Жаҳон | 13:40 / 13.03.2024
3944
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден сайловда номзоди илгари сурилишини тасдиқлади

Жоржия ва Миссисипи штатларида ўтказилган праймеризларда ғалаба қозонган Жо Байден демократлардан АҚШ президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши учун зарур бўлган делегатлар сонини тўплади.

Фото: Carlos Barria/Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Демократик партиядан янги президентлик муддатига номзодликни таъминлаш учун бошланғич сайловларда етарлича делегат тўплади. Жоржия ва Миссисипи штатларида 12 март, сешанба куни бўлиб ўтган бирламчи ички партиявий сайловлар натижаларига кўра, Байден номзодлик учун зарур бўлган 1968 дан ортиқ делегатнинг қўллаб-қувватлашига эришган.

Шу куни Вашингтон ва Шимолий Мариана оролларида ҳам праймеризлар бўлиб ўтди, бироқ уларнинг натижалари хабар эълон қилинган пайтда номаълум эди.

«Сайловчилар энди бу мамлакатнинг келажагини ҳал қилиши керак: биз демократиямизни ҳимоя қилиш учун турамизми ёки бошқалар уни йўқ қилишга рухсат берамизми?» - деди Байден Жоржияда натижалар эълон қилинганидан кейин.

Трамп номзодликка яқинлашмоқда 

Оқ уй собиқ раҳбари Доналд Трамп Жоржия ва Миссисипи штатларида Республикачилар партиясининг праймеризларида ғалаба қозонди. У, шунингдек, президентликка номзодликни таъминлаш учун зарур бўлган 1215 делегат кўрсаткичига яқинлашмоқда. 

Трампнинг Республикачилар партиясидаги сўнгги жиддий рақиби, БМТдаги собиқ элчи ва Жанубий Каролина губернатори Никки Хейли бир неча кун аввал пойгадан чиқиб кетган эди. 

Республикачилар ёки Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод бўлиш учун, аввало, ички партиявий праймеризларда ғалаба қозониш керак. Расмий равишда, олий давлат лавозимига номзодлар ёзда ҳар икки партиянинг қурултойларида аниқланади. 2024 йилги президентлик сайловлари 5 ноябрга белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид