Англия: «Сити» рикошетлар орқали яримфиналда

«Манчестер Сити» – «Нюкасл» 2:0
Голлар: 1:0 – 13 Бернарду Силва, 2:0 – 31 Бернарду Силва.
«Манчестер» Сити – Ортега, Уокер, Рубен Диаш, Аканжи, Гвардиол, Фоден, Ковачич, Бернарду Силва, Родри, Ҳоланд (Алварес, 87), Доку (Бобб, 77).
«Нюкасл» – Дубравка, Шер, Ласселс, Ботман (Крафт, 83), Берн (Ҳолл, 62), Бруно Гимараэс, Лонгстафф (Майли, 62), Уиллок (Андерсон, 62), Мёрфи, Гордон (Алмирон, 62), Исак.
Огоҳлантиришлар: Шер (18), Ласселс (28), Алмирон (90).

Англияда шу куни кубок турнири асосий планга чиқди, аммо бир учрашувдан иборат бўладиган чоракфиналда жиддий кураш кузатилмади. «Манчестер Сити» «Нюкасл»дан анча кучлироқ, қолаверса шу куни омад ҳам Хосеп Гвардиола жамоаси томонида бўлди. Дастлаб Бернарду Силванинг зарбаси Шерга тегиб, рикошет орқали бошқа томонга йўл олди ва Дубравкани иложсиз ҳолатда қолди. Португалиялик ҳужумчининг кейинги зарбаси ҳам дарвозабонга қийинчилик туғдирмайдигандек кўринганди, аммо зарба йўналишида турган Ботман тўпга бош билан тегинишга қарор қилди ва тўп яна дарвоза тўрига бориб тушди.

«Қарғалар» биринчи бўлимдаёқ икки гол ўтказиб юборди ва рақибга гол ура олмади, Эдерсоннинг жароҳати туфайли дарвозага қайтган Ортега Исакнинг жарима майдони ичидан йўллаган зарбасидан кейин феноменал сейв намойиш этди. 

Иккинчи бўлимда «Сити» тўпга эгалик қилишда давом этди ва меҳмонларга қараганда уч баробар кўпроқ вазиятлар яратди (жами зарбалар бўйича 16:2, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 5:1). «Сити» ва АПЛнинг энг яхши тўпурари Ҳоланд эса бу мавсум ўтган мавсумдагидек сермаҳсул ўйин кўрсата олмаяпти (айниқса сўнгги ўйинларда). Англия Кубогининг олдинги босқичида норвегиялик ҳужумчи «Лутон» дарвозасига бешта гол урганди, бу сафар эса ўз вазиятларидан фойдалана олмади. У «Нюкасл» дарвозаси томон беш бор зарба йўллади, аммо ҳар сафар зарбалари хато кетди. У йил бошидан буён ўтказилган 12 ўйиндан 7 тасида майдонни голсиз тарк этишига тўғри келди.

Шунга қарамай, «Сити» ишончли ҳисобни ўйин охирига қадар сақлаб қолди ва Англиянинг қаторасига олти мавсумда кубок яримфиналига чиққан илк жамоасига айланди. «Шаҳарликлар» — Англияда даражаси бўйича иккинчи ўринда турувчи ушбу совриннинг амалдаги соҳиби саналади.

Шанба кунги ўйинлар доирасида «Ковентри» ҳам «Вулверҳэмптон» билан ўйинда қўшимча дақиқаларда икки гол уриб (3:2), яримфиналга чиқди. Якшанба кунги ўйинларда «МЮ» – «Ливерпул» ҳамда «Челси» – «Лестер» жуфтликлари кейинги икки яримфиналчи номига аниқлик киритади.