Россия мудофаа вазирлиги 12 март тонгида етти област: Москва, Ленинград, Белгород, Курск, Брянск, Тула ва Орлов областларида 25 та учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилгани ёки ишдан чиқарилгани ҳақида хабар берди.
Яна икки регион — Нижегород ва Воронеж областлари губернаторлари ҳам тунги дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган. Киев одатда Россия ҳудудидаги ёнилғи корхоналарига берилган зарбаларга алоқадорлигини расман тасдиқламайди, аммо қатъиян рад ҳам этмайди.
Нижегород областидаги нефтни қайта ишлаш заводи ва Орёлдаги нефтбаза
Нижегород областида дронлар «Лукойл»нинг Кстово шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига қулаган. Нижний Новгород яқинидаги бу ҳодиса ҳақида маҳаллий нашрлар ва ТАСС агентлиги хабар берди.

Фото: Роман Яровицин, Коммерсантъ
Кейинроқ ТАСС Россиянинг энг йирик нефт компанияси эсланган хабарини ўчириб юборди, губернатор Глеб Никитин эса «ёнилғи-энергетика комплекси объекти» формулировкасини қўллади ва у ердаги нефтни қайта ишлаш қурилмаларидан бирида ёнғин бошланганини маълум қилди.
Бу Кстовога илк бор дронлар учиб келиши эмас. 31 январ куни РИА Новости манбаси Кстов районида иккита дрон радиоэлектрон кураш воситалари билан зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берганди. Дронлар аввалроқ Нижегород областининг Дзержинск шаҳрига ҳам ҳужум қилганди, бу ерда кимё саноати корхоналари жойлашган.
Нижегород НҚЗ — Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири саналади.
Кстоводан Украинанинг Киев назорати остидаги энг яқин нуқтагача тўғри чизиқ бўйича 800 км чиқади (шу билан бирга, дронлар доим ҳам тўғри чизиқ бўйича учмайди). Агентлик манбаси ўшанда улар Рязан области томондан учиб келгани, ҳаддан ташқари паст баландликда учгани (50 метр) ва радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилганини маълум қилганди.
Орёлда эса дрон нефт базага келиб урилган. Орлов области губернатори Андрей Кличков ҳам уни «ёнилғи-энергетика комплекси объекти» деб атаган ва у қайси компанияга тегишли эканига ойдинлик киритмаган. Бу ерда нефт сақлаш омборининг резервуари ёниб кетган, олов 100 квадрат метр майдонни қамраб олган, уни ўчириш учун ўнлаб ўт ўчирувчилар ва ўт ўчириш поезди жалб этилган.


















