Жаҳон | 19:13 / 21.03.2024
17502
7 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг Ғазо бўйича таклифлари, Россияда кенгайтирилаётган армия ва аҳолиси кексаяётган Туркия — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи одатдагидек кундалик дайжестимизда. 

Ғазодаги вазият

ҲАМАС ҳаракати ўт очишни доимий тўхтатиш борасида ўз таклифларини эълон қилди. Унинг кўп пунктларини «нореал» деб атаган ва рад этган.

Таклифларга эътибор берамиз. ҲАМАС олти ҳафталик асирлар алмашинувидан сўнг ўт очишни доимий тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгач, исроиллик барча маҳбусларни озод этишни таклиф қилмоқда. Исроил 6 ҳафта ўтгач уруш қайта бошланишини, музокаралар натижасидан қатъи назар, Рафаҳга кенг кўламда ҳужум уюштирилишини таъкидлаган.

ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган болалар, аёллар, қариялар ва касалманд инсонлар Исроилда қамоқда сақланаётган 700-1000 нафар фаластинликка алмаштирилиш талабига жавобан Исроил 1 нафар исроилликка 10 нафар фаластинлик алмаштирилишини таъкидлаган.

ҲАМАС урушдан кейинги Ғазода Исроил анклавни тўлиқ тарк этиши, инсонпарварлик ёрдамларига тўсиқ бўлмаслиги, Ғазодан мажбурий кўчирилганларнинг ўз уйларига қайтишига монелик қилмаслик талабини қўйган. Исроил эса секторни муддатсиз ҳарбий оккупация қилиш, ҒАЗОдаги барча сиёсий фракциялар ҳукуматга кирмаслиги, БМТнинг Яқин Шарқда фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги тугатилиши, ёрдамлар Исроил томонидан танлаб олинган фаластинликлар томонидан тақсимланиши, Ғазода фақат яҳудийлар яшайдиган манзилгоҳлар ташкил этилиши эҳтимолини илгари сурмоқда. 

Украинага ёрдам

Конгресс Украинага 60 млрд долларлик ёрдам учун овоз беради, деган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан

«Биз Украинага учун бу ёрдамни оламиз. Ўтган ҳафтада фронт учун зарур бўлган қурол-аслаҳалардан иборат 300 млн долларлик янги ёрдам пакети ажратдик», — деган Байденнинг маслаҳатчиси Киевга яширин ташрифи чоғида.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага янада кўпроқ қурол-яроғ жўнатиш учун 50 дан ортиқ давлатни қамраб олган коалиция билан биргаликда иш олиб боради.

Салливаннинг таъкидлашича, Россия аллақачон ютқазиб бўлган, АҚШ Украинага ишонади ва Украина ҳам АҚШга ишониши керак. Жо Байден Украинага пул ажратилиши учун ҳар куни кураш олиб бормоқда.

Нидерландия илк F-16 самолётларини Украинага 2024 йилнинг иккинчи ярмидан етказиб бера бошлайди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажариб турган Кайсу Оллонгрен Киевга ташрифи чоғида айтган.

Бундан ташқари Украина Канададан 1,5 млрд долларлик ёрдам ҳам олган. Бу пуллар эвазига ҳукумат бюджет тақчиллигини қопламоқчи.

Испания Уркинага 20 та Leopard-2 танкларини беришга қарор қилган. Чехия эса аллақачон Украина учун 300 мингта снарядлар тўплашга муваффақ бўлган. Бу фронтда уч-тўрт ой нафас ростлаб олиш учун етарли. 

Россия армиясидаги ўзгаришлар

Владимир Путин янги муддатга президент этиб сайлангач, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу иккита янги армия ва 14 та дивизия тузилишини анонс қилди.

«Йил сўнгига қадар иккита умумқўшин армияси, 30 та боғланма, жумладан 14 та дивизия ва 16 та бригада тузиш режалаштирилмоқда», — деган Шойгу вазирлик ҳайъат йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, «қуролли кучларнинг жанговар имкониятларини ошириш» Владимир Путиннинг — «олий бош қўмондоннинг қарорига кўра» амалга оширилмоқда. Шойгунинг айтишича, аллақачон армия корпуси, мотоўқчи дивизия ва Днепр дарё флотилияси ва бу флотилиянинг дарё катерлари бригадаси тузиб бўлинган.

Бу орада яна АҚШ президенти бўлишга интилаётган Доналд Трамп НАТО АҚШдан кўра Европа учун муҳимроқ эканини қайд этди. Чунки АҚШ уни ҳимоя қилувчи океан ортида жойлашган. Лекин шунга қарамасдан АҚШ шимолий алянс харажатларининг 90 фоизини қоплайди. 

Россияга қарши санкциялар

Жаҳондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи Россияга тегишли нефт танкерларини Ҳиндистондан ҳайдаб солишни талаб қила бошлади

АҚШ томонидан жорий қилинган санкциялар таъсирига тушиб қолмаслик учун Ҳиндистондаги Reliance Industries хусусий нефтни қайта ишлаш заводи Россиянинг «Совкомфлот» кемачилик компанияси танкерларида етказилган нефтни қабул қилишдан бош тортган, деб ёзади Reuters.

Ғарб компаниялари 2022 йилда Россия нефтидан воз кечганидан сўнг унинг асосий харидорига айланган Ҳиндистонда бу ҳолатнинг юз бериши Россия нефти савдосига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.

Манбаларнинг сўзларига кўра, жаҳондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига эга Reliance Industries компанияси Россия нефти санкция остидаги «Совкомфлот» танкерларида етказилмаслиги талабини қўйган.

2023 йилнинг охирларидан буён Ҳиндистонга Россия нефтини етказиб бериш қарийб 35 фоизга қисқарган ва бу ҳол янада давом этиши мумкин: нефтни қайта ишлаш заводлари Вашингтон томонидан ҳар қандай негатив реакцияга дучор бўлмасликка ҳаракат қилиб, ўта эҳтиёткорлик намойиш этишмоқда.

Туркия ҳам Россияга қарши санкциялар режимига амал қилмаётган компанияларни АҚШга «топшириши» маълум қилинди. Туркия ҳукумати АҚШ билан янгича Россияга қарши «санкцияларга риоя қилиш схемаси» бўйича келишувга эришган, деб ёзади Hürriyet газетаси. 

Отаўғилнинг юмуши

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли тўнғич ўғли — бир ойча аввал Чеченистон ёшлар ишлари бўйича вазири этиб тайинланган Аҳмат Қодиров ижтимоий тармоқларда негатив ёзган инсонларни ушлаш билан шуғулланадиган бўлди.

«Чечен маданияти ва менталитетига тўғри келмайдиган» нотўғри коммент ёзган ва пост қўйган фойдаланувчилар аниқланиб, улар билан «тарбиявий ишлар» олиб борилади.

Ҳали бирор ишда ўзини кўрсатишга улгунмаган Аҳмат Қодиров чеченистоннинг олий мукофоти бобоси Аҳмат Қодиров номидаги орден билан ҳам тақдирланган. 

Қариб бораётган Туркия

Туркия БМТ таснифи бўйича аҳолиси қариб бораётган мамлакатлар сирасига киритилди. Бундай тоифага тушиб қолиш учун мамлакат умумий аҳолиси сонида «демографик қариялар» улуши 10 фоиздан ошиши керак.

БМТнинг аҳоли нуфуси бўйича фонди маълумотларига кўра, жаҳон аҳолиси шиддат билан қариб бормоқда. Маълумотларга кўра, қариялар сони энг кўп бўлган ҳудуд Европадир — кўҳна қитъада аҳолининг 19 фоизи қариялардан иборат.

Аҳолиси сони 85 млндан ошган Туркияда ҳам бутун дунёдагидек аҳоли «қариши» тенденцияси кузатилмоқда. 2023 йил якунларига кўра, Туркияда 65 ёшдан ошган фуқаролар сони 8,72 миллион кишини ташкил этган.

Экспертларга кўра, 2060 йилга бориб Туркияда қария аҳоли улуши 22,6 фоизни ташкил этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид