Жаҳон | 22:13 / 18.03.2024
11357
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бошқа давлатларни коинотда ядро қуролини жойлаштирмасликка чақирмоқчи

Қўшма Штатлар ушбу масала бўйича бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни кутмоқда. 

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасини тайёрлади, унда барча давлатларни коинотда жойлаштириш учун ядро қуролини ишлаб чиқармасликка чақиради. Бу ҳақда БМТдаги АҚШ доимий вакили Линда Томас-Гринфилд хабар берди. 

БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидаги нутқида у «АҚШ Япония билан биргаликда резолюция лойиҳасини (...) тайёрлади, унда бошқа давлатларни коинотда жойлаштириш учун ядро қуроли ёки оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқармасликка чақиради», деди. 

Бундан ташқари, Томас-Гринфилднинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ташқарида Қўшма Штатлар ушбу масала бўйича бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни кутмоқда.

«Ер атрофидаги орбитада ҳар қандай ядро қуролининг жойлаштирилиши мисли кўрилмаган, хавфли ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат», деди АҚШ вакили. 

Март ойи бошида Россия президенти Владимир Путин коинотда ядро қуролини жойлаштиришга қатъиян қарши бўлган Москва позициясини яна бир бор тасдиқлади. «Бизнинг позициямиз аниқ ва ошкора: биз коинотда ядро қуролини жойлаштиришга доимо қарши бўлганмиз ва ҳозир ҳам қаршимиз. Аксинча, биз бу соҳада мавжуд барча келишувларга риоя қилишга чақирамиз», деди Путин. 

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия коинотдаги объектларни йўқ қилиш учун ядровий қурол ишлаб чиқариш режаси йўқлигини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид