Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рамазонни қарши олган Ғазо, Трампнинг Орбанга ваъдаси ва Россияда истеъфога чиққан адмирал — кун дайжести
Кириб келган Рамазон ойи билан барчангизни табриклаб, дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Фаластиндаги вазият
Ғазо сектори айни дамда дунёнинг яшаш энг хавфли ҳудудига айланиб бўлди. Шундоғам жуда кичик ҳудудда яшайдиган 2 миллионга яқин одам ҳозир Ғазонинг бир бурчагидаги Рафаҳ шаҳридаги омон қолган бинолар ёки палаткаларда жон сақлашга мажбур. Ғазо мусулмонлари ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойини мана шундай кутиб олмоқда.
Ушбу тасвирларда ғазолик болалар ўзлари дуч келган қийинчиликларга қарамасдан, шифохона ҳовлисида Рамазон ойи кириб келганини нишонлаётганини кўриш мумкин.
Исроил қуролли кучлари оккупация остидаги Қуддус шаҳрида Ал-Ақсо масжидида ибодат қилишга тўсқинлик қилишмоқда. Таровиҳ намозларига 40 ёшдан ошган шахслар қўйилмоқда.
Ғазо секторида оташкесим ўрнатиш масаласи Рамазонгача ҳал бўлмай депсиниб қолди.
ҲАМАС сиёсий бюроси етакчиси Исмоил Ҳания ҳозирча Исроил Фаластин ҳаракатига сулҳ имзоланиши учун ҳеч қандай кафолат тақдим этмаганини маълум қилди. Бу ҲАМАС Ғазо секторида гаровда ушлаб турилганлар озод этилиши ҳамоно Исроил ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлашини англатади.
Ҳаниянинг алоҳида қайд этишича, бундай келишув «Ғазо секторида урушга якун ясай олмайдиган битим тузишни қатъиян истамаётган ҲАМАС учун мутлақо тўғри келмайди».
ҲАМАС келгусида Ғазо устидаги бошқарувни бошқа партиялар билан ҳам бўлишмоқчи.
ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳуссом Бадран келгусида ҳаракат Ғазо секторини якка ўзи бошқариш режаси йўқлигини, бироқ урушдан кейин секторда нималар бўлиши «Фаластиннинг ички иши эканини» таъкидлаб ўтган.
«Ан-Нажа» нашрига кўра, ҲАМАС Фаластин парламентидаги барча фракциялар билан ижобий муносабатлар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилишга интилади. Мақолада қайд этилишича, Бадран олдига муайян вазифалар қўйилган муваққат ҳукуматни шакллантиришга, жумладан Ғазо Сектори ҳамда Ғарбий соҳилнинг институтларини бирлаштиришга чақирган.
Қизил денгиздаги вазият
Ҳусийчилар Рамазон ойида ҳам ўзлари душман деб биладиган давлатларнинг кемаларига ҳужум уюштиришда давом этишларини маълум қилишди.
Яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий муқаддас Рамазон ойига тайёргарлик кўриш муносабати билан давлатнинг раҳбарлари ва олимлари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда чиқиш қилган ал-Ҳусий Рамазон ойи мобайнида ҳусийчилар АҚШ, Буюк Британия ва Исроилга ҳужумлар кучайтирилишини маълум қилди.
Қизил денгизда тижорий кемаларга ҳужум миқдорини ошириб бораётган яманлик ҳусийчилар ҳарбий машқлар ҳам ўтказишган. Афтидан, уларнинг ҳужумлари фақат Қизил денгиз билангина чегараланиб қолмайдиганга ўхшайди.
Улар ҳарбий машқ давомида Исроилдаги Негев чўли ҳамда яҳудийлар давлатининг бош ядровий маркази жойлашган Димон шаҳрига ҳужумни машқ қилишган.
Қора денгиздаги вазият
Россия президенти Владимир Путин мамлакат Қора денгиз флоти ўз кемаларининг 30 фоизидан айрилгач, Россия ҳарбий денгиз флоти бош қўмондонини истеъфога чиқарди.
2019 йилдан буён флот бош қўмондони бўлиб ишлаб келаётган, аввал Шимолий лот ва Тинч океани флотининг сув ости кучларига раҳбарлик қилган 61 ёшли адмирал Николай Евменовнинг истеъфога чиқарилганини бир неча манба хабар қилган.
Унинг ўрнига 2011 йили Россия қаҳрамони унвонини олган яна бир сув ости флотига раҳбарлик қилган адмирал Александр Моисеев тайинланган.
Россия ҳарбий денгиз флотининг бош қўмондони алмашинуви Қора денгиз флоти сўнгги бир ой ичида иккита муҳим кемасидан айрилгач рўй бермоқда. Сўнгги икки йиллик уруш даврида Россия Қора денгиз флоти 20 дан зиёд муҳим кемалари ва бир сув ости кемасидан, жумладан, флот флагмани «Москва» крейсеридан айрилган.
Айни пайтда Қора денгиз флотининг омон қолган кемалари лангар ташлаб, ҳарбий навбатчиликка чиқмаяпти. Бу ўтган ҳафта ичида «Сергей Котов» корвети Украина ҳарбийлари ҳужумига учраб, чўктириб юборилганидан сўнг содир бўлган. Жумладан, кеча якшанба куни Қора денгиз ҳавзасида Россия Ҳарбий денгиз флотининг бирорта кемаси сузмаган. Россиянинг ракета ташувчи кемалари эса 20 кундирки ўзлари жойлашган базаларни тарк этмаяпти.
Франция янги алянс тўпламоқда
Франция Украинага қўшин жўнатиш учун ғарб давлатлари алянсини тўпламоқчи.
Биринчи навбатда Болтиқбўйи давлатлари ўз қўшинларини Украинадаги урушга жўнатишга рози, деб ёзмоқда Politico нашри.
Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне Литвада Украина ва болтиқбўйилик ҳамкасблари билан учрашган ва Болтиқбўйи давлатлари қўшинлари Украина ҳудудига киритилиши ва уларнинг жумладан, ҳудудни миналардан тозалашда иштирок этишлари масаласини муҳокама қилган.
«Россия яқин йиллар ва ойлар ичида Украинага қандай ёрдам кўрсатишимиз мумкинлигини бизга кўрсатмаслиги керак. Россия бизнинг ҳаракатларимизни ташкиллаштиришга уриниши ёки қизил чизиқлар ўрнатмаслиги керак. Биз буни ўзаро ҳал қиламиз», — деган Сежурне.
Россияни тийиш учун айниқса Болтиқбўйи давлатлари жонбозлик кўрсатишмоқда. Чунки бу давлатлар Россия билан чегарадош ва Россия НАТО аъзоси бўлган бу кичик давлатларга очиқдан очиқ таҳдид қилиб келади.
Феврал ойи ўрталарида Болтиқбўйи давлатлари Россия ва Беларус чегарасида 1000 дан ортиқ бетон бункерлар қуришга қарор қилишган. Бундай бункерларнинг ҳар бири 37 метр квадрат майдонга эга бўлиб, 10 нафар аскарни артиллерия зарбаларидан асрай олади.
Шунингдек, «Болтиқбўйи мудофаа чизиғи» яратилади ва унга потенциал агрессорни тийиб туриш учун барча воситалар: танкларга қарши миналар, хандақлар, тиканли симлар, «аждарҳо тиши» деб аталувчи бетон ва темирбетон пирамидалардан фойдаланилади. Чегаралар яқинида ўқ-дори омборлари ҳам жойлаштирилади.
Трамп урушга нуқта қўядими?
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп агар сайловда ғолиб чиқиб, Оқ уйга қайтадиган бўлса, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни молиялаштиришни тўлиқ бас қилади. Бу ҳақда у билан Америкада учрашган Венгрия бош вазири Виктор Орбан маълум қилган.
«Агар Доналд Трамп яна президент бўлса, у европаликларнинг хавфсизлигини молиялаштиришни истамайди ва АҚШ томонидан Украинада уруш олиб бориш учун пул ажратилишига қарши чиқади», — деган у.
Американинг жорий президенти Жо Байден Венгрия бош вазирининг Доналд Трамп билан бу учрашувини изоҳлади.
Жо Байденга кўра, Орбан «демократия қандай ишлаши ҳақида ўйламаяпти ва диктатураларни қидирмоқда».
Шу ўринда Венгрияга оид яна бир хабар. Венгрия президенти бу вазифага тайинланишини кутмагани ва бунга тайёр эмаслигини маълум қилди.
Буни мамлакат парламенти томонидан президент этиб сайланган Тамаш Шуёк Будапештдаги президент саройи олдида бўлиб ўтган инаугурация маросимида айтиб ўтган...
АҚШсиз НАТО?
Америка европаликларни Россия таҳдидидан қутқаришни бас қилиши ва ҳаттоки НАТОни тарк этиши ҳақидаги гап-сўзлар кўпайганидан кўпаймоқда.
The Telegraph нашри ҳам Европа АҚШнинг НАТОни тарк этишига тайёр бўлиши кераклиги ҳақида мақола эълон қилди. Нашр бу воқеа агар Доналд Трамп президент этиб сайланган тақдирда содир бўлиши мумкинлигига урғу берди.
Нашрнинг манбалари бўлган НАТО давлатлари дипломатлари собиқ президент яна иқтидорга келиб қолган тақдирда у ҳозирданоқ қилаётган таҳдидлар фонида Европа пойтахтлари мавжуд мудофаа имкониятларини қайта кўриб чиқиш ва режалар тузиши кераклигига урғу беришган.
Ўтган ҳафта ичида Трамп республикачилар партиясидан ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига ягона номзод сифатида қарийб тасдиқланди. Унинг Оқ уйга қайтиш истиқболи Украинани қўллаш ва НАТО давлатларига содиқлик масаласида Европада тобора безовталик келтириб чиқармоқда.
Мавзуга оид
15:45 / 19.06.2026
Британияда қамалган Хитой жосуслари ва Евроиттифоқ-Исроил можароси – кун дайжести
16:00 / 18.06.2026
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026