Спорт | 13:05 / 18.03.2024
29109
26 дақиқада ўқилади

Манчестерда фантастика, «Барса» «Атлетико»ни яксон этди. Европада кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: «МЮ» — Англия кубоги яримфиналида

«Манчестер Юнайтед» — «Ливерпул» 4:3
Голлар:
Мактоминей (10), Антони (87), Рэшфорд (112), Диалло (120+1) — Мак Аллистер (44), Салоҳ (45+2), Эллиотт (105).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Варан (Диалло, 85), Линделёф (Маунт, 105), Уан-Биссака (Магуайр, 71), Фернандеш, Мактоминей, Майну (Эриксен, 80), Гарначо, Рэшфорд, Ҳойлунд (Антони, 71).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Гомес (Цимикас, 101), ван Дейк, Куанса, Робертсон (Брэдли, 76), Эндо, Собослаи (Эллиотт, 72), Мак Аллистер, Салоҳ (Гакпо, 77), Диас (Кларк, 114), Нунес.
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (31), Фернандеш (45), Гомес (60), Келлеҳер (109), Диалло (116).
Четлатиш: Диалло (120+2).

Принципиал учрашув

Юрген Клопп учун ҳозирда ҳар бир ўйин — сўнгги ўйинлар туркумидан. АПЛда Пеп Гвардиола билан сўнгги тўқнашув ортда қолди, «Арсенал» ва «Ливерпул» ўртасида ҳам бу мавсумда бошқа ўйин бўлмайди. Аммо лигада ҳали масалан «Эвертон»га қарши дерби ва бошқа қўшнилар — «Манчестер Юнайтед»га қарши апрел ойида ўтказиладиган классика бор.

Якшанба куни ҳам «Ливерпул» «Олд Траффорд»га сафар қилиб, бир йил олдин «Энфилд»да учралган 0:7 ҳисобидаги мағлубият аламини унутмаган «қизил иблислар»га қарши кубок учрашувида майдонга тушди.

Албатта, ҳозир қандайдир аномал ҳисоб ҳақида гап бўлиши мумкин эмас: биринчидан, жамоалар Манчестерда ўйнашди, иккинчидан эса «МЮ» бу мавсумда Ливерпулда дуранг ўйнай олди ва умуман олганда бу йил ўтган йил баҳорига қараганда яхшироқ ҳолатда.

Мактоминейнинг голи

Меҳмонлар ўйин олдидан жиддий тарзда кучайганди: Салоҳ ниҳоят тўлиқ тикланди ва 1 январдан буён илк бор миллий турнирда бошланғич таркибда тушди. Мисрлик футболчи 9-дақиқадаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Дарвиннинг узатмасини дарвозага йўналтира олмади.

Шунга қарамай, «Юнайтед» ўйинни рақибга қараганда кучлироқ бошлади. Эрик тен Ҳаг «Ливерпул»нинг ўнг қанотига босим ўтказишга урғу қаратди, бу ҳудудга меҳмонларнинг чап қанот ҳимоячиси Жо Гомес мажбуран ўтказилганди. «Қизил иблислар» гол уриш учун илк қулай имкониятдан фойдалана олишмади — Келлеҳер Рэшфорднинг йўлига тўғаноқ бўлди. Иккинчи уриниш эса гол билан якунланди: «Ливерпул» дарвозабони Гарначонинг зарбасидан кейин яна тўпни қайтарганди, аммо Мактоминейга тўсқинлик қиладиган футболчи топилмади.

«МЮ» ўйини тушунарли эди: мезбонлар онгли равишда тўпни «Ливерпул»га топшириб, ҳимоячиларни прессинг қилиш ва қарши ҳужумлар уюштиришга эътибор қаратди. Шу билан бирга, мезбонлар мудофаа чизиғи анча ичкарида жойлашди, шу туфайли майдон марказида катта бўшлиқлар юзага келди.

Майну ва Мактоминейнинг ўзи катта ҳудудларни ёпишга ҳаракат қилди, аммо рақиб сафида Англиянинг энг кучли яримҳимоячилари жамлангани туфайли бу вазифани уддалаш жуда қийин эди.

Танаффус арафасидаги бурилиш

«Ливерпул» ўз ўйинини топиб олиш учун анчагина вақт сарфлади. Қайсидир паллада Келлеҳер дарвозаси атрофида босим сусайди, аммо 35-дақиқада «Олд Траффорд» яна сурон солди: Мактоминей дубл учун ўта қулай имкониятни йўққа чиқарди. Шотландиялик футболчи 11 метрлик нуқта ҳудудидан зарба берди, аммо Келлеҳер ўзини кўрсатди.

Бу вазият «Ливерпул» футболчиларини сергаклантирди. Кўп ўтмай Эндо дарвозани ишғол этди, аммо гол Салоҳдаги офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди, 44-дақиқада эса Мак Аллистернинг голига арбитрда ҳеч қандай эътироз йўқ эди, тўп Майнуга теккан ҳолда рикошет орқали дарвоза тўрига йўналди .

Қийин ўтган биринчи бўлимдаги дуранг ҳисоб «Ливерпул» учун жуда яхши ҳисоб бўларди, аммо қўшимча дақиқаларда вазият меҳмонлар учун янада қулайроқ кўриниш олди: Онана Нунеснинг зарбасидан кейин тўпни Салоҳнинг оёқлари остига қайтарди ва қизиллар етакчиси жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Меҳмонлар хотиржамликка берилиши

Танаффусда Клопп футболчиларига рақибнинг нисбатан бўш нуқталарини кўрсатиб берди, иккинчи бўлимда меҳмонлар биринчи бўлимдагидан фаолроқ ҳаракат қила бошлади. Агар биринчи бўлим қаҳрамони Келлеҳер бўлган бўлса, иккинчисида — Онана. «Юнайтед» дарвозабони бир қанча қийин зарбаларни қайтарди — Дарвин, Собослаи, Диаснинг. 79-дақиқада «Ливерпул» 5 га 2 кўринишидаги қарши ҳужумдан фойдалана олмади — бу эпизодда мерсисайдликлар чоракфинал масаласини ҳал этиши керак эди, аммо иш зарбагача ҳам етиб бормади.

«МЮ» эса танаффусдан кейин кучсизроқ кўринди ва ўйин тақдири ҳал бўлгандек туюла бошлади. Мезбонларда ўйинни қутқариш учун ресурслар катта эмасди: ҳисоб 1:2 ҳолатида тен Ҳаг ҳимояга Магуайрни ҳамда доим танқид қилиб келинадиган, бу мавсумда фақат кубок ўйинида битта гол урган Антонини туширди. Аммо айнан шу ўзгариш иш берди: 87-дақиқада бразилиялик вингер рақиб жарима майдони ичида барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб ҳисобни тенглаштирди.

«Ливерпул» эса воқеалар бундай тус олишини кутмаганди: Клопп яримфинал масаласи ҳал бўлди деб ҳисоблаб, Салоҳ, Собослаи ва Робертсон каби футболчиларини майдондан олиб улгурганди. Шунга қарамай, жамоада овертаймдан қутулиб қолиш учун ҳам имконият бўлди: Эллиоттнинг айёрона зарбаси устунга тегди. Аммо қўшимча дақиқалардаги сўнгги сўз барибир «МЮ»га қолди: ҳакам ҳуштаги чалинишига бир неча сония қолганида Рэшфорд Келлеҳер билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо олис бурчакни аниқ нишонга ололмади.

Воқеаларга бой овертаймлар

Кубок ўйинларида қўшимча вақт одатда расмиятчиликка айланади ва жамоалар пеналтилар сериясига тайёрланади. Аммо бу сафар бундай бўлмади: «МЮ» илк 15 дақиқаликда «Ливерпул» дарвозаси атрофида кучли босим уюштирди, аммо голни меҳмонлар уришди: Эллиоттга ҳам рикошет ёрдам берди.

Охирги бўлимда эса манчестерликлар камида битта гол уриши талаб этиларди ва «Юнайтед» бор куч ва ҳиссиётларини шу дақиқаларга сарфлашга қарор қилди. Гол эса барибир урилди: Рэшфорд ниҳоят Келлеҳерни доғда қолдирди.

Магуайр ва Мактоминейда ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди, аммо ўйин қаҳрамони кутилмаганда 21 ёшли ивуарлик Диалло бўлди. Овертаймнинг сўнгги дақиқаларида айнан у Гарначо билан биргаликда қарши ҳужумга чиқиб кетди ва «Юнайтед»га ғалаба келтирди. Африкалик футболчи голни нишонлаш чоғида футболкасини ечгани учун иккинчи сариқ карточка олгани ҳам мезбонлар ғалабасига тўсқинлик қила олмади.

«Ливерпул» ўз муваффақиятига эрта ишониб юборган ўйинида ютқазди. Клопп сўнгги мавсумида совринлар борасида покер қилмаслиги аниқ, «МЮ» эса 0:7 ҳисоби учун қисман бўлса-да қасос олди.

«Челси» — «Лестер» 4:2
Голлар:
Кукуреля (13), Палмер (45+1), Чуквуэмека (90+2), Мадуэке (90+8) — Дисаси (51, автогол), Мавидиди (62).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Стерлинг (26).
«Челси» – Санчес, Гюсто, Чалоба, Дисаси, Кукуреля (Чилуэлл, 90+1), Галлаҳер, Мудрик (Чуквуэмека, 78), Палмер, Кайседо, Стерлинг (Мадуэке, 86), Жексон.
«Лестер» – Столярчик, Вестергор, Фас, Дойл, Ндиди (Коуди, 78), Уинкс, Дюзбери-Ҳолл, Чоудури, Мавидиди (Жастин, 75), Фатау (Акгюн, 63), Дака.
Огоҳлантиришлар: Мавидиди (67), Коуди (90+6).
Четлатиш: Дойл (73).

Англия Кубоги бу мавсумни совринсиз якунламаслик учун сўнгги имконият бўлган «Челси» биринчи бўлимдан кейиноқ яримфинал йўлланмасини чўнтагида ҳис қила бошлади. Жексон дебютдаёқ голли ҳужум уюштирди ва ўзидан қулайроқ вазиятда турган Кукуреляни пас билан таъминлади. Кейин эса Стерлинг вазиятларни кўкка совуришга киришди ва ҳатто ўзи ишлаган пеналтидан ҳам фойдалана олмади.

Лекин бўлим охирида Палмер урган навбатдаги гол ҳам ғалаба учун етарли бўлмаслиги мумкин эди. Иккинчи бўлимда «Лестер» чемпионшип етакчиси сифатидаги мақомини эслаб қолди ва тезда иккита жавоб голи йўллади. «Тулкилар» яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Жексонни тўхтатиб қолгани учун Дойл четлатилганидан кейин ҳам ўйин суръатини туширмади. Аммо ўйиннинг охирги дақиқаларида Палмернинг жарима майдони ичига товони билан узатган шедевр пасидан кейин Чуквуэмеки ғалаба голини урди, яна бироз ўтиб Мадуэке «Лестер»ни узил-кесил таслим қилиш учун «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди.

Энди Англия кубоги яримфиналида Почеттино шогирдлари «Сити», «МЮ» «Ковентри» билан ўйнайди, финал йўлланмаси учун баҳслар 20-21 апрел кунлари «Уэмбли»да ўтказилади.

«Вест Ҳэм» — «Астон Вилла» 1:1
Голлар:
Антонио (29) — Заниоло (79). 
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Зума, Мавропанос, Эмерсон (Крессуэлл, 84), Соучек, Лукас Пакета (Уорд-Проуз, 84), Алварес, Қуддус, Боуэн, Антонио (Жонсон, 66).
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса, Лангле (Кэш, 46), Пау Торрес, Морено (Дин, 63), Бэйли, Тилеманс, Дуглас Луис, Уоткинс, Дуран (Диаби, 46), Рожерс (Заниоло, 63).
Огоҳлантиришлар: Тилеманс (70), Алварес (83), Заниоло (83), Қуддус (86), Дуглас Луис (86), Мавропанос (87).

Якшанба куни АПЛ доирасидаги ягона ўйин уч кун олдин Европа Лигасида голлар ёмғири («Вест Ҳэм» «Фрайбург» дарвозасига 5 та, «Астон Вилла» «Аякс»га 4 та жавобсиз гол йўллаганди). Жамоаларда якшанба кунги ўйин учун ҳам ҳиссиётлар етарли экани маълум бўлди. Дуранг натижа еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган жамоаларнинг иккисини ҳам қониқтирмасди, «Вест Ҳэм» эса бу натижадан кўпроқ норози бўлишга ҳақли эди. Сабаби — «болғачилар»нинг икки голи инобатга олинмади. Иккинчи бўлим бошида, ҳисоб мезбонлар фойдасига 1:0 эканида VAR Антонионинг иккинчи голини бекор қилди, шундан кейин «Астон Вилла» ҳисобни тенглаштирди.

Қўшиб берилган дақиқаларнинг олтинчисида эса видеоассистентлар масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эмаслигини билдириб, бош арбитрни мониторга таклиф этишди. Рефери эса шубҳаларни тасдиқлади ва Соучек қўл билан ўйнагани учун голни бекор қилди. Натижада Дэвид Мойес жамоаси олтинчи ўриндаги «МЮ»га яқинлашиб олиш имкониятини қўлдан бой берди, Заниола захирадан тушиб урган гол эса меҳмонларга бешинчи ўриндаги «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни уч очкога етказиш имконини берди. Лекин шу турда ютқазган «шпорлар»да битта захира ўйини ҳам бор.

Испания: яна Феликс

«Атлетико» — «Барселона» 0:3
Голлар:
Феликс (38), Левандовски (47), Лопес (65).
«Атлетико» – Облак, Молина, Савич, Рейнилду, Витцел, Де Паул (Саул, 66), Барриос, Лоренте (Коке, 58), Рикелме (Корреа, 58), Мората (Депай, 46), Лино (Гризманн, 46).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси, Форт (Касадо, 82), Серхи Роберто (Ромеу, 77), Гундўған, Фермин Лопес (Мартинес, 82), Рафиня (Ямал, 61), Феликс (Роке, 77), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Кунде (33), Де Паул (46), Савич (61), Барриос (89). 
Четлатиш: Молина (90+3).

Бошқа исталган вазиятда бу учрашув дам олиш кунларининг энг ёрқин афишасига даъвогарлик қилган бўларди, аммо «Атлетико» ва «Барселона»нинг ҳозирги ҳолатида бу ўйин анча камтарроқ кўринади. Каталонияликлар максимум иккинчи ўрин учун курашмоқда, мадридликлар эса кучли тўртликдаги ўрнини «Атлетик»дан қайтариб олиш талаб этиларди.

Шундай экан, натижа кўпроқ мезбонлар учун муҳимроқ эди. Ва кутилганидек ўйин «матрасчилар»нинг фаоллиги билан бошланди. Амммо биринчи даврада бўлгани каби «Барселона» томонидан ижарага олинган Жоау Феликс ўз клубини қийин аҳволга солиб қўйди. Гундўған ва Левандовскининг комбинациясидан кейин португалиялик ҳужумчи қулай позициядан аниқ зарба берди. У биринчи даврада голини катта хурсандчилик билан нишонлаган бўлса, пойтахтдаги ўйинда ўз ҳиссиётларини тийди. Хави эса ҳиссиётларини тия олмади ва аввалига сариқ карточка, танаффус рафасида қизил карточка олиб, захира ўриндиғини тарк этди.

Умуман олганда, бош мураббий йўқлиги «Барселона» ўйинига таъсир кўрсатмади. Мезбонлар сафида Гризманн майдонга тушиши ҳам вазиятни ўзгартирмади ва иккинчи бўлим бошида Левандовски олис бурчакни аниқ нишонга олди. Полшалик ҳужумчи кейинроқ Фермин Лопеснинг голида пас муаллифига айланди. Диего Симеоне ла лигада йил бошидан буён илк бор мағлубиятга учради, каталонияликлар эса Хави мавсум якунида кетишини айтганидан буён мағлубият нималигини билмаяпти.

Италия: «Интер» очко йўқотди

«Ювентус» — «Женоа» 0:0
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо (Кин, 82), Данило, Бремер, Гатти, Костич (Айлинг, 59), Локателли, Маккенни (Рабио, 58), Миретти (Веа, 78), Киеза (Йилдиз, 59), Влаҳович.
«Женоа» – Жозеп Мартинес, Спенс, Бани (Читтадини, 85), Васкес, де Винтер, Бадел (Бохинен, 85), Френдруп (Стротман, 69), Гудмундссон (Малиновский, 70), Ретеги (Анкейе, 79), Витиня, Мессиас.
Огоҳлантиришлар: Данило (39), Камбиязо (58), Витиня (65), Влаҳович (90+2).
Четлатиш: Влаҳович (90+3).

Сўнгги етти турда фақат бир ғалабага эришган ва иккинчи ўринни бой берган «Ювентус» футболчилари мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида диққатни жамлаб ўйнаши учун базага кўчиб ўтди. Аммо «Женоа»га қарши ўйинда бунинг самараси кўзга ташланмади. Биринчи бўлимда жамоа хавфли вазиятлар ярата олмади. Танаффусдан кейин туринликларнинг ўйини яхшиланган бўлса-да, яққол вазиятни анча вақт кутишга тўғри келди.

Айлинг-Жуниор кутилмаганда узоқ масофадан зарба йўллаганида тўп аввалига ҳимоячига, кейин устунга тегиб майдонни тарк этди. Кейин бош билан зарба берган Влаҳовичга бир неча сантиметр аниқлик етишмади. Ушбу сербиялик Камбиязонинг дарвозабон ҳудудига етказиб берган пасини ҳам голга айлантира олмади, Мойзе Киннинг зарбаси устундан қайтган ўйиндаги энг хавфли вазият бўлди. Жамоага омад етишмаётгандек эди, аммо ўйин давомида дарвоза соҳасига аниқ борган атиги иккита зарба — бунақаси мавсумда фақат «Интер»га қарши ўйинда кузатилганди — даҳшатли даражада ёмон кўрсаткич. Влаҳович қизил карточка олгани эса «Кекса синиоралар»даги муаммоларни яққол кўрсатиб берди.

«Верона» — «Милан» 1:3
Голлар:
Нослин (64) — Эрнандес (44), Пулишич (50), Чуквуэзе (79).
«Верона» – Монтипо, Сантонз, Давидович (Маняни, 57), Коппола, Кабал (Рубен Винагре, 76), Лазович (Митрович, 57), Дуда, Сердар (Силва, 46), Фолоруншо (Свидерски, 57), Суслов, Нослин.
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори (Кер, 84), Калулу (Габбия, 46), Эрнандес, Лофтус-Чик (Муса, 66), Бинносир, Пулишич (Жиру, 66), Рейндерс, Леау, Окафор (Чуквуэзе, 74).
Огоҳлантиришлар: Сердар (6), Томори (30), Эрнандес (45), Рейндерс (87).

«Милан» эса бундай совғадан фойдаланди ва иккинчи ўринни мустаҳкамлади. Россонериларнинг барча турнирлар қўшиб ҳисоблангандаги қаторасига бешинчи ғалабаси томон йўлни Эрнандес очиб берди. Француз ҳимоячисининг жарима майдонига тўп узатишга уриниши муваффақиятсиз чиққанди, аммо тўп унга икки бор қайтиб келди ва у дриблинг билан жарима майдонига кириб борди ва ўткир бурчакдан аниқ зарба йўллади. Ўйиннинг иккинчи бўлими эса Пулишич қайтарилган тўпни дарвозага жойлаб қўйиши билан бошланди. «Верона» яна узоқ масофадан гол урганига қарамай (жамоа 6 гол билан бу борада лигада етакчи), сўнгги сўз барибир Стефано Пиоли жамоаси томонидан айтилди. Ўйин тақдири Чуквуэзенинг зарбасигача ҳал бўлиши мумкин эди, аммо Рафаэл Леау ўта қулай вазиятдан фойдалана олмади. Бу ўйинда «Милан» Италия чемпионатидаги 5000-голини урди ва бу борада «Интер» ва «Ювентус»дан кейинги учинчи жамоага айланди.

«Рома» — «Сассуоло» 1:0
Гол:
Пеллегрини (50).
«Рома» – Свилар, Карсдорп (Челик, 70), Лоренте, Манчини, Спинаццола (Анхелино, 37), Паредес, Кристанте, Пеллегрини, Ауар (Балданзи, 70), Эл Шаарави (Ҳейсен, 86), Лукаку (Озмун, 86).
«Сассуоло» – Консили, Педерсен, Феррари, Эрлич, Вити (Руан, 86), Обианг (Волпато, 72), Рачич (Байрами, 79), Матеус Энрике, Лорянте, Дефрел (Болока, 73), Пинамонти (Мулаттиери, 79).
Огоҳлантиришлар: Пеллегрини (59), Озмун (89), Эрлич (90).

Флоренцияда ғалабали серияси тўхтатилган «Рома» (ўйин охирида ҳисоб тенглаштирилганди - 2:2) бу турда Чемпионлар лигаси томон юришини давом эттирди. Пеллегринининг узоқдан йўллаган ажойиб зарбаси эвазига римликлар кучли тўртликни якунлаб турган «Болоня»га уч очколик масофада яқинлашишди. Даниэле Де Росси «бўрилар» бошқарувига келганидан буён ушбу яримҳимоячи бешинчи голини урмоқда. Агар бу вақт оралиғида Европанинг етакчи лигалари вакиллари таққосланса, ўрта чизиқ вакиллари орасида фақат Фоден (6 гол) ундан самаралироқ бўлган. Бу ўйин охирида «Рома» марказий ҳимоячиси Лиоренте яна диққат марказига тушди. «Фиорентина»га қарши ўйинда у чиройли гол урганди, бу сафар эса ўз жамоаси дарвозасини ишғол этишига бир бахя қолди, аммо римликларни устун қутқариб қолди.

«Интер» — «Наполи» 1:1
Голлар:
Дармиан (43) — Жезус (82).
«Интер» – Зоммер, Дармиан (Бюкенен, 84), Ачерби, Павар (Биссек, 46), Бастони, Димарко (Думфрис, 79), Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла (Фраттези, 71), Тюрам, Мартинес (Санчес, 79).
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Оливера (Мариу Руй, 74), Лоботка, Замбо-Ангисса, Траоре (Каюсте, 70), Политано (Нгонж, 90), Кварацхелия (Линдстрем, 90), Распадори (Симеоне, 75).
Огоҳлантиришлар: Павар (36), Лоботка (52), Барелла (54).

Чемпионлар лигасини нимчоракфиналдаёқ тарк этган бу жамоаларнинг ўзаро учрашуви скудеттонинг амалдаги ғолиби чемпионлик ваколатларини бўлғуси триумфаторга ўтказиши сифатида қабул қилинди.

Ўйин кутилганидек нерадзурриларнинг ҳужумкорлиги билан бошланди ва ҳимоя чизиғи анча олдинроқда жойлашди. Ҳимоячилар ўз ишини ҳам уддалашди ва гол ҳам уришди. Дармиан ҳисобни очди, унга қаторасига иккинчи тур Бастони ассистентлик қилди. Бу орқали у А серияда қаторасига тўртинчи мавсумда голли узатмалари сони камида ўнта бўлаётган ягона марказий ҳимоячига айланди. Аммо Мадриддаги ўйин антиқаҳрамонларидан бири бўлган Павар бу сафар ҳам ўйин охирида муваффақиятсиз ўйнади ва унинг хатоси Жуан Жезуснинг жавоб голига олиб келди. Лекин бу очко йўқотиш «Интер» учун деярли аҳамиятсиз. «Наполи»га эса бу дуранг психологик жиҳатдан муҳим, аммо айни вақтда неаполитанликлар келгуси мавсумда еврокубокларда қатнашиш имконини берувчи ўринларда эмас.

Германия: Леверкузен ва Дортмунд учун ажойиб ҳафта

«Фрайбург» — «Байер» 2:3
Голлар:
Доан (10), Кайтел (79) — Виртц (2), Гложек (40), Шик (53).
«Фрайбург» – Атуболу, Силдийя, Гульде, Гинтер (Линҳарт, 62), Гюнтер, Ҳефлер, Грифо (Муслия, 62), Доан, Рель (Кайтел, 76), Шаллаи (Грегорич, 62), Ҳелер (Филипп, 76).
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 83), Та, Станишич, Инкапиэ, Грималдо, Жака, Паласиос (Тапсоба, 89), Виртц, Шик (Адли, 76), Гложек (Андрих, 83).
Огоҳлантириш: Ҳефлер (72).

«Байер» Европа Лигасида «Қорабоғ»га қарши ўйинларда икки бор ўйин охирида жасорат кўрсатишига тўғри келган бўлса (2:2, 3:2), бундеслигада леверкузенликлар анча олдин масалани ҳал қилиб қўйишди. «Фрайбург» майдонида жамоа илк ҳужумлардан бирида ҳисобни очди - Вирц айланма зарбаси билан тўпни бурчакка жойлаштирди. Пайшанба куни еврокубокда ўйнаган рақиб тезда жавоб голини урди, аммо Доэннинг голи у қадар аҳамиятга эга бўлмади. «Аспиринчилар»да якшанба кунги ўйинда барча масалани чехлар ҳал қилишди. Танаффус арафасида рақиб жарима майдонида бўш қолдирилган Гложек иккинчи голни урди, танаффусдан кейин Шик ҳисобдаги фарқни оширди. «Қорабоғ» билан ўйинлар қаҳрамони бўлган ҳужумчи ҳимоячи билан тўп учун кураш вақтида Фримпонгнинг узатмасига оёқ қўйишга улгурди ва тўп дарвозабон ета олмайдиган траектория бўйича учиб, устун олдидан дарвоза тўрига кирди. «Байер» ҳамон «Бавария»дан 10 очкога олдинда бормоқда.

«Боруссия» Д — «Айнтрахт» 3:1
Голлар:
Адейеми (33), Ҳуммелс (81), Жан (90+3, пеналти) — Гётце (13). 
«Боруссия» Д – Майер, Ҳуммелс, Шлоттербек, Матсен (Бенсебайни, 85), Ройс (Нмеча, 65), Жан, Брандт (Ўзжан, 85), Волф, Мален, Адейеми (Байно-Гиттенс, 65), Фуллкруг (Мукоко, 74).
«Айнтрахт» – Трапп, Кох, Тута (Чендлер, 90), Пачо, Нкунку, Дина-Эбимбе (Шаиби, 67), Гётце (Экитик, 74), Схири (Ҳасебе, 90), Ларссон, Мармуш, Кнауфф (Бута, 74).
Огоҳлантиришлар: Бута (80), Жан (87), Кох (90+2).

«Боруссия» ажойиб ҳафта ўтказди, аммо «асаларилар»нинг қайси муваффақияти муҳимроқ бўлганини айтиш қийин. Ҳиссиётлар ва даража нуқтайи назаридан — бу, табиийки, Чемпионлар лигаси чоракфиналига чиқиш бўлди. Аммо стратегик томондан қаралса, кейинги мавсум учун пойдевор қўйиш ҳам муҳим, бу эса — кучли тўртликдаг ўрин дегани, шанба кунги ўйинлардан кейин «Лейпциг» тўртинчи ўринга кўтарилиб олганди. Дортмундларнинг вазифаси ўйин бошидаёқ жамоанинг собиқ футболчиси Гётце томонидан қийинлаштириб берилди, немис футболчиси Майер Мармуш билан яккама-якка вазиятда қайтарган тўпни барибир дарвозага йўллади.

Танаффус арафасида Мален Адейемини бўш дарвоза қаршисига чиқариб, ҳисоб тенглашишини таъминлади. Ўйиндаги энг қизиқ воқеалар эса иккинчи бўлимда рўй берди. Муҳим паллалардан бири — Майер яна бир бор Мармушнинг зарбасини қайтариши бўлди. Ўйиннинг охирги ўн дақиқалигида Ҳуммелс Брандтнинг узатмасини бош билан дарвозага йўллади, қўшимча дақиқаларда эса «Айнтрахт» узил-кесил таслим этилди. Эдин Терзич жамоаси «Лейпциг»ни яна бир очкога ортда қолдирмоқда.

Франция: Мбаппеда ҳет-трик

«Монпеле» — «ПСЖ» 2:6
Голлар:
Норден (30), Саване (45+1, пеналти) — Витиня (14), Мбаппе (22, 50, 63), Ли Кан Ин (53), Мендеш (89).
«Монпеле» – Берто, Тшато, Куяте, Омерагич, Давин (Сако, 70), Саване (Жюлен, 90), Ферри, Кулибали (Адамс, 59), Леруа, Норден (Файяд, 60), Ҳазри (Ат Тамари, 59).
«ПСЖ» – Доннарумма, Ҳакими, Данилу Перейра, Лукас Бералдо (Мукиеле, 69), Эрнандес (Мендеш, 46), Угарте, Витиня, Ли Кан Ин (Меюлю, 70), Барколя (Заир-Эмери, 62), Мбаппе, Коло-Муани (Гонсалу Рамуш, 62).
Огоҳлантиришлар: Бералдо (38), Доннарумма (45), Мендеш (72).

Барча Луис Энрике ички чемпионатдаги ўйинларда асосий юлдузсиз ўйнашига ва Мбаппе захирада қолишига кўника бошлаганди, аммо қаторасига уч турда дуранг қайд этилгач, «Монпеле»га қарши ўйинда Килиан бошланғич таркибда тушди. Бу ушбу форвард учун Франция чемпионатида парижликлар сафидаги 200-ўйин бўлди ва юбилейни у ҳет-трик билан нишонлади, энди Мбаппе лига 1 ўйинларида урган голлар сони 188 тани ташкил этмоқда.

Opta талқинига кўра, бу турнир тарихидаги саккизинчи натижа, Transfermarkt эса уни олтинчи позицияга қўйган. Икки нафузли манба битта нарсада якдил — якшанба куни Мбаппе ўтган асрнинг 60-70-йиллари юлдузи ва «Лион» тарихидаги энг яхши тўпурар Флери Ди Наллони ортда қолдирди. Килиан вақт ўтиб мутлақ рекордчи — Франция чемпионатида 299 гол урган аргентиналик Делио Оннисани қувиб етиши мумкин эди, аммо Мбаппе ва лига 1 йўллари айрилмоқда. Футболчи фақат фаолиятининг сўнгги қисмида ватанига қайтиши мумкин.

Кун статистикаси

  • «Галатасарой» ҳужумчиси Икарди Туркия чемпионатида бир ўйинда ҳам рақиб дарвозасига, ҳам ўз жамоаси дарвозасига гол урган ва пеналтидан фойдалана олмаган 1-футболчига айланди. Аммо у дубли билан сафарда «Қосимпошо» устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшди (4:3).
  • «Гент» яримҳимоячиси Ганделман Белгия чемпионатида XXI асрда захирадан ўйинга қўшилиб, покер қайд этган 1-футболчига айланди. Ушбу исроиллик футболчи биринчи бўлим ўрталарида майдонга тушди ва «Шарлеруа» устидан йирик ғалабани таъминлади (5:0).
  • «ПСЖ» Франция чемпионатида 350 та сафар ўйинида ғалаба қозониб, бу борада «Монако», «Марсел» ва «Лион»дан кейинги 4-жамоага айланди.
  • Барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда қаторасига 6 ўйинда ҳам гол, ҳам голли пас муаллифи бўлган «Челси» яримҳимоячиси Палмер — бу борада АПЛ футболчилари орасида энг яхши натижа қайд этди.
  • «МЮ» «Ливерпул»ни 11-марта Англия Кубогидан чиқариб юборди. Аммо турнир рекорди ҳамон мерсисайдликлар жамоасига тегишли, бу жамоа «Эвертон»ни кубок ўйинларида 12 бор қолдириб кетган.
  • «Ливерпул»нинг захирадан тушган футболчилари бу мавсумда 23 гол уришди. Бу топ-5 лигалардаги энг яхши кўрсаткич.
  • Бир мавсумда ўтказилган 71 гол — «Аякс»нинг 1959 йилдан буён энг ёмон натижаси.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери