Жаҳон | 20:13 / 18.03.2024
14534
8 дақиқада ўқилади

Путиннинг сайловдаги ғалабаси, Рафаҳни кўзлаётган Нетаняҳу ва Украина учун 1,5 млн снаряд — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи одатдагидек кундалик дайжестимизда.

Ғазодаги вазият

Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида саҳарлик учун йиғилган Табатибийлар оиласининг қарийб барча аъзоси Исроил бомбардимони  оқибатида ҳалок бўлган.

Гувоҳларга кўра, аёллар саҳарлик учун овқат тайёрлаётган пайтда улар турган бинога ҳаво ҳужуми уюштирилган ва 36 нафар оила аъзоси ҳалок бўлган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил Ғазони дунёдаги энг катта оналар ва болалар қабристонига айлантирганини таъкидлади.

«Давримизнинг энг шафқатсиз геноцидларидан бири Ғазода юз бермоқда. У ерда 40 мингга яқин биродарларимиз ва сингилларимиз, асосан болалар ва аёллар ўлдирилди, 73 минг фаластинликлар ярадор қилинди, 7 мингдан ортиқ бегуноҳ инсонлар ҳамон вайроналар остида қолиб кетишган. Исроилни минбардан туриб койиб қўяётган, бироқ оммавий қирғинларни амалга ошириши учун ўқ-дори ва қурол-яроғ билан ёрдам қилаётган Ғарб давлатларининг иккиюзламачилиги Ғазони дунёдаги энг катта оналар ва болалар қабристонига айлантирди», — деган Эрдўған.

Исроил Ғазо шимолидаги ҲАМАСнинг энг узун туннелини портлатиб юборди. Портлаш тасвирланган видеолавҳалар тарқатилган. Айтилишича, Туннел узунлиги 2,5 километрни ташкил қилган ва у секторнинг шимолий ҳамда жанубий қисмларини боғлаган.

АҚШ ва Исроил Ғазода хусусий ҳарбий компаниялардан фойдаланишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Таъкидланишича, уларнинг бош мақсади аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдамларини тақсимлашда иштирок этиш бўлади.

Исроил томонидан анчадан буён бир нечта хусусий ҳарбий компаниялар билан алоқа қилиб, бу гуруҳлар учун халқаро ҳамкорларидан пул ундиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Аммо америкалик айрим мулозимлар АҚШ қўшинлари ёки хусусий ҳарбий компаниялари Ғазо ҳудудида бўлишни истамаяпти ва америкаликлар қуролли қўриқлашни таъминлаш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашишмоқда.

АҚШнинг ҳукумат операциялари чоғида хавфсизликни таъминлаш учун хусусий ҳарбий компаниялардан фойдаланиш аввал бир неча бор қаттиқ танқидларга сабаб бўлган.

2007 йилда АҚШ Давлат департаменти колоннасини қўриқлаб келаётган Blackwater компаниясининг ёлланма жангчилари Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги Нисур майдонида тинч аҳоли гуруҳига қарата ўқ узган. Ўшанда 17 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлишган эди. 

Нетаняҳунинг баёнотлари

Халқаро босимга қарамасдан Исроил ўз мақсадларига эришиш учун ҳарбий ҳаракатларни давом эттиради, деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

У Рафаҳда ўтказиладиган ҳарбий операцияни анонс қилар экан, ҳалқаро ҳамжамиятни ҳарбий ҳаракатларни муддатидан аввал тугатиш учун босим ўтказаётганликда айблади.

«Биз Рафаҳда операцияни бошлаймиз. Бу бир неча ҳафта давом этади, лекин бу, албатта, содир бўлади», — деган Нетаняҳу ҳукумат йиғилишида.

Исроил бош вазири айрим давлатларни Исроил ўз олдига қўйган мақсадларга эришиб бўлгунга қадар урушни тўхтатишга уринаётганликлари учун эътироз билдирди. «Улар армиямиз, ҳукуматимиз ва Исроил бош вазирига нисбатан ёлғон айбловларни илгари суриб келишмоқда», — деган у.

Нетаняҳунинг қайд этишича, ҳозир урушни тўхтатишга ҳар қандай уриниш Исроил учун мағлубиятни билдиради.

Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Нетаняҳунинг бу сўзларини танқид остига олган.

«Нетаняҳу, бизнинг хотирамиз панд бермайди. 7 октябр куни ким бош вазир экани ҳам эсимизда, сиз билан бу жангда ғалаба қозониб, гаровдагиларни қайтара олмаслигимиз ҳам эсимизда», — деган Исроил мухолифати етакчиси. 

Қизил денгиздаги вазият

Ҳусийчиларнинг Қизил денгиз ва Адан қўлтиғидаги Исроил ва Ғарб давлатларига тааллуқли ҳарбий ва тижорий кемаларга ҳужумлари туфайли Сувайш канали орқали тижорий кемалар ҳаракати 62 фоизга қисқаргани маълум қилинмоқда.

Кемалар Европага Жанубий Шарқий Осиё ва форс кўрфазидан юк ташишда Африка қитъасини айланиб, Яхши Умид бурни орқали узоқроқ йўналишдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда ва бу йўналишда денгизда юклар ташуви 74 фоизга ўсган.

Аммо ҳусийчилар Яманнинг ён-атрофи билангина чекланиб қолмоқчи эмас. Улар Қизил денгизга киришни бас қилган кемаларга энди Ҳинд океанида ҳам ҳужум қилишни режалаштирмоқда.

Яман ҳусийчиларининг қуролли кучлари ҳарбий вакили Яҳё Сария Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилинишини таъкидлаб ўтди. «Ансоруллоҳ” ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Али ал-Каҳум Ғарб давлатларини кучсизлаштириш ва бир қутбли дунё концепциясини вайрон қилиш учун Россия ва Хитой билан ҳамкорликни кучайтиришини таъкидлаган. 

Россияда Путин сайлови

Россияда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Гарчи мухолифат 17 март куни қоқ тушда сайлов участкаларига йиғилишга, номзодлардан эса Даванковга овоз беришга чорлаган бўлса ҳам, Путин катта фарқ билан ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Сайлов бюллетенларининг 99 фоизи санаб бўлинганида Владимир Путин 87,31 фоиз овоз билан етакчилик қилаётган эди. Иккинчи ўриндаги коммунистлар вакили Харитоновга — 4,30 фоиз, Даванковга — 3,83 фоиз, Слуцкийга — 3,21 фоиз овоз берилгани қайд этилди.

Владимир Путин энг кўп овозни Рамзан Қодиров раҳбарлигидаги Чеченистонда тўплади. У ерда баённомаларнинг 100 фоизи саноқдан ўтказилганидан сўнг сайловчиларнинг 98,99 фоизи Путинни қўллаб овоз бергани эълон қилинди.

Путиннинг сайловдаги бу натижаси унга постсовет ҳудудида энг ақл бовар қилмас сайлов натижалари ўнлигидан жой олиш имконини берди. Путин 2015 йилда энг кўп — 83,47 фоиз овоз тўплаган Александр Лукашенконинг барча натижаларидан ҳам ўзиб кетди.

Путинни сайловдаги ғалабаси билан энг биринчи бўлиб Босния ва Ҳерцеговина таркибидаги Серб автоном Республикаси президенти Милорад Додик табриклади. Шундан сўнг Венесуэла президенти Николас Мадуро, Куба президенти Мигел Диас-Канел, Никарагуа президенти Даниел Ортега, КХДР раҳбари Ким Жонг-ин табрик йўллади. Кейинроқ табрикнома эълон қилган давлат раҳбарлари сони кўпайди.

Украинадаги уруш

Буюк Британия мудофаа вазирлиги Украинага қарши ҳужумга ўтишдан тийилиб, чуқур мудофаага ўтишни маслаҳат берган, деб ёзади The Sunday Times нашри.

Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппс ва Британия армияси қўмондони Тони Радакин бу масалани Украина президенти Володимир Зеленский, Украина мудофаа вазири Рустам Умеров, шунингдек, Украина қуролли кучларининг янги олий бош қўмондони Олександр Сирский билан муҳокома қилишган.

Британияликлар шимолий ва шарқий фронтда мудофаани сақлаб туришга чақиришган. Агар зарурият туғилса афзалроқ позицияларга чекиниш ҳам мумкинлигини таъкидлашган.

Юкори манёврли енгил кемалар ва пилотсиз бошқарилувчи қурилмалардан иборат бўлган Эроннинг флотига эътибор бериш ва ундан андоза олишни маслаҳат беришган.

Фақат қуруқликдаги урушга диққатни жамламасдан, ҳаводан ҳам ҳужумни кўпайтириш кераклиги таъкидланган. Бунда гап пилотсиз парвоз қурилмалари ҳақида бормоқда. Қрим ва Россия флотига зарбаларни кўпайтириш кераклиги қайд этиб ўтилган. Британияликлар айнан ўша ерда олдинга силжишга истиқбол кўришмоқда.

Чехия бутун дунё бўйлаб Украина учун 1,5 миллион снаряд топганини маълум қилди. Аллақачон 800 минг снаряд сотиб олишга келишиб олинган ва қўшимча маблағ эвазига харид қилиниши мумкин бўлган яна 700 мингта снаряд топган. Бунча снарядни харид қилиш учун 3 млрд евро керак бўлади. Германия, Нидерландия, Канада, Дания томонидан 800 минг снаряд учун пул ажратилиши ваъда қилинган. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид