Жаҳон | 20:23 / 26.03.2024
11875
8 дақиқада ўқилади

БМТнинг Ғазо бўйича резолюцияси, Путиннинг теракт бўйича чиқиши ва муддатли хизматни тиклаётган Европа — кун дайжести

Кун давомида дунёда рўй берган энг муҳим янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг батафсил шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ниҳоят, нечанчидир уринишдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода рамазон ойида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чорловчи резолюцияни қабул қилди. Бу — яхши хабар. Ёмони — Исроил бу резолюцияни назар писанд қилмоқчи эмас.

Ҳужжат 25 март куни қабул қилинган. Унда гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш ҳамда Ғазога «шошилинч ёрдам оқимини кенгайтириш зарурлиги» талаб қилинган. Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси резолюция учун овоз берган, АҚШ буни ёқламаган бўлса-да, ҳайтовур вето қўймаган.

ҲАМАС БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияси қабул қилинганини олқишлади ва ўт очишни фақат рамазон ойида эмас, доимий тўхтатиш зарурлигини таъкидлади. ҲАМАС ҳаракати, шунингдек, Исроил билан асирлар алмашишга зудлик билан киришишга тайёр эканини билдирган. 

Исроилнинг реакцияси

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШнинг бу ҳаракати аввалги позициясидан «аниқ чекиниш» эканини ва Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларига ҳамда ҲАМАС томонидан ушлаб турилган 130 дан ортиқ гаровга олинганларни озод қилишга уринишларига зарар етказишини таъкидлаган.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант эса Ғазо секторидаги жангларни тўхтатишга «маънавий ҳаққи» йўқлигини айтган.

«Ғазо секторида гаровга олинганлар қолаётган пайтда урушни тўхтатишга маънавий ҳаққимиз йўқ. Ғазо секторида ҳал қилувчи ғалабага эриша олмаслик бизни шимолдаги урушга яқинлаштириши мумкин», — деган Галант.

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюциясига қарамасдан, барча гаровдагилар озод қилинмас экан, армия ҳарбий ҳаракатларни бир дақиқага ҳам тўхтатмаслигини билдирди.

АҚШнинг БМТ қошидаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо бўйича бу резолюцияси мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга эканини айтган. Бунга жавобан Россиянинг доимий вакили Василий Небензя АҚШлик ҳамкасби БМТ Низомини очиб ўқиб кўриши кераклиги, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча резолюциялари бажарилиши шартлигини эслатган. БМТ Бош ассамблеяси резолюциялари тавсиявий характерга эга. 

Қизил денгиздаги вазият

Ҳусийчилар Қизил денгизда Россия ва Хитойга тегишли кемаларга асло ҳужум қилмаслик тўғрисида берган ваъдаларини бузиб қўйганга ўхшаяпти.

Бу ҳар икки давлатга алоқадор танкер жангариларнинг ҳужумига учраган. Bloomberg нашрининг ёзишича, ҳусийчилар ўтган шанба куни Хитой компаниясига тегишли Huang Pu кемасига ракета билан зарба беришган ва кемада ёнғин келиб чиққан. Воқеа қурбонларсиз тугаган. Ушбу кема Россия портидан Россия нефтини ортиб келаётган бўлган.

Ҳусийчилар Исроил билан боғлиқ кемаларгагина ҳужум қилаётганини таъкидлаб келишади. Ўзлари ёки уларга ёрдам бераётган Эрон кемаларнинг тегишлилиги бўйича маълумотлар базасидан фойдаланишади ва бу у қадар шаффоф соҳа ҳисобланмайди. Боз устига кемалар қўлдан-қўлга ўтган бўлиши, регистрация ўзгарган бўлиши ҳам мумкин. Ҳусийчилар бунисини ҳисобга олмайди.

Ғарбдаги ҳарбий манбалар яманлик ҳусийчиларнинг АҚШ авиаташувчи кемасига ҳужуми чоғида бир нафар америкалик аскар ҳалок бўлганини хабар қилган. Америка ҳарбий кемасига қарата 20 дан ортиқ ракеталар ва дронлар учирилган. Оқибатда бир аскар ҳалок бўлган ва уч киши яраланган. 

Путин теракт ҳақида

«Бундан ким манфаатдор экани қизиқ», деган Россия президенти Владимир Путин мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан йиғилишда.

«Теракт радикал исломчиларнинг қўли билан амалга оширилганини биламиз. Бизни буюртмачи ким экани қизиқтиради. Теракт 2014 йилдан буён Киев режимининг қўли билан бизга қарши урушаётганлар учун айни муддао бўлиши мумкин. Нацистлар ҳар қандай ифлос ишлардан тап тортмай фойдаланишади. Устига-устак, ҳозир уларнинг қарши ҳужуми барбод бўлган вақт», деган Путин.

Путинга кўра, уларнинг бундан кўзлаган мақсади Киев режими ҳали мавжудлигини кўрсатиш, охирги украиналик қолгунига қадар жанг қилиш.

«АҚШ ҳар хил каналлари орқали гўёки ўз разведка маълумотларига кўра ҳаммани терактга Украинанинг алоқаси йўқлигига ишонтирмоқчи. Улар ҳаммасини Россияда тақиқланган ИШИД қилганига ишонтирмоқчи. Бир саволга жавоб топиш керак: террорчилар жиноятни қилгач, нега Украина томонга қараб қочган? Уларни у ерда ким кутиб турган?» — деган Путин.

Гарчи террорчиларнинг ушланган жойи Беларус чегарасигача 43 км, Украина чегарасигача 118 км бўлса-да, Россия томони негадир нуқул террорчилар Украинага қочмоқчи бўлганини рўкач қилмоқда. Украинадаги ҳарбий тўсиқдан осон ўтган тақдирда ҳам, Россия ҳудудини тарк этиш осон эмас-ку?

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти матбуот котиби Карин Жан-Пиер Москва остонасида рўй берган терактда Украинанинг алоқадорлигини билдирувчи бирорта исбот-далил йўқлигини таъкидлаган эди.

Бу орада Москвадаги Басманний район суди «Crocus City Hall»даги теракт бўйича яна уч кишини қамоққа олди. Тожикистонлик фуқаролардан бири террорчилар ҳаракатланган «Рено»нинг эгаси бўлган, қолган иккиси — унинг отаси ва акаси.

Ака-ука Диловар ва Аминжон Исломовлар, шунингдек, уларнинг отаси Исроил икки ой муддатга, 22 майга қадар қамоққа олинган. Уларнинг учаласига нисбатан уюшган гуруҳ таркибида инсонлар ўлимига олиб келган теракт содир этиш моддаси қўлланган. Ака-укаларга айблов эълон қилинган, уларнинг отаси ҳозирча гумонланувчи мақомида қолмоқда. 

Украинада Теlegramʼни чеклашмоқчи

Украинада Теlegram мессенжерида Россия пропагандасини чеклаш тўғрисида қонун қабул қилиниши мумкин. Депутатлар Теlegram мессенжерига контентни ўчириш ва каналларни блоклаш мажбуриятини юкламоқчи

«Украиналикларнинг 72 фоизи ахборот олиш учун фойдаланадиган платформа қамрови камроқ бўлган бошқа оммавий ахборот воситаларидан кам бўлмаган тарзда тартибга солиниши керак», — дейилади қонун лойиҳасига тушунтириш хатида.

Олий Радага киритилган қонун лойиҳасига кўра, ТВ ва радиоэшиттириш миллий кенгаши талабига кўра мессенжер каналлардаги контентни ўчириши, шунингдек каналлар ва айрим фойдаланувчиларни блоклаши лозим бўлади. Ахборотдан умумий фойдаланиш платформалари провайдерлари медиа соҳасидаги алоҳида субъектга тенглаштирилади ва улар Украинада ўз ваколатхонасини очишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, улар мулк ва молиялаштириш тузилмасини кўрсатишлари керак бўлади. 

Европада уруш кўланкаси

Россиянинг зарбасини энг биринчи қабул қилиб олиши мумкин бўлган Болтиқбўйи давлатлари етакчилари НАТО аъзоларини муддатли ҳарбий хизматни тиклашга чақирган, деб ёзади Financial Times.

Латвия ва Эстония президентлари Европанинг бошқа давлатларини Россия томонидан бўладиган ҳарбий таҳдидга тайёрланиш учун кўпроқ ишлар қилиш, чунончи, армияга чақирувни тиклашдан бошлаб, ҳарбий харажатларни кескин ошириш учун махсус солиқ жорий этишга чақирган.

Европада ҳарбий мажбурият тикланмоқда. Латвия уни ўтган йили тиклаганди, Литва ва Швеция яқинда тиклаган. Эстония, Финландия ва Норвегия «совуқ уруш» давридан буён уни бас қилмаган, Дания эса аёлларни ҳам эркаклар қатори ҳарбий хизматга мажбур қилишни таклиф этган.

Мавзуга оид