18:40 / 29.03.2024
9163

Халқаро суднинг Исроилга талаби, Дуровдан террорга чеклов ва Қозоғистон элчихонаси огоҳлантириши — кун дайжести 

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазодаги энг йирик тиббиёт муассасаси Аш-Шифо касалхонасига рейд уюштириб, 200 кишининг ўлимига сабаб бўлган, деб хабар беради  Anadolu агентлиги.

Хабарга кўра, Исроил кучлари фавқулодда буйруқ бериб, касалхонада тўпланганларни бинонинг бошқа қисмида йиғмоқчи бўлган. Буйруққа итоат қилмаганлар отиб ташланган.

Бир қатор араб нашрлари қурбонлар сони аслида бундан-да кўпроқ эканини хабар қилган. Исроил армияси ҳудудга журналистлар киришини чеклаб қўйгани боис, у ердан аниқ ва ишонарли маълумотлар олишнинг имкони йўқ.

Шу кунгача Исроилнинг тинимсиз ҳужумлари ва қамали туфайли Ғазода ҳалок бўлганлар сони 32,5 мингга етган. Қарийб 75 минг киши турли даражаларда ярадор бўлган. Биргина кечанинг ўзида Ғазода яна 13 киши ўлдирилган.

БМТ маълумотларига кўра, Исроил агрессияси Ғазо аҳолисининг 85 фоизини ўз турар жойларини ташлаб чиқишга мажбур қилинган. Фаластин экславидаги уйлар ва инфратузилма объектларнинг 60 фоизига зарар етган ёки буткул вайрон бўлган.

БМТ Халқаро суди 28 март пайшанба куни Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвоси бўйича бир қатор қўшимча вақтинчалик чоралар ҳақида қарор чиқарди ҳамда Исроил армиясидан Ғазода фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни талаб қилди.

«Суд Исроилдан ўз қуролли кучлари Ғазо секторидаги фаластинликларнинг ҳуқуқларини бузувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслигини, шу жумладан, шошилинч инсонпарварлик ёрдамини етказишга халақит бермаслигини таъминлашни талаб қилади», — дейилади суд матбуот релизида.

ҲАМАС эса Ғазога инсонпарварлик етказиш бўйича бу суд қарорига уни қисқа муддатларда амалга оширишни таъминловчи мажбурлов механизми кераклигини таъкидламоқда.  

Украинадаги уруш

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Россиянинг май ойида юз бериши мумкин бўлган қайта босқинига тайёр эмаслигини таъкидлаган.

Украина қуролли кучлари айни пайтда фронт чизиғини барқарорлаштиришга муваффақ бўлган, бироқ агар иттифоқчилар қурол-яроғ етказишни пайсалга солаверса, Россиянинг қайта босқинини ушлаб туриш борган сари мураккаблашиб бораверади.

«Агар Украина таслим бўлса, Путин совет империясини тиклашга киришади ва унинг кейинги юришларини Қозоғистон, Болтиқбўйи давлатлари, Полша ва Германияда — камида Германиянинг ярмида кутаверасизлар», — деган Зеленский CBS News’га берган интервюсида.

Ўтган қиш шарқий фронтдаги Украина қисмлари учун жуда оғир келган, бироқ Россия қўшинларининг илгарилиши тўхтатилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, айни дамда вазият артиллерия ва бошқа қурол-яроғлар катта тақчиллиги юзага келган 2-3 ой аввалгидан яхшироқ. Тақчиллик туфайли Авдийивка ташлаб чиқилган, сўнгра Россия қўшинлари кичикрок қишлоқларни эгаллаб пича олдинга силжиган. «Лекин биз бошқа йирик қарши босқинни кўрмадик», деган президент.  

Украинага ёрдам

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Конгрессини Украинага ёрдамни маъқуллашга чақирди. У АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан телефон орқали суҳбатда ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини тезда қабул қилишни сўраган.

Зеленский Жонсонга «жанг майдонидаги вазият, айниқса, Россия ҳаво ҳужумининг кескин кучайиши ҳақида» маълумот берган. Бундай вазиятда Конгресснинг Украина учун ёрдамни тезда қабул қилиши жуда муҳим, деган Украина президенти.

Йил бошидан бери Россиянинг Украинага берган зарбаларининг умумий қуввати 9 килотоннадан ошди, деган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров. Умеровга кўра Россиянинг Украина ҳудудидаги нишонларга берган зарбаларининг 97 фоизи фуқаролик инфратузилмасига тўғри келган.

Умеров БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларини келтирган. Унга кўра, «сўнгги уч ойда БМТ томонидан тасдиқланган 1804 тинч аҳоли орасидаги қурбондан 712 нафари ракета ҳужумлари сабаб ҳалок бўлган». 

Қозоғистон фуқароларини огоҳлантирди

Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси хавфсизлик нуқтайи назаридан ўз фуқароларини сўнгги пайтларда Россиянинг ракета зарбаларига тобора кўп дучор бўлаётган Украинанинг Одесса ва Харкив областларини тарк этишга чақирди.

«Украинанинг Одесса ва Харкив вилоятларида кучайиб бораётган кескинлик ва беқарор вазият муносабати билан Қозоғистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси Қозоғистон фуқароларига ушбу ҳудудларни тарк этиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилади», — дейилади элчихонанинг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Элчихона қозоғистонликларга Украинадан чиқиб кетишни қуруқликдан Полша ёки Молдова орқали амалга оширишни маслаҳат берган. 

ЖАРда йирик автоҳалокат

Жанубий Африка Республикасида автобус кўприкдан қулаши оқибатида 45 киши ҳалок бўлган, бир киши оғир жароҳатланган, деб хабар беради CNN.

Автобус диндорларни Пасха анжумани бўлиб ўтадиган Лимпопо провинциясига олиб борувчи тоғ довонида автоҳалокатга учраган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, кўприкдаги тўсиққа бориб урилган ва натижада автобус кўприкдан қулаб тушиб, ёниб кетган. Автоҳалокатда саккиз яшар қизча омон қолган ва касалхонага ётқизилган. 

Telegram’да спам чеклови

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров террорчилик актлари содир этишга чақираётган аккаунтлар аниқланиб, пайдар-пай блок қилинаётгани, мессенжер зўравонликка тарғиб жойи эмаслигини таъкидлади.

«4 кун муқаддам Telegram’нинг русийзабон фойдаланувчилари нотаниш кимсалардан терактларга чақирув борасида ёзишмалар бўлаётгани ҳақида шикоят қила бошлашди.

Бундай шикоятлар олинганидан бир соат ўтиб, биз бу фаолликнинг олдини олиш учун бир қатор техник ва ташкилий чораларни қўлладик.

Натижада бундай хабарлар жўнатишга бўлган ўн минглаб уринишларнинг олди олинди ва бу флэшмобда иштирок этаётган минглаб фойдаланувчилар ўзларининг Telegram аккаунтлари умрбод блокланишига дучор бўлишди.

Келгуси ҳафтанинг бошидан бошлаб Россия, Украина ва Беларусдаги барча фойдаланувчиларга ўзларига шахсий ёзишма жўната оладиганлар доирасини чеклай олиш имконияти тақдим этилади. Биз шунингдек, сунъий идрок асосида исталмаган ёзишмаларни янада самаралироқ филтрлаш ечимларини жорий этмоқдамиз.

Telegram — ноқонуний жўнатмалар ва зўравонликка чақирув жойи эмас», — деб ёзган Павел Дуров. 

Top