу эса унинг учун иккинчи огоҳлантиришга айланарди.
Аммо «Арсенал» пеналтисиз ҳам уч очкони қўлга киритди. Аввалига Райснинг зарбаси устун ва тўсин туташган нуқтага тегди, 86-дақиқада эса Уайт Ҳаверцга идеал узатма берди. Германиялик футболчи тўпга боши билан тегиниши қолганди ва у буни уддалади. «Брентфорд» дарвозабони тўпни тўсишга ҳаракат қилди, аммо тўп унинг қўлларидан ўтиб барибир дарвоза тўрига кирди. «Арсенал» биринчи ўринга кўтарилди ва энди «Ливерпул» ва «Манчестер Сити»нинг ўзаро ўйини натижасини кутади. Агар бу ўйин дуранг натижа билан якунланса, лондонликлар биринчи ўринда қолади, чунки тўплар нисбати айнан уларда ҳамманикидан яхшироқ.
«МЮ» учун ҳозирда Англия Кубоги муҳимроқ ўринга чиққан. Жамоага ушбу турнир чорафиналида «Ливерпул» рақиб бўлади, бу тўсиқдан ўтилса «Манчестер Сити» билан ҳам ўйнашга тўғри келиши мумкин, аммо қисқа муддатли турнирда натижага эришиш мумкин. Чемпионатда эса — Чемпионлар лигаси квартетидан 11 очколик фарқ — асосий еврокубок учун имкониятларни максимал даражада минималлаштирган. Лекин бу «қизил иблислар» учун АПЛ ўйинлари расмиятчиликка айланганини англатмайди. Ҳозирча турнир жадвалида кўтарилиш имконияти мавжуд.
«МЮ» ҳамон марказий ҳужумчиси Расмус Ҳойлундсиз ўйнашига тўғри келмоқда. У тиклана бошлаган, аммо «Эвертон» билан ўйин заявкасидан ўрин олмади. Ҳужум марказида Бруну Фернандеш тушди. У схема бўйича марказий ҳужумчи сифатида кўрсатилган бўлса-да, амалда орқароққа жойлашди ва қанотлардаги Маркус Рэшфорд ва Алехандро Гарначога тўп ошириш билан шуғулланди.
Мезбонлар ўйини аргентиналик футболчи орқали кескинлаштирилди. «МЮ» позицион ҳужумлардан кўра, қарши ҳужумларга таянди ва 19 ёшли вингер тез-тез рақиб жарима майдонига ёриб кира бошлади. Биринчи бўлимда «МЮ»нинг икки пеналтисини ҳам айнан у ишлаб берди.
12-дақиқадаёқ Гарначо чап қанотда Рэшфорддан тўп қабул қилиб олди ва жарима майдонига кирганида Жеймс Тарковски унинг оёғини босиб олди. Бруну зарбада адашмади.
36-дақиқада «МЮ» яна бир пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Гарначо ўнг қанотдан марказга кўчиб, уч ҳимоячини ортда қолдирди, кейин эса унинг оёғини Бен Годфри босиб олди. «Юнайтед» фанатлари иккинчи пеналтидан кейин viva Garnacho [«Гарначога олқишлар»] деб қўшиқ куйлай бошлашди. Бу сафар 11 метрлик жарима зарбасини Рэшфорд аниқ ижро этди.
Гарначо танаффусдан кейин ҳам майдондаги энг ёрқин футболчи бўлиб қолди ва рақиб жарима майдонида таҳдид солишда давом этди. Вазиятлардан бирида у ўзи ҳам гол уриши мумкин эди, аммо пас йўналишини тўғри баҳолай олмади.
Икки гол устунлигига эга бўлган «МЮ» иккинчи бўлимда ишончли ҳаракат қилди ва «Эвертон»га вазиятлар яратишга имкон бермади, ғалабали ҳисоб ўйин якунига қадар сақланиб қолди. Бундай ҳисобдаги ғалаба «МЮ»нинг бу мавсумдаги урилган ва ўтказилган голлари нисбатини яхшилади (ноллаштирди). Энди жамоа якшанба куни бўлиб ўтадиган ўзаро ўйинда «Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм» очко йўқотишини кутади. «Эвертон» эса АПЛда ғалабасиз сериясини 11 ўйинга етказди (5 дуранг, 6 мағлубият).
«Атлетико» Кадисга Гризманнсиз ташриф буюрди, у ЕЧЛ доирасида «Интер»га қарши ўйингача сафга қайтиши кутилмоқда. Афтидан, «матрасчилар»нинг асосий эътибори ўша ўйинга қаратилган, биринчи бўлим мезбонларнинг ҳақли ғалабаси билан якунланди. Тезкор қарши ҳужумдан кейин мадридликлар жамоаси ҳимоячилари Ҳуанмини осонлик билан ўтказиб юборишди, ҳужумчи Собринонинг узатмасидан кейин жарима майдонида ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан аниқ зарба йўллади.
Танаффусда Диего Симеоне керакли кўрсатмаларни берди, аммо Ҳуанми яна гол урди. Бу сафар «Бетис»нинг собиқ форварди жарима майдонига оддий тўп узатиши эвазига рўй берди, бу ҳужум вақтида Габриэл Паулиста қўпол хатога йўл қўйди. Аммо бу мағлубият меҳмонларнинг турнир жадвалидаги ҳолатига деярли таъсир кўрсатмади. Якшанба куни «Атлетик» «Лас-Палмас» билан қандай натижа кўрсатишидан қатъи назар, «Атлетико» тур якунларига кўра кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолиши аниқ.
Турнинг марказий ўйинини ўз туғилган кунида ноқулай рақибга қарши ўтказган «Интер» биринчи бўлим ўрталаридаёқ ҳисобни очди. Тактик эҳтиёткорликка эътибор қаратилган ўйинда нерадзуррилар прессингни аъло даражада бажаришди. Аввалига жароҳатидан тузалиб сафга қайтган Тюрам яққол голли вазият яратиб берди, аммо Скорупски яккама-якка ҳолатга чиқиб келган Барелланинг зарбасини қайтарди. Лекин кўп ўтмай миланлик ҳимоячилар ҳам ўз амплуадошларини, ҳам дарвозабонни иложсиз аҳволда қолдиришди. Бастони чап қанотдан ажойиб узатма берди, Биссек эса тўпни олис устун томонга аниқ йўллади.
«Интер» биринчи бўлимда нисбатан юқори савияли жамоа эканини намойиш этиб берди ва Симоне Индзаги Тиагу Моттани доғда қолдирди. Аммо ўтказиб юборилган гол «Болоня»ни ўзига келтирди ва жамоа иккинчи бўлимда ўзининг дадил футболини ҳамда устунликка интилишини намойиш этиб берди. Пошнинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси анча хавфли чиқди. Фақат бу ва бошқа ҳужумлар мезбонларни мағлубиятдан қутқариш учун етарли бўлмади.
Йил бошидан буён 13-ғалабасини нишонлаган «Интер» нуқсонсиз ўйнамоқда ва турнир жадвалидаги асосий таъқибчиси «Ювентус» билан орадаги фарқни 18 очкога етказди. Жамоа А серияда 22 ўйиндан буён ютқазмаяпти. Қолаверса, бу ўйинда жамоа тўпурари Лаутаро Мартинесга дам берилганди, у «Атлетико»га қарши сафар ўйини учун асралган. «Болоня» эса ғалабали серияси тўхтатилганига қарамай, «Рома» ва «Аталанта» жамоалари бу турда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолади.
«Бавария» ЕЧЛнинг кейинги босқичига чиққанидан кейин «қутуриб» кетди. Жамоа кучли, чиройли ва сон ўйнамоқда, худди биринчи гол урилган вазиятда Мусиала бир ҳаракат билан Кейнни бўш дарвоза қаршисига чиқариб юборганидек. Ҳарри офсайдда қолган бўлиши мумкинлиги туфайли тўпни Горецкага ўтказиб юборганидек. Шу билан бирга, ўйин муаммосиз кечмади, ниҳоят сафга қайтган Дэйвис 18-дақиқадаёқ янги жароҳат туфайли ўз ўрнини Рафаэл Геррейрага бўшатиб берди.
«Майнц» эса жавоб голини уриш орқали мюнхенликларнинг жаҳлини чиқариб юборди, мезбонлар сентябр ойида «Боҳум» билан ўйиндаги натижасини (7:0) яхшилади. Ўшанда бўлгани каби бу сафар ҳам Кейн ҳет-трик қайд этди ва 25 тур ичида чемпионатдаги голлари сонини 30 тага етказди. Барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда эса — 35 тага. Мавсум якунига қадар етарлича вақт бор, шундай экан англиялик ҳужумчи самарадорлик бўйича персонал рекордини янгилаши мумкин. «Тоттенҳэм»да у 2017/18 йиллар мавсумида 41 гол урганди. Ўшанда Кейн 48 ўйинда майдонга тушганди, бу мавсумда эса ҳозирча — 34 ўйинда.
Шанба куни тўртинчи ўрин учун сиртқи курашда биринчи юришни «Лейпциг» амалга оширди ва жамоа икки бўлим бошида биттадан гол уриб, «Дармштадт»ни ишончли ҳисобда мағлуб этди. Ўйиннинг боришига қараб, Марко Розе жамоаси икки гол билан кифоялангани ажабланарли. Лекин шу натижанинг ўзи ҳам ЕЧЛ ҳудудига кўтарилиш учун етарли бўлди. Гап «Боруссия» қандай жавоб қайтаришида эди.
Дортмундликлар эса Бременда ғалаба қозонди ва топ-4 га қайтди. Брандт биринчи бўлимдаёқ устунликни таъминлади, унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси Маленнинг қайтган тўпни дарвозага киритиши билан якунланди. Кейин эса Юлиан Санчонинг голига ҳаммуаллифлик қилди, англиялик ҳужумчи жарима майдонига кириб, ҳимоячини чиройли алдаб ўтди ва дарвозабонга имкон қолдирмади. Лекин Жейдоннинг мавсумдаги биринчи голи ғалаба учун етарли бўлмаслиги мумкин эди. Дортмундликлар сафида аввалига Забитцер майдондан четлатилди, иккинчи бўлимда эса Нджинма ҳисобни қисқартирди, кейин эса Вайзер жарима майдони марказидан зарба берганида Шлоттербек тўп йўлидан чиқиб, жамоаси учун уч очкони сақлаб қолди.
Франция: «Ланс» еврокубоклар йўлланмаси учун рақобатчисини енгди
Франция чемпионати 25-тури доирасида «Ланс» ўз майдонида «Брест»ни минимал ҳисобда мағлуб этди – 1:0.
Шу куни Абдуқодир Ҳусанов ўйинни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ҳаракат қилди. У 7-дақиқада огоҳлантирилди. Учрашув давомида эса жамоасининг фаол ўйинчиларидан бири бўлди.
Ушбу ғалаба эвазига лансликлар 42 очко билан 3-ўриндаги «Монако»га ҳозирча етиб олишди ва урилган голлар сонига кўра 4-ўринда боришмоқда. «Монако» ўз ўйинини якшанба куни ўтказади.
Кун статистикаси
«Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн бундеслигадаги дебют мавсумида тўрт бор ҳет-трик қилган 1-футболчига айланди.
«МЮ» «Эвертон» устидан 41-ғалабасига эришди. Бу АПЛдаги жамоалар рақиблигидаги рекорд кўрсаткич.
«Бавария» яримҳимоячиси Мусиала бундеслигада 50 самарали балл ишлади.