Жаҳон | 19:06 / 27.03.2024
17723
7 дақиқада ўқилади

ҲАМАСнинг янги талаби, фронтдаги Суворов хоки ва Бокудан ушлаб келтирилган қирғиз божхоначиси — кун дайжести

Сўнгги кун ичида жаҳонда содир бўлган муҳим воқеалар, ҳодисалар шарҳи билан яна одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Ғазо секторида АҚШнинг янги инсонпарварлик ёрдами осмондан ташланганда 18 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Америка самолётлари 46 минг бирлик озиқ-овқат маҳсулотларини парашют билан ташлаган. Айрим юклар одамларнинг устига тушган, айримлари эса очиқ денгизга. Овқатга талашиб, тиқилинчда ўлганлар ҳам бор, ҳалок бўлган 18 одамдан 12 нафари денгизда чўкиб кетган.

Шу сабаб ҲАМАС Ғарб давлатларини Ғазога бу тарзда ҳаводан ёрдам юборишни тўхтатишга чақирди.

ҲАМАС вакиллари ҳаводан инсонпарварлик юкларини ташлаш «нотўғри, ноўрин ва фойдасиз» деб атаган. Ушбу ҳолат жамоатчилик ичида тартиббузарлик ҳолатлари урчишига олиб келгани маълум қилинган.

Ушбу ҳолат ҳаводан ёрдам карвонлари жўнатила бошлаганидан бери бир неча бор содир бўлган.

«Биз бу ҳужумкор, нотўғри, номақбул ва фойдасиз тарзда аҳолига ёрдам бериш операцияларини тўхтатишга чақирамиз», — деган ҲАМАС ташкилоти 26 март кунги баёнотида.

Бу орада, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ҲАМАС ва Исроил вакиллари ўртасида ўтаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани маълум қилинмоқда. Исроил томонига кўра, ҲАМАС бемаъни талабларни илгари сурган ва улар умуман келишувдан манфаатдор эмас.

Доҳадаги музокаралар ғазоликлар ёппа очарчилик пайдо бўлишидан хавфсираётган чоғда ўтказилмоқда. Секторнинг 300 минг аҳолиси айни вақтда очдан ўлиш истиқболи билан тўқнаш келган. 

Украинага ёрдам

Франция Украинага 78 дона Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмасини беради ва снарядлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтиради, деган Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню.

Лекорнонинг аниқлик киритишича, Франция, Украина ва Дания ўртасида 155 миллиметрли Цезар ўзиюрар гаубицаларини молиялаштириш тўғрисида келишув имзоланган ва энди бу Францияга Caesar’ларни зудлик билан Украинага етказиб бериш имконини беради.

Франция, шунингдек, Украинага 2024 йил ичида 155 миллиметрли тўплар учун 80 минг дона снаряд етказишни мақсад қилган.

Жаҳон банки Украинага 1,5 млрд доллар қарз ажратишни маъқуллади

Март ойи охиригача Украина Британия ва Япония кафолати остида Жаҳон банкидан 1,5 млрд доллар миқдорида қарз олади.

Бу маблағнинг асосий қисми – 984 млн доллари Япония ҳукумати кафолати, 516 млн доллари эса Британия кафолати бўйича берилади. Маблағлар жорий йилнинг март ойи охиригача Украина бюджетига тушиши кутилмоқда. Ушбу маблағлар ижтимоий ва гуманитар мақсадларга сарфланади.

АҚШ президенти Байден Украинага ёрдам ажратиш учун бойлардан олинадиган солиқни ошириш ҳақида гапирар экан, Путинни ҳам тилга олиб, уни иккинчи бор «қассоб» деб атаган.

«Бу пулларни нима қилишимиз мумкинлигини тасаввур қилинг. Биз федерал бюджет тақчиллигини сезиларли даражада камайтирамиз. Кетма-кет бажаришимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Булар қаторида Украинани «қассоб» Путиндан ҳимоя қилиш ҳам бор», — деган Байден.

Украина фронтига оид яна бир воқеа тафсилоти ошкор бўлди.

Украина қуролли кучлари саркарда Суворовнинг хокига сиғинаётган россиялик офицерларга қарата зарба бергани маълум қилинмоқда. Воқеа ўтган жума куни Запорижжя областининг Россия томонидан оккупация қилинган қисмида рўй берган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг фармойишига кўра, Суворовнинг хоки Қримдан келтирилиб, фронт чизиғи бўйлаб олиб ўтилиши керак бўлган. Россия томонининг хабарига кўра, ракета зарбаси натижасида 4 нафар офицер ўлган, 7 киши яраланган.

Суворовнинг хокига эса айтарли ҳеч нарса қилмагани айтилмоқда. 

Зеленский Путин ҳақида

«Crocus City Hall»да уюштирилган теракт ортида Украина турибди, дея иккинчи бор таъкидлаб ўтган Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларини шарҳлар экан, Украина президенти Володимир Зеленский уни «касал ва сурбет мавжудот», деб атаган.

«Бугун Путин яна ўзи билан ўзи гаплашди ва буни яна телевидение орқали трансляция қилишди. У яна Украинани айбламоқда. Касал ва сурбет одам. Унинг учун ҳамма террорчи, ўзидан бўлак, ҳолбуки айнан у йигирма йилдан буён террор билан шуғулланмоқда. У ва унинг махсус хизматлари», — деган Украина президенти ўзининг ҳар кунлик тунги чиқишида.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Путин йўқ бўлгачгина «террор ва зулмга эҳтиёж ҳам у билан бирга йўқ бўлади, чунки бу унинг талаби».

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников «Crocus City Hall»даги теракт учун ушланганлар аллақачон «Украинанинг қўли»ни тан олиб бўлишганини таъкидлаган.

«Ушланганлардан олган илк маълумотларимиз буни тасдиқламоқда. Шу сабабли биз ахборотни янада тўлдиришда, Украина томонининг иштироки ва алоқадорлиги бор-йўқлигини аниқлашда давом этамиз. Нима бўлганда ҳам ҳозирча бундай дейишимиз учун асос бор», — деган ФХХ директори.

Бортников жангарилар ташқаридан ёрдамсиз терактни тайёрлай олмаган бўлишига урғу берган. Аввалроқ Бортников ушбу теракт «Украинадаги Ғарб махсус хизматларига Россияда вазиятни издан чиқариш ва саросима пайдо қилиш учун» керак бўлганини таъкидлаган эди.

Дарвоқе, Украина президенти Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Даниловни истеъфога чиқарди Унинг ўрнини Украина ташқи разведка хизмати раҳбари бўлиб ишлаб келган Олександр Литвиненко эгаллади. 

Бокудан Бишкекка экстрадиция

Қирғизистон Божхона қўмитаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Бокудан ушлаб келинди. У билан бирга унинг акаси, «Ўшгаз» идораси раҳбарининг собиқ ўринбосари Тилак Матраимов ҳам келтирилган.

2024 йилнинг январ ойида Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимовга нисбатан қидирув эълон қилган эди. У шахсларни куч ишлатиб озодликдан маҳрум этишда гумонланмоқда.

2021 йилда Райимбек Матраимов божхонадаги коррупция иши фигурантига айланган эди. У 2015–2017 йилларда божхона қўмитасида раис ўринбосари бўлганида Хитойдан келтирилган автомобилларни рўйхатга олиш бўйича найрангларда иштирок этишда айбланган. Матраимов тергов билан ҳамкорлик қилиб, 22 млн доллар зарарни қоплаган эди.

Райимбек Матраимовнинг акаси Тилакдан ташқари яна икки ака-укаси Искандар ва Ислом Матраимовлар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига келтирилгани хабар қилинмоқда.

Райимбек Матраимов 2010 йилларда Қирғизистонда божхонага катта таъсири бор, ҳукуматда кенг алоқаларга эга инсон сифатида танилган эди. Матраимовлар кланига ўнлаб бинолар, йирик транспорт компаниялари, омборхона ва бошқа нарсалар тегишли бўлган. Сўнгги йиллар ичида Матраимовлар оиласи божхонадаги позицияларидан маҳрум этилиб, Қирғизистондаги активларининг бир қисмидан ҳам мосуво бўлган.

Мавзуга оид